Жамият | 11:35 / 18.10.2017
7201
3 дақиқада ўқилади

«Правда Востока» ўзбек тилида ҳам фаолият бошлади

Газетхонлар билан учрашувларда халқимиз вакиллари газетамизда ранг-баранг мавзуларда қизиқарли материаллар мунтазам чоп этилаётганини алоҳида таъкидлагани ҳолда, «Правда Востока»нинг ўзбек тилидаги варианти йўқлигидан катта таассуф билдирар эдилар, деб ёзади газетанинг расмий веб саҳифаси.

Жамоатчиликнинг бу борадаги ҳақли талабларини эътиборга олиб, 21 октябрь — «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган сананинг 28 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда газетамиз таҳририяти жамоаси хайрли ишга қўл урди: «Правда Востока»нинг материалларини ўзбек тилида ўқиш имконияти яратилди. Бугундан «Правда Востока Online» веб-нашри она тилимизда юз очди.

Бу ўтган баҳорда 101 ёшга қадам қўйган газетамиз ҳаётидаги унутилмас кун – улкан тарихий воқеадир. Бир аср мобайнида нашримиз Ўзбекистон тарихининг солномачиси бўлиб келди. Лекин у ҳеч қачон ўзбекнинг, Ўзбекистоннинг манфаатларини бугунгидек улкан меҳр, юксак қатъият ва собитқадамлик билан ҳимоя қилмаган. Унинг она тилимизда чоп этила бошлаганининг замирида ҳам аслида ана шу меҳр ва садоқат мужассам. Бу, аввало, Ватанимиз истиқлолининг шарофати, мамлакатимизда эрк ва озодлик, демократия тамойиллари тобора мустаҳкам қарор топаётганининг, давлатимиз раҳбари томонидан оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг самарасидир.

Газетамиз жамоаси мамлакатимиздаги етакчи матбуот нашрлари орасида биринчи бўлиб, таъбир жоиз бўлса, янги аср сари қадам қўйди – «Правда Востока Online» веб-нашри фаолиятини амалда татбиқ этишга киришди. Дунёнинг йирик нашрлари синовидан ўтган ва илк бор Ўзбекистонда амалда татбиқ этилаётган бу тажриба «ПВ» мухбирлари фаолияти доирасини янада кенгайтириш ва жадаллаштириш имконини беради.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган ва ўзбек ҳамда рус тилларида нашр этилаётган «ПВ Online» ўқувчиларни мамлакатимизда ва жаҳонда юз бераётган энг сўнгги янгиликлар, долзарб мавзулардаги мақолалар, суҳбатлар ва ранг-баранг суратлар билан таъминлашни режалаштирган.

Марҳамат, www.pv.uz манзилидан жой олган «Правда Востока Online» хабарларидан ўзбек тилида ҳам баҳраманд бўлинг, — дейилган «Правда Востока» таҳририятининг мурожаатида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид