Ўзбекистон | 07:56 / 23.10.2017
12861
3 дақиқада ўқилади

«Кембрия патрули» танлови совриндорлари Ўзбекистонда кутиб олинди

Фото: Мудофаа вазирлиги

Истиқлол берган янги имкониятлардан унумли фойдаланаётган ҳарбий хизматчилар ҳам бугун ҳар жабҳада илғорликка интилиб, турли йўналишларда ўтказилаётган халқаро танлов ва мусобақаларда иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишяпти. Жумладан жорий йилнинг 10-17 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” халқаро танловида илк бор иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 29 мамлакатдан келган 139 та жамоа ичида фахрли иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлишгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг KUN.UZ’га хабар беришича, мамлакатнинг мудофаа йўналишидаги куч-қудратини дунёга намоён этишда ўз ҳиссаларини қўшган ҳарбий хизматчилар 21 октябрь куни эрталаб Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантана билан кутиб олинди. Унда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқувчи ёшлар ва халқаро танлов иштирокчиларининг яқинлари иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги

Қуролли Кучлар давлат музейида совриндор жамоани тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирининг буйруғига кўра танлов иштирокчиларига «Namunali xizmati uchun» II даражали кўкрак нишонлари тантанали тарзда топширилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

–   Таъкидлаш керак, “Кембрия патрули” халқаро танловидаги иштирокимиз жуда машаққатли кечди, – дейди танлов иштирокчиси майор Анзур Мелиев. – Тоғли жойда кундузи қуёш нурини туман қоплайди, ҳаво ҳарорати паст, ҳар замонда ёғаётган ёмғир ва намиққан ер ҳаракатни секинлаштирарди. Шунга қарамасдан илғорлар сафидан жой олишга ҳаракат қилдик. Чунки зиммамизда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишдек муқаддас вазифа бор эди. Биринчи марта иштирок этганимиз, янги ҳудуд ва иқлим шароитининг инжиқликлари ғалаба қозонишимизга бир оз халал берди. Ишончим комил, кейинги мусобақаларда, албатта, марра бизники бўлади.

Фото: Мудофаа вазирлиги

–   Шу йилнинг ёз ойларида бўлиб ўтган Халқаро армия ўйинларида ҳарбий акаларимизнинг эришган муваффақиятларидан роса ғурурланган эдик, – дейди Тошкент шаҳридаги Миробод саноат касб-ҳунар коллежининг махсус гуруҳи ўқувчиси Одилбек Бекхўжаев. – Бусафар улар яна юртимизга медаллар шодаси билан қайтгани қалбимизни ҳавас ва ҳайрат билан тўлдирди. Келажакда улар каби мард, жасур, ўз касбининг моҳир устаси бўлишни, ана шундай халқаро мусобақаларда ғолиб бўлиб келишни ният қилганман.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги

 

Мавзуга оид