«Ҳали мени соғинасизлар!» - Дани Алвеш (Чемпион ҳикоялари)
Уч ой олдин, «Барселона»нинг «ПСЖ» билан ўйиндаги «камбэк»ини мен уйда, диванимда ўтириб кўрдим. Газеталардаги турли хабарларни ўқиб, худдики, мен собиқ клубимга мағлубият тилаганимни тахмин қилгандирсиз. Йўқ. Укам Неймар жаримадан ажойиб гол урганида, мен ўрнимдан сакраб туриб кетдим ва қичқириб юбордим. Серхио Робертонинг ҳал қилувчи голидан сўнг эса, «Барселона»нинг ҳар қандай мухлиси сингари, тентакка ўхшаб хонамда айланиб югурар эдим. Ҳа, «Барселона» ҳали ҳам менинг қонимда бор экан.
Ўтган ёзда, клубни тарк этаётганимда, мен жамоани, футболчиларни, мухлисларни эмас, аслида клуб раҳбариятни тарк этгандим. Улар менга ёқмайди, очиғини айтаман. Раҳбарлар кетади, ўрнига бошқаси келади, барибир, саккиз йил ўйнаб, бу даврда шунча ютуқларга эришиб, кейин бу жамоани бутунлай кўнгилдан чиқариб ташлашнинг иложи йўқ. Мен «Барселона»дан кетаётганимда, раҳбарларга айтдим:
«Сизлар ҳали мени соғинасизлар!»
Мен ўнг қанот футболчиси Дани Алвешни назарда тутмадим. «Барселона»да ажойиб футболчилар жуда кўп. Улар кўпроқ мендаги руҳиятни соғинишларини айтгандим. Улар ечиниш хонасидаги менинг жамоага бераётган руҳиятни йўқотишаётганди, мен бу жамоа либосини кийган илк кундан бери ҳар доим берадиган қондан маҳрум бўлишаётганди.
Кейинги босқичда «Барселона» биз билан ўйнаш керак бўлганида, тушунрсиз ҳиссиётлар ичида қолдим. «Камп Ноу»да худди ўз уйимга қайтгандек бўлдим, ўйиндан олдин «Барселона» захира ўриндиғига бориб, эски дўстларим билан саломлашдим. «Дани, кел, биз билан ўтир, сенинг ўрнингни сақлаб ўтирибмиз ҳалиям» деб ҳазиллашишди. Майдонга орқа ўгирган ҳолатда, ҳар бир қўлни сиқиб қўяётганимда, тўсатдан ҳакамнинг ҳуштагини эшитдим – ўйин бошланиб бўлганди. Ман майдонга югуриб кетаётганимда, Луис Энрикенинг кулаётгани қулоғимга чалинди. Кулгили ҳолатмиди? Ахир бу Чемпионлар Лигаси чорак финали-ку?
Доим шунақа, мен ҳақимда кўпчилик жиддий ўйлашмайди. Алвеш доимо ҳазил-ҳузул қилиб юрадиган, воқеаларга жиддий эътибор қаратмайдиган футболчи деб ўйлашади. Аммо бир сирни очай, мен доим, Месси, Неймар ёки Криштиану каби дунёнинг энг зўр ҳужумчиларига қарши ўйинга тушар эканман, уларнинг кучли ва кучсиз томонларини таҳлил қиламан. Ундан кейин уларга қарши қандай ўйнашни режалаштираман, мақсадим, бутун дунёга Дани Алвеш ҳам улар билан бир даражада эканини кўрсатиб қўйиш бўлади. Балки бир икки марта улар мендан ўтиб кетишар, албатта, муаммо йўқ. Лекин ўз навбатида мен ҳам ҳужум қиламан. Мен кўринмас одам бўлиб қолишни истамайман, мен ҳам саҳнада бўлишга интиламан. 34 ёшимда, 34 совриндан сўнг ҳам, ҳар доим майдонга тушаётганимда буни исботлашга эҳтиёж сезаман. Аслида бу янаям бошқача ҳикоя.
Ҳар бир ўйин олдидан мен ойнанинг қаршисида 5 дақиқа туриб қоламан ва ҳаммасини унутаман. Менинг кўз олдимда бир фильм бошланади. Мен ҳар ўйин олдидан бутун ҳаётим ҳақидаги ушбу фильмни томоша қиламан. Қайта-қайта.
