Спорт | 19:20 / 23.10.2017
43887
4 дақиқада ўқилади

Стадион сухандони Игорь Сергеевни ҳақоратлаши «Бухоро»га қимматга тушди

Фото: Championat.Asia

Олий Лига 25-тур доирасидаги «Бухоро» ҳамда «Пахтакор» клублари ўртасидаги учрашувда юзага келган низоли вазиятлар  сабабли «Бухоро» клуби 55 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.

ЎФФ матбуот хабарига кўра, ушбу учрашувда юз берган можароли вазиятлар юзасидан 23 октябрь куни ЎзПФЛ йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишда, «Бухоро» – «Пахтакор» учрашувида юзага келган низоли вазиятлар, яъни футбол учрашуви вақтидаги тартибнинг тўлиқ таъминланмагани, «Бухоро» футбол клуби расмий ходимларининг белгиланган тартиб-интизом ва қоидаларга тўлиқ риоя этмагани, шунингдек, учрашув расмийларининг хавфсизлиги етарли даражада таъминланмагани каби ҳолатлар ўрганиб чиқилди. Мажлисда видеоёзувлар, учрашув назоратчиси ҳамда ЎзПФЛ вакилининг билдиргисига асосан, Ўзбекистон ярим ҳаваскор ва ярим профессионал футбол клублари ўртасидаги мусобақа регламенти, Тартиб-интизом Кодекси 5-модда, 4-бўлим, 5.57 бандига асосан «Бухоро» клубига нисбатан жарима қўллаш ҳақида қарор қилинди.

Унга кўра, «Бухоро» клуби ярим ҳаваскор ва ярим профессионал футбол клублари ўртасидаги мусобақа Регламенти 5-модда, 1-бўлим, 5.4 бандига асосан 20 млн сўм, 5-модда, 1-бўлим, 5.6 бандига асосан 5 млн сўм, 5-модда, 1-бўлим, 5.9 бандига асосан 10 млн сўм, 5-модда, 1-бўлим, 5.10 бандига асосан 10 млн сўм, 5-модда, 2-бўлим, 5.36 бандига асосан 10 млн сўм ва юқоридаги бандларга асосан умумий 55 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.

Шунга ўхшаш вазият яна такрорланадиган бўлса, клубга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўрилиши билан бир қаторда, «Бухоро» футбол клуби ўз майдонидаги учрашувларни мухлисларсиз ёки нейтрал стадионларда ўтказиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирилди.

Видео: «Бухоро» стадиони сухандони Игорь Сергеевни ҳақорат қилди

21 октябрь куни «Бухоро» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида кечган, меҳмонлар жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашув вақтида Бухородаги стадион сухандони тошкентликлар жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев алмаштирилган вазиятда уни очиқчасига ҳақорат қилган, футболчини «Игорь Бабаян» дея таништирганди. Шундан сўнг, учрашув комиссари, ПФЛ вакили Шерзод Ражабов сухандонни тартибга чақирганида у қўполлигини давом эттирган.

Эслатиб ўтамиз, Олий Лига ўйинлари доирасида шунга ўхшаш ҳолат бироз аввалроқ ҳам кузатилганди. Ўшанда «Пахтакор» Наманганда маҳаллий «Навбаҳор» меҳмони бўлган ва 0:2 ҳисобида ютқазганди. Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжумани вақтида мухлислар ҳам матбуот анжумани залига кириб олишган, улар меҳмонлар устози Шота Арвеладзенинг ҳамиятига тегадиган саволлар беришган ва якунда низо келиб чиққанди.

«Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувидан кейинги матбуот анжуманида можаро келиб чиққан

Шундан сўнг, наманганликлар клуби раҳбарияти ички йиғилиш ўтказиб, клуб матбуот котибини ишдан бўшатиб юбориш билан чора кўрганди.

ПФЛ эса ушбу можаро туфайли «Навбаҳор»га нисбатан интизомий чоралар қўллаган ва 10 миллион сўм миқдорида жаримага тортганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид