Спорт | 17:20 / 19.10.2017
22433
10 дақиқада ўқилади

Чемпионлар лигасида 3 тур ўйинлари. Кимда имконият қандай?

«Трибуна» чоршанба оқшомида бўлиб ўтган Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувларини сарҳисоб қилади.

Рэшфорд - Шевченкоми ёки Рональдино

А гуруҳи
«Бенфика» - «Манчестер Юнайтед» 0:1
Гол:
 Рэфшфорд, 64

Португалия «бургутлари» учинчи ўйинда ҳам мухлисларини ранжитди. Лиссабонда «МЮ»га қарши ўйнаган жамоа яхши ҳимояланди, аммо Маркус Рэшфорд турнирда майдонга тушган энг ёш дарвозабонни йиғлатди. Унинг жарима зарбасини ушлаган дарвозабон, тўп билан бирга дарвоза ичкарисига кириб кетди - 0:1.

Рэшфорд бу зарбаси орқали бир вақтнинг ўзида Шевченконинг 1999 йили Филимонов дарвозасига урган голини ва Роналдиньо 2002 йили Дэвид Симэнга урган голини эслатиб юборди.

Ўйин охирида 18 ёшида Чемпионлар лигасида ўйин ўтказган ва тарихга кирган Миле Свиларни «МЮ» футболчилари Ромелу Лукаку ва Дэвид де Хеа юпатишди.

Бу натижадан кейин «Бенфика»да гуруҳдан чиқиш учун амалда имконият қолмади, жамоаси 3 ўйинда 3 ғалабага эришган Жозе Моуриньо эса барчасидан рози.


ЦСКА - фақат ноль

ЦСКА – Базель – 0:2 (0:1)
Голлар: Чака, 29 – 0:1. Оберлин (Чака), 90 – 0:2.

Бир кун олдин «Севилья»ни йирик ҳисобда мағлуб этиб «Спартак» россиялик мухлисларни қанчалик хушнуд қилган бўлса, «Базель»га қарши ўйинда ҳеч нарса қила олмаган ЦСКА уларни шу қадар ранжитди. 

Москваликлар жамоаси бу ўйинда жуда ёмон ҳимояланишди, иккита гол ўтказиб юборилди, шу билан бирга ҳужумда жуда ёмон ҳаракат қилишди - рақиб дарвозаси томон бирон марта аниқ зарба йўлланмади. Энди ЦСКА Европа Лигаси йўлланмаси учун «Бенфика» билан рақобатлашади.

31 октябрь. Базель – ЦСКА, Манчестер Юнайтед – Бенфика.


Хайнкес ва ностальгия

В гуруҳи
Бавария – Селтик – 3:0
Голлар: Мюллер (17), Киммих (29), Ҳуммельс (51).

«Кечувда отларни алиштирган», бошқарувга Юпп Ҳайнкесни қайтарган «Бавария» янги босқични бошлади. Қайтишидан кейинги илк ўйинда йирик ғалабага эришган Ҳайнкес Чемпионлар лигасида ҳам йирик ҳисоб қайд этди. «Селтик»ка қарши ўйиннинг бошидаёқ немислар 2та гол уришди, аввалига Киммиҳ Мюллерни голли пас билан таъминлади, кўп ўтмай унинг ўзи гол муаллифига айланди.

Бу ўйинда майдонга тушган Арьен Роббен ЕЧЛда 100 ўйин ўтказган иккинчи нидерландиялик футболчига айланди. Фақат Кларенс Зеедорфнинг натижаси ҳозирча уникидан яхшироқ (125 ўйин). Роббенда Зедорфни ортда қолдириш учун ҳали имконият бор. У юбилей учрашувида Ҳуммельс урган учинчи голга пас берди.


Европани титратаётган учлик

Андерлехт – ПСЖ – 0:4
Голлар: Мбаппе, 3. Кавани, 44. Неймар, 66. Ди Мария, 88.