Биринчи кадрда мен 10 ёшдаман. Жуазиродаги уйимизда, бетон каравотда ётибман. Тагимдаги матрас кичик бармоғингиздан ҳам юпқа. Ташқарида ҳали тонг отмади, соат тахминан 5.00, лекин мен, ўн яшар болакай мактаб вақти бўлгунча дадамга ёрдам бериш учун ўрнимдан туришим керак. Акам билан отам ишлаётган далага чиқамиз. У аллақачон ўша ерда ишлаётган бўлади – орқасига оғир бочкани илиб олиб, ўсимлик ва дарахтларга дори сепади.
Биз ўша бочкаларни ишлатиш учун жуда ёшмиз, кучимиз етмайди, аммо барибир унга ёрдам берамиз. Бу шунчаки, яшаш учун кураш. Кейинги бир неча соат мен акам билан рақобат қиламан, чунки ҳар куни иш тугагач, отам ким яхшироқ ишлаганини айтади. Мукофот сифатида эса, куннинг энг меҳнаткаш боласига оиламиздаги ягона велосипед тегади.
Бу жуда муҳим, чунки агар мен ютқазсам, фермадан мактабгача 12 мил йўлни пиёда босиб ўтишим керак. Пиёда қайтиш янаям ёмон, чунки маҳалламизда ҳар куни бўладиган ўйинга улгура олмайман, менсиз футбол бошланиб кетган бўлади. Агар велосипедни ютиб олсамчи? Унда мактабда кетишда бирор қизни ҳам миндириб олиш мумкин. Ҳеч бўлмаса, 12 миллик йўл давомида ўзимни ҳақиқий эркакдек ҳис қиламан. Шунинг учун ҳам кўпроқ, яхшироқ ишлашга ҳаракат қиламан.
Яна отамга қарайман, ўша оғир бочкани кўтариб кунни кеч қилади. Тунда эса, кичкина барда ишлайди, оилани боқиш учун қўшимча пул ишлашга интилади. Билишимча, у ёшлигида жуда кучли футболчи бўлган, лекин катта шаҳарларга бориб, ўзини скаутларга кўрсатиш учун пули етмаган. Балки шунинг учун, у тинмай ишлайди, ҳеч бўлмаса, менда шундай имконият бўлишини истар...
Мана шу ерда экран қораяди ва кейинги лавҳага ўтади.
Бугун якшанба ва биз оиламиз билан оқ-қора телевизорда футбол кўриб ўтирибмиз. Антеннанинг атрофини темирдан ясалган бир нима билан ўраб қўйганмиз, шундай қилинса шаҳардан сигнал яхшироқ келади. Биз учун бу ҳафтанинг энг яхши куни экани шубҳасиз. Ҳамма хурсанд.
Кейинги лавҳа.
Отам мени эски машинасида шаҳарга олиб кетяпти. У ерда мен бир неча скаутга ўзимни кўрсатишим керак. 13 ёшимда оиламдан узоқда, шаҳардаги футбол академиясида қолишга мажбур бўлдим. Кичик ётоқхонада юзга яқин болалар яшайди ва бу ер худди қамоқхонага ўхшайди. Бу ерга келишимдан олдин отам шаҳарга бориб янги футбол кийими олиб берганди. Бу билан у менинг кийимларим икки баробар кўпайди – чнуки ўзи биттагина спорт кийимим бор эди холос.
Биринчи кунги машғулотлардан кейин, кийимимни қуритиш учун илиб қўйгандим, эртасига қарасам, йўқ, кимдир ўғирлаб кетибди. Мана шу ерда бу энди менинг қишлоғим эмаслигини, мана бу ер ҳақиқий ҳаёт эканини англагандек бўламан. Хонамга қайтганимда жуда очман, биз куни билан шуғулланамиз, шунинг учун ҳам егулик етишмайди. Тўғриси, бу ерда жудаям зўр футболчи эмасман, нари борса, 100 бола ичида 51-ўринларда турсам керак, балки шунинг учун мактаб ёқмайди, уйга кетгим келаверади. Лекин...
