Спорт | 21:30 / 19.10.2017
28045
3 дақиқада ўқилади

Лео Мессининг сеҳрли таблеткаси

НИМА ВОҚЕА ЮЗ БЕРДИ?

Лео Месси Чемпионлар лигасидан ўрин олган "Олимпиакос"га қарши ўйиннинг бош қаҳрамонига айланди. 

У жарима зарбасини чиройли амалга ошириб, еврокубоклардаги 100-голини урди ва Люка Дин голига ҳаммуаллифлик қилди. 

Бундан ташқари, ўйиннинг 10-дақиқасида қизиқ воқеа юз берди. Аргентиналикка нисбатан майдон марказида қоида бузилди. Бош ҳакам жарима зарбаси тепишни кўрсатди. Уни амалга оширгунга қадар, Месси гетрасидан ниманидир олиб, тезда оғзига солди. Воқеа телекамералар нигоҳидан четда қолмади. 
Кимдир уни сақич деб ўйлади, аммо Месси ҳеч нарсани чайнамади. Catalunya Rádio журналисти Рикар Торквемада уни глюкоза таблеткаси бўлса керак, деб тахмин қилди. Шунингдек, Месси аввал ҳам ўйин пайтида бу дорини қабул қилганини айтди.

ГЛЮКОЗА НИМАГА КЕРАК?

Глюкоза таблеткалари узоқ давом этадиган ва катта куч талаб қиладиган мусобақаларда иштирок этувчи ёки узлуксиз машғулот олиб борувчи барча спортчилар томонидан қабул қилинади.

Жисмоний юкламалар пайтида мушак гликогени глюкозага айланиб қолади, инсон вужуди ундан қувват манбаси сифатида фойдаланади. Гликоген захиралари чекланган бўлиб, шу туфайли, шифокор кўрсатмасига биноан, глюкозани қўшимча равишда қабул қилишга тўғри келади.

Глюкозани жисмоний юкламадан олдин ёки кейин қабул қилиш бўйича ҳар хил фикрлар мавжуд. Баъзи мутахассислар машғулотдан сўнг деб айтса, бошқалари машғулот бошланганидан сўнг, 10-15 дақиқа ўтгач деб таъкидлайди. Чунки бу пайтга келиб, инсон вужуди гликоген захирасининг 60% сарфлайди ва мушаклар глюкозанинг қўшимча миқдорига таъсирчан бўлиб қолади. Месси айнан шу йўлни тутган.

"ЛЕО ТАБЛЕТКА ЕБ, ГОЛ УРДИ? УНДА ИККИНЧИСИНИ ҲАМ ЕСИН!"

"Барселона" бош мураббийи Эрнесто Вальверде ўйиндан кейинги матбуот анжуманида, Месси еган таблетка ҳақидаги саволни эшитиб, дастлаб довдираб қолди. Сўнгра ҳазиломуз тарзда жавоб қайтарди: "Лео глюкоза таблеткасини еди? Тўғрисини айтсам, гап нима ҳақда кетаётганини билмайман.

Агар у таблетка еганидан сўнг гол урган бўлса, у ҳолда зудлик билан яна биттасини, яна ҳам яхшироғи, бир жуфтини есин!"

Мавзуга оид