«ПСЖ» Европадаги рақибларини янчиб ташлашда давом этмоқда. Парижликлар бу мавсумда ҳали мағлубиятга учрамаган жамолардан бири бўлиб қолмоқда, ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги 3 ўйинда ҳам ғалабага эришди. Бу уч ўйинда жами 12та гол урилди ва битта ҳам гол ўтказилмади.

Килиан Мбаппе ҳисобни очиш орқали Чемпионлар лигасида гол урган 21 ёшгача бўлган футболчилар орасида энг самарадор футболчига айланди. Ушбу ёш француз турнирда урган голлари сонини 8тага етказди. Бу орқали у Патрик Клюйвертни ҳам ортда қолдирди.

Кавани биринчи бўлим охирида гол уриш орқали ЕЧЛда қаторасига 7 ўйинда гол урган учинчи футболчи бўлди. Фақат Криштиану Роналду (8) ва Рууд ван Нистелрой (9) ундан олдинда. Уругвайлик футболчи гуруҳдаги қолган 3 учрашувда ҳам гол урса, португалиялик ва нидерландиялик футболчини ортда қолдириб кетиши мумкин.

Неймар жарима зарбасини голга айлантирди, тўртинчи гол Ди Мария томонидан урилди. Парижликларнинг 222 миллион евролик футболчиси учун бу Чемпионлар лигасидаги 24-гол бўлди. У турнирдаги энг самарадор футболчилар қаторида фақат Какадан (30 гол) ортда қолмоқда.

31 октябрь. Селтик - Бавария, ПСЖ - Андерлехт.


Мадридликларда муаммо

С гуруҳи
Қорабоғ – Атлетико – 0:0

Диего Симеоне шогирдлари муаммоларга дуч келмоқда. Жамоа қаторасига тўртинчи ўйиндирки, ғалаба қозона олмади (3 дуранг, 1 мағлубият). Бокуда ғалаба «Атлетико»га сув ва ҳаводек зарур эди. «Матрасчилар» ўтган турда кутилмаганда ўз уйида «Челси»га ютқазган ва гуруҳдаги ҳолатини оғирлаштирганди. Аммо «Қорабоғ» Чемпионлар лигасидаги илк очкоси учун қаттиқ курашди ва мақсадига етди. Мадридликлар ўйиндаги илк зарбасини 30 дақиқа ўтибгина бера олишди.

Озарбойжонликлар бу ўйинда ҳакам қароридан жабрланишди. 75-дақиқада Диего Годин ўз жарима майдончасида Дино Ндловуни йиқитди, ҳакам эса пенальти ўрнига мезбонлар ҳужумчисига иккинчи сариқ карточкани кўрсатди. Аммо озарбойжонликлар камчилик бўлиб қолгач ҳам мардонавор ўйин кўрсатишди. Мадридликлар эса гуруҳдан чиқиш имкониятларини кескин пасайтиришди.


Лондондаги ақлсизлик

Челси – Рома – 3:3
Голлар: Давид Луиз (11), Азар (37, 75) – Коларов (40), Джеко (64, 70)

Чоршанбанинг энг қизиқ ўйини Лондонда бўлиб ўтди. «Челси» ва «Рома» «Атлетико»нинг Озарбойжонда очко йўқотишидан илҳомланиб кетди ва фақат ҳужумда ўйин кўрсатишди. Улар С гуруҳи етакчилиги учун кураш олиб боришди. Лондонликлар Давид Луизнинг чиройли зарбаси билан бошлашди.

Кейинроқ Азар иккинчи голга олиб келган ҳужумни бошлаб, уни ўзи аъло даражада якунлади.

Ички чемпионатдаги охирги турда «Наполи»га ютқазган (0:1) римликлар қаторасига иккинчи мағлубиятга рози бўлишмади. Аввалига Коларов ҳисобни қисқартирди.