Ўзимга «отанг сен билан фахрланмагунча, уйга қайтмаслигинг керак» – дейман. «Тўғри, сенинг иқтидоринг 51-ўриндадир, аммо сен жангчи бўлишинг керак, ортга чекиниш мумкин эмас».
Экран қораяди ва кейинги лавҳа бошланади.
Мен 18 ёшдаман. Бразилия лигасида ўйнаётган бир пайтимда ёнимга келган бир агентнинг айтишича, менга «Севилья» қизиқаётганмиш.
«Севилья? О, зўр-ку!» – дейман мен.
«Сиз ўзи биласизми Севилья қаердалигини?», – деб сўрайди агент.
«Албатта, мен Севилья қаердалигини биламан. Ооо, Севильяяяя, менга жуда ёқади».
Аслида, ҳеч нарса билмайман. Балки бошқа планетададир, балки ойдадир, хуллас у кўзларини катта очиб «Севилья» деганидан билдимки, бу жуда муҳим. Орадан кунлар ўтиб, суриштиришни бошлайман ва «Севилья»нинг «Реал» ва «Барселона» каби жамоаларга қарши ўйнаб юришини эшитаман. «Агора!» – португалчада бундай ҳолатларда айтиладиган сўз, кўпроқ ҳайратни, бирор нарсанинг пақ этиб портлаб кетишини англатади. Шунақароқ ҳиссиёт.
Кейинги лавҳа бошланади.
Мен энди Севильядаман. Футболчилар менга ёшлар жамоасининг ўйинчисидек муомала қилишади, уларнинг тилини билмайман, мураббийнинг ҳам мен билан иши йўқдек. Олдинда фаолиятимдаги энг ёмон олти ой кутиб турибди. Ҳатто уйга қайтиб кетгим ҳам келиб қолган палла.
Аммо кейин, мен бир пайтлар отам менга олиб берган ва ўғирлатиб қўйганим спорт кийимим эсга тушади. Орқасига оғир дорилаш аппаратини осиб олган отамни кўз ўнгимдан ўтказаманда, сўнг, бу ерда тил ўрганиш керак бўлса ўрганиб, дўст керак бўлса дўст топишим шарт, вазиятни ўзгартиришим керак, камида тажриба тўплаб, Бразилияда яхшироқ футболчи бўлишим мумкин-ку, дея бошлайман ўзимга.
Мавсум бошланаётганда мураббий ҳаммага айтади: «Севилья»да ҳимоячилар майдон марказидан уёғига ўтмаслиги керак. Ҳеч қачон».
Футбол ўйнаяпман-у, кўзим майдон марказидаги ўша чизиқда. Ҳовлидаги панжарадан ўтгани қўрқиб акиллаб турадику кучуклар, ўзимни шунга ўхшатворардим. Қайсидир ўйин пайтида, нимагадир ҳаммасини унутдим ва чизиққа ҳам эътибор бермай олдинга бора бошладим. Мен ўзлигимга хиёнат қилмаслигим керак. «Агора!» дейман ўзимга ўзим ва олдинга ташланаман, Тамом.
Ўйиним мураббийни ҳам сеҳрлаб қўйди чоғи, мураббий мени олдига чақириб деди:
«Окей, Дани, янги режа. Ҳужум қилишинг мумкин».
Лигада қолиш учун курашаётган жамоадан бир неча йилда икки марта УЕФА кубогини боши узра кўтарган клубга айландик.
Экран қораяди ва кейинги лавҳа бошланади.
Телефон жиринглади. Агентим «Дани, «Барселона» сен билан қизиқяпти» деди. Мен энди олдингидек аҳмоқона кўринмайман, чунки энди Барселона қаерлигини жуда яхши биламан.
Ҳар доим, ҳар ўйин олдидан, мен ойнага қараб турганимда, мана шу фильм ҳар доим менинг калламда чархпалакдек айланаверади. Ўйиндан кейин, ечиниш хонасига кетаётиб ҳам, шу ҳақида ўйлайман ва ўзимга ўзим дейман – «Дани, сен ҳеч ким эмасдинг, ҳозир эса бу ердасан. Ишониш қийин, аммо шу ергача кела олдинг».
18 ёшимда, «Барселона»га қарши ўйнайдиган жамоа сафида ўйнаш учун океан оша келгандим, эндичи? «Барселона»нинг ўзида ўйнаш имконига эга бўлишчи?
