Ўзбекистон | 19:30 / 25.10.2017
30323
6 дақиқада ўқилади

Қиш яқин: Нишон ва Хатирчидан мурожаатлар

Таҳририятимизга келган хатлар орасидан иккитаси эътиборимизни жалб қилди. Инсонлар шахсий муаммоси эмас, қишлоғи, яшаб турган маскани, умуман, бирга яшаётган қишлоқдошларининг аҳволи ўнгланиши сўраб мурожаат қилишган. Улардан бири Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан бўлса, иккинчиси Навоий вилояти Хатирчи туманидан келган.

Умид қиламизки, тумандаги мутасаддилар ушбу хатларда кўрсатилган муаммоларни ҳал қилишади.

«Мен Бахтиёр Тўраев, Қашқадарё вилояти Нишон туманида «Нишон» ҚФЙ, «Янги ҳаёт» маҳалласида яшайман. KUN.UZ сайтини мунтазам кузатиб бораман. Жамиятимиздаги ўзгаришлар, ечимини топмаган масалалар, ҳуқуқларнинг поймол бўлаётгани, уларни очиқ-ойдин кўрсатиб беришларингиз диққатга сазовор бўлмоқда.

Маҳалламиз ташкил топганига 25 йил бўлди. Деярли ҳаммаси янги рўзғор. Энди-и, ўзбекмиз худога шукр, ҳаммамизда 2-3 нафардан, камида бир мактабга чиқадиган фарзанд бор. Маҳалламизда 200дан ошиқ хўжалик истиқомат қилади. Бу дегани ўртача 500 бола мактабга боришини билдиради. Лекин мана, кузнинг қуёшли кунлари ўтиб бормоқда, яқинлашаётган қиш ва баҳорнинг ёғин-сочинли кунларида мактабга боролмасдан қийналишади. Борадигани ҳам бир соат олдин чиқиш керак, ўшанда кечикмай боради. Чунки қишнинг эрталабки қоронғусида соат 7 яримда маҳалладан чиқишдаги 150 метрча ботқоқ ва лой йўлдан чиқишга 15–20 дақиқа вақти кетади, агар йиқилмаса! Лойда сирпаниб йиқилса — ортга қайтиш керак.

Бу маҳалланинг ёнида туман ЙПХ пости бор ва бегона, ҳужжати йуқ ёки ортиқча муаммони хоҳламаган ҳайдовчилар юк машинасида бизнинг кўчадан айланма йул сифатида фойдаланиб, ўтиб кетишади. Энди тасаввур қилинг: тинимсиз юк машина лой йўлдан юрса нима бўлишини! Камига асосий катта йўлдан ёш болалар ўтишига қўрқади кўпинча ота-оналари ўтказиб қўяди.

Автомашиналар худди аэродромда босгандек тез ўтади. Буни ҳам илтимос қилгандик: битта қанақадир «болалар» белгисими, «пиёдалар» белгисими, зебрами қилиб беринглар, деб. Биз неча марта маҳаллий ҳокимликдан ёрдам сўраб оғзаки илтимос қилганмиз, аммо доимгидек ваъда «келгуси йил қиламиз».

Февраль ойида президентимиздан ёрдам сўраб порталга хат ёздик, раҳмат улар тезда жавоб қайтаришди. Шунда барчамизни туман ҳокимлигига чақиришди, муаммо билан танишишди ва ёзма равишда жавоб қайтаришди: «ёзда 1 км йўлни режага киритиб, иккита кўча қора асфальт қилиб берамиз» деб. Биз ҳар замонда сўраб телефонлашиб турдик ва ҳамон телефонлашмоқдамиз. Йул қурадиган қурувчи бир-икки танишлардан сўрасам, «ҳали молиялаштирилмаган», дейишди, лекин туман 2017 йилга 6 км йул қурилиш учун пул ажратилган деганди, бизда йўл ҳам, йўл белгиси ҳам ваъда билан эмас амалда қурилишига ёрдам беринг илтимос».

 

* * *

«Мен Малоҳат Мардонова, Навиой вилояти Хатирчи тумани, Олчинобод аҳоли пункти, «Қайиш» ер мавзесида намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойлардан бирининг эгаси бўламан. 2017 йилнинг февраль ойида бир неча марта газ таъминоти масаласи бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг порталига мурожаат қилган эдим.

Сабаби, 2013 йилда «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан 15 йил муддатга 7 фоизли ажратилган ипотека кредити ҳисобига 3 хонали қурилган уй-жойларнинг намунавий лойиҳасини кўриб, ҳавас қилиб шу уйлардан бирини олгандик. Намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойларда шаҳар шароити яратилиши керак эди. Аммо бугунги кунда ушбу уй-жойларда табиий газ тармоғи билан тўлиқ таъминланиши ўрнига, номаълум сабабларга кўра газ тармоқдан узиб ташланди.

Энг ҳайратланарлиси, бизнинг уй-жойларимиз жойлашган массивгача ва массивдан кейин газ тармоғи мавжуд! Лекин, негадир газ тармоғидан келган ходимлар ҳеч қанақа текширув ишларини олиб бормасдан, «чекка ҳудуд бўлгани учун газ тармоғидан узилган», деган хулоса қилиб кетишди. Ваҳоланки, бизнинг уй-жойлар марказий йўл ёқасида жойлашган, газ қувурлари ўтказилган ва географик жиҳатидан чекка ҳудуд ҳисобланмайди.

Яқинда бизга порталга мурожаатим юзасидан «ҒАРБГАЗТАЪМИНОТ» АКдан жавоб хати келди. Унда ёзилишича, бизнинг массив Хатирчи туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган жадвалига асосан табиий газ танқис ҳудудлар рўйхатига киритилганлиги сабабли табиий газ тармоқдан узилган экан. Агар намунали уй-жойлар қурилган ҳудуд газ танқис ҳудудлар рўйхатида бўлса, нега бу ерда намунали уйлар қурилди? Одамларни алдаб, уйларни сотишди. «Уйни иситиш учун кўмир ишлат», керак бўлса дейишмоқда. Ҳозир бориб текшириб кўришингиз мумкин, у ерларда деярли ҳеч ким яшамаяпти. Пули куйган халқ, беҳудага кредит фоизини тўлаб келмоқда. Агар тўламаса, банк томонидан судга берилармиш. Шу адолатданми?

Туман ҳокими нимага асосланиб бу ҳудуднинг газ тармоғини узиб ташлайди? Мана 4 йилдирки, намунали лойиҳа асосда қурилган уйнинг 7 фоизли кредитини тўлаб келяпмизу, у ерда доимий яшашга имконимиз йўқ.

Ҳурматли таҳририят! Сизлар орқали мутасаддиларга етиб боришини истар эдикки, улар қимматли вақтларини аямасдан Хатирчи тумани, Олчинобод аҳоли пунктидаги «Қайиш» ер мавзеси манзилда жойлашган, 3 хонадан иборат намунавий лойиҳа асосида қурилган уйларнинг газ таъминотини қайта кўриб чиқишса. Табиий газ муаммосини бартараф этишда бизга амалий ёрдам беришингизни илтимос қилиб сўраймиз.

Маошимнинг деярли ҳаммаси шу кредит тўловига кетади. Агар қувур орқали табиий газ берилмаса, у ерда яшаш имкони бўлмаса, банк томонидан бизга берилган 15 йил муддатга 7 фоизли кредит тўловини бекор қилишда амалий ёрдам сўрайман».

Мавзуга оид