«Рома» учун юзинчи учрашувини ўтказган (барча турнирлар доирасида) Эдин Джеко эса иккинчи бўлимда 6 дақиқа ичида 2та гол урди.

Джеко учинчи голини уришга ҳам яқин эди (бу вақтда ҳисоб 3:3 эди, Азар ҳам дубль қайд этганди), аммо тўп дарвоза тўсинидан қайтди. Лондондаги голлар бравадасидан кейин гуруҳда инглизлар ва итальянлар плей-оффга чиқиш учун нисбатан яхши имконият ҳосил қилишган.

31 октябрь. Атлетико - Қорабоғ, Рома - Челси.

 

Мессининг юбилей голи

D гуруҳи
Барселона – Олимпиакос – 3:1

Голлар: (Николау (автогол), 18. Месси, 61. Динь, 64 – Николау, 90.

«Барселона»да бу мавсумда янги тўпурар, венгерча фамилияларни эслатувчи «Автогол». Месси 15 гол урган, жамоанинг иккинчи ҳужумчиси Суаресда 3 гол бор, иккинчи ўринда 5та гол билан Автогол. «Олимпиакос» футболчиси Димитриос Николау ҳам навбатдаги автогол муаллифи бўлди, кўринишидан у «Камп Ноу»да йиғилган каталонларнинг «IN-DE-PEN-DEN-CI-A» («Мустақиллик») дея бақиришидан чўчиб кетган. У 18-дақиқада ҳисобни очди.

Биринчи бўлим охирида «Барселона» яна бир гол урганди, аммо бу гол қўл билан урилган деб топилди жамоа ўн киши бўлиб қолди – такрорий лавҳалар Пике тўпни қўли билан дарвоза тўрига йўналтирганини кўрсатди ва футболчи ўйинни ташқаридан томоша қиладиган бўлди. Бу унинг «Барселона»даги фаолиятида Чемпионлар лигасида илк марта қизил карточка олиши бўлди (92 ўйин).

Греклар иккинчи бўлимни бир киши кўп бўлиб ўтказишганига қарамасдан ҳеч нарса қила олишмади. Каталонияда қуйиб турган ёмғир ва Месси уларга ҳеч қандай имконият бермади, аввалига Месси жарима зарбасини голга айлантирди. Бу унинг ЕЧЛдаги 97-голи, еврокубоклардаги юзинчи голи бўлди. Унинг 2017 йилда урган голлари сони 50тага етди. У кейинроқ Люка Динга голли пас етказиб берди - 3:0.

Николау ўйин охирида номини яна бир бор таблога ёздирди, бу сафар у рақиб дарвозасини ишғол этди 1:3. Ҳозирча «Барса» D гуруҳида йўқотишларсиз кетмоқда.


Туриндаги ирода

Ювентус – Спортинг – 2:1
Голлар: Пьянич, 29. Манджукич, 84 – Алекс Сандро, 12 (автогол)

Ўтган турда «Спортинг» футболчисининг автоголи «Барселона»га ғалаба келтирганди, бу сафар португалияликлар автоголдан фойдаланишди. Туриндаги ўйиннинг 12-дақиқасида Алекс Сандро ўз дарвозасини ишғол этиб қўйгач, «шерлар» жамоаси ҳисобда олдинга чиқди.

Аммо майдон эгалари Туринда қаторасига иккинчи мағлубиятга рози бўлишмади (ички чемпионатнинг охирги турида «Лацио»га мағлуб бўлинганди). Миралем Пьянич жарима зарбасини голга айлантирди ва у уч жамоа сафида ЕЧЛда жаримадан гол урган илк футболчига айланди («Лион», «Рома» ва «Ювентус»), ўйин якунланиши арафасида эса Манджукич «Юве»нинг иродали ғалабасини таъминлади - 2:1.

31 октябрь. Олимпиакос П - Барселона, Спортинг Л - Ювентус.

ЕЧЛда 3 турнинг энг асосий ҳодисалари 

Мавзуга оид