Фан-техника | 21:30 / 12.10.2017
82245
3 дақиқада ўқилади

Унутилган машиналар: Уфа остонасида 1,5 мингта «Daewoo» жойлаштирилган тураргоҳ топилди

Унутилган тураргоҳда тўртта соқчилик пости, баланд девор ва кўплаб камералар бор

Бошқирдистон пойтахтидан узоқ бўлмаган жойда уфаликлар «Daewoo» русумидаги улкан автомобилларнинг тураргоҳига дуч келишган, деб ёзади «Комсомольская правда — Уфа». Машиналарнинг сони бир ярим мингга яқин. Тураргоҳда «Матиз», «Жентра»ларни учратиш мумкин, бироқ энг кўп майдонни «Нексия»лар эгаллаб турибди. Тураргоҳ кузатув камералари билан жиҳозланган, атрофи баланд девор билан ўралган ва тўртта соқчилик пости ўрнатилган.

«Комсомольская правда» мухбири бу автомобиллар кимга тегишли эканлиги, улар чиндан ҳам унутиб ташлаб кетилганми-йўқлигига аниқлик киритмоқчи бўлган.

— Бир неча муддат аввал автосалонда ушбу автомобилларни сотишни тақиқлашган, чунки солиқдан катта қарздорлик вужудга келган. Шунда автомобилларни Ўзбекистонга қайтариб олиб кетишга ҳаракат қилишган, лекин бунинг уддасидан чиқишмаган — божхонада маълум бўлишича, ушбу автомобилларга нисбатан ҳибс жорий этилган экан, — деган «Комсомольская правда»га ўз манбаси.

Шундан сўнг судда иш кўриб чиқилганга қадар уни махсус тураргоҳга жойлаштиришга келишишган. Суд жараёни чўзилиб кетиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ушбу машиналар икки йилдан буён ўша ерда сақланмоқда.

Уфадаги хорижий автомашиналар билан савдо қилувчи автосалон эса ишламаяпти — у бир йилча муқаддам ёпилган.

Унинг қошида фақат таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатиш маркази қолган, у ердагилар яқин орада расмий дилер иш бошламаслигини маълум қилишган.

«Комсомольская правда» ушбу вазият юзасидан суд ижрочиларига сўров жўнатган. Идора яқин кунларда масалага оид ўз жавобини тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг ноябридан 2016 йил баҳорига қадар «Ўзавтосаноат» АК раҳбари ўринбосари, параллел равишда GM Uzbekistan қўшма корхонаси бош директори лавозимида Тоҳир Жалилов ишлаган эди.

Мавзуга оид