Бу ажойиб эди. ҳақиқий даҳо билан елкама-елка тўп суриш! Эсимда, машғулотлардан бирида Месси тўп билан шундай ҳаракатлар қилдики, ҳеч қандай мантиқ буни ўзига сиғдира олмасди. Албатта, у бу ишни ҳар куни қиларди, аммо бу сафар янаям эътиборимни тортганди. Шу билан бирга, айтишим керакки, бу машғулотлар ҳақиқий эди, биз бор куч билан ҳаракат қилардик, Месси эса, осонлик билан орамиздан ўтиб кетар ва совуққонлик билан ишини бажарарди.
Бир пайт қарасам, у ҳатто бутсаси боғичларини ҳам боғламаган, тасаввур қиляпсизми, у бизга, дунёнинг энг яхши жамоаси ҳимоячиларига қарши худди дам олиш кунлари паркда машғулот ўтаётгандек ўйнаётганди. Ўшанда англаб етдимки, умрим давомида бошқа у каби кучли футболчини кўрмайман.
Ва албатта, Пеп Гвардиола ҳақида ҳам айтишим шарт.
Пеп сизга ўйин бошланмасдан олдин, бу ўйинда нималар бўлишини айтиб бера олади. Масалан, 2010 йилда «Реал»ни 5:0га ютган ўйинимизни эслайсизми? У ўша ўйиндан олдин бизга шундай деганди:
«Тўпни гўёки, оловли шар каби назорат қилинг, яъни умуман оёқларингиз орасида қолиб кетмасин. Ярим секунд ҳам тўпни ушламанг. Ана ўшанда улар сизга босим ўтказа олишмайди. Биз осонлик билан ютамиз».
Ҳар бир ўйин олдидан у шундай тушунтирардики, биз майдонга 3:0 ҳисобида ютаётгандек тушиб келардик, ўзимизга бўлган ишончимиз шу қадар ошиб кетган бўларди. Энг қизиғи, масалан, ўйинимиз қовушмаганда, биз танаффусда ечиниш хонасида йиғилганимизда бўларди. Пеп ўтириб олиб, пешонасини қашлай бошлайди, кўп кўргансиз-а уни, шунақа ҳолатда? Худди шу тариқа у миясини ишқалаб, Оловуддин жинни чақиргандек, ичидаги даҳони чақира бошлайди, гўё. Даҳо келгач, кўзлари чақнаб кетади - «Бўлди, тушунарли!»
Сакраб ўрнидан туради-да, доскага математика домласи каби қанақадир сонларни, схемаларни чизиб ташлайди – «мана шундай ҳаракат қилсак, гол урамиз».
Пеп менга тўпсиз ўйнашни ўргатган илк мураббийдир. У нафақат футболчиларнинг ўзгаришини, бошқача ўйнашини талаб қиларди, балки бу нима учун кераклигини тушунтириб ҳам бера оларди. Ўша «Барселона» қайсидир маънода енгилмас эди ва биз майдонда фикрламай ҳам қўйгандик, ҳаммасини хотирамиз ҳал қиларди – биз бу ишни олдин ҳам қилгандик, худди ўшандай ўйнасак, тамом. Мана шунинг учун «Барселона» доимо юрагимда қолади.
Мана шунинг учун ҳам, биз чорак финалда «Барселона»ни ютганимиздан кейин, укам Неймарнинг олдига келиб юпатаётганимда, унинг йиғлаётганини кўриб, менинг ҳам қайсидир бўлагим йиғлаганди.
Мен бу гапларни нега ёзяпман? Мен 34 ёшдаман ва яна неча йил футбол ўйнашимни билмайман. Икки йилдир, балки уч йил. Лекин барибир, гўё одамлар мени тушунмаётгандек, мени бошқача одам деб тасаввур қилишаётгандек бўлаверади.
«Ювентус»га борганимда ўша эски ҳиссиётларим қайталанди, худди 13 ёшимда академиядан, 18 ёшимда Севильядан кетмоқчи бўлганимдек, 33 ёшимда Италиядан қайтиб кетгим келаверди. Италияда бутунлай бошқача футбол мактабига дуч келгандим, бу ерда олдингидек ҳужумкор бўла олмайман, Италияда кўпроқ ҳимоядаги ишончлиликни қадрлашади. Мен яна ўша эски кучукчага айландим, манови чизиқни тарк этмаслик ҳақида ўйлай бошлагандим.
Хўш, нима қилай? Аввалига, бормадим. Мен «Ювентус» футболчиларига уларнинг қадриятларини, қоидаларини ҳурмат қилишимни исботлашим керак эди. Улар билан киришиб кетганимдан кейин, улар мени ҳурмат қила бошлашгач, ўзимнинг кучли томонларимни намойиш қила бошладим.
Яъни ўз билганимдан қолмадим. Агора! Ҳужум, ҳужум, ҳужум! Буффон озгина бақиради, ҳа, майли, ҳеч нарса қилмайди.
Биласизми, ҳаёт бир доирага ўхшайди. Мен бу аргентиналиклардан қутула олмайман. «Барселона»да Месси эди, «Ювентус»да Дибала. Бир пайтлар Мессида кўрганим жиҳатларни бир куни Дибалада ҳам кўрдим. Бу шунчаки иқтидор эмас, ана шу иқтидорнинг дунёни забт этишга бўлган истак билан қоришиб кетгани эди.
Мен бир кун яна Чемпионлар Лигасини ютиш ҳақида ўйлайман. Ундан аввал, балки 35-совринимни қўлга киритарман. Биламан, ҳеч қачон тан олишмаса-да, «Барселона» раҳбарияти бир кун мени бекорга қўйиб юборганлари ҳақида ўйлаб, афсусланишар. Аслида гап бунда эмас.
Эсингиздами, ўзимга ўзим сўз бергандим? Дадамни фахрлантирмагунча далага қайтмаслик ҳақида. Очиғи, дадам у қадар ҳиссиётли одам эмас. У бу туйғуни қачон ҳис қилган, ҳис қилганми, аниқ билмайман. Фаолиятимнинг кўп вақтида у Бразилияда яшашда давом этди. Аммо 2015 йилда, биз Берлинда Чемпионлар Лигасини ютиб олганимизда, мени томоша қилиш учун у ерга борганди. Эсимда, тақдирлаш маросими тугагач, футболчиларнинг оилаларига бағишланган ўзига хос байрам ташкил қилинди. Биз кубокни орзуларимиз қадар бизни етаклаган яқинларимизга топширишимиз керак эди. Навбат менга келганида, кубокни отамга тутқаздим ва икковмиз биргаликда, Чемпионлар Лигаси кубоги билан суратга тушдик.
Ўшанда у португалчада бир уятсиз маънони англатадиган сўз ишлатди. Ҳозир таржима қилиб ўтирмайман, аммо бу ўша ерда «менинг ўғлим одам бўлди» деган маънони англатарди. Ишонасизми, у худди ёш боладек йиғлар эди. Бу мен учун ҳаётимдаги энг бахтли онлар эди.
Бир кун мен балки яна бир финалда майдонга тушарман. Ҳар галгидек, яна рақиб ҳужумчисининг ожиз ва кучли томонларини ўрганаман. Ҳар доимгидек, ўйин олдидан ечиниш хонасидаги ойна қаршисига бораман ва ўша, энди сизга ҳам таниш бўлган фильмни томоша қиламан:
Экран қораяди ва лавҳалар бошланади...
Ана, менинг бетон каравотим.
Дори пуркайдиган бочкани елкасига осиб олган отам.
Мактабгача 12 миллик велосипедда саёҳат
Ана, янги либосим...
«Севильями? Ҳа, биламан у қаердалигини...»
Ҳеч қаердан келган ҳеч ким!
Ва мен энди бу ердаман.
Ишониш қийин, лекин шу ердаман!
Дани Алвеш/ThePlayersTribune
Мавзуга оид
19:47 / 22.11.2024
Бразилия собиқ президенти Жаир Болсонару давлат тўнтаришига уринишда айбланмоқда
23:05 / 06.11.2024
Бразилиялик полициячи Интерпол раҳбарлигига сайланди
17:08 / 02.11.2024
Бразилияда катталиги чумолидай келадиган қурбақа топилди
09:30 / 21.10.2024