Спорт | 14:00 / 30.10.2017
26534
13 дақиқада ўқилади

ЎФФ Олий лига жамоалари сонини камайтириб тўғри қилдими?

Бироз аввалроқ шу сайтда ҳамкасбим Шуҳрат Шокиржовнинг «12 жамоалик чемпионат ва унинг афзалликлари» сарлавҳаси остида мақоласи эълон қилинганди. Мақолада олий лигамиздаги жамоаларнинг сонини қисқартириш ҳақида сўз бориб, муаллиф шу орқали чемпионатимизни янада қизиқарлироқ қилиш мумкин эканини таъкидлайди.

Бугун эса Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти журналистлар таклифлари асосида Олий Лига жамоалари сонини 12тага тушириш ҳақида қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилди.

Ушбу фикрларга қўшилмаганим учун, мен ҳам бу мавзуга муносабат билдираман. 

Шокиржонов янги форматнинг яхшироқ эканини исботлашга уринган, аммо етарлича асослантирмаган. Мисол учун, унинг айтишича, агар олий лигамиз жамоалари сони 16тадан 12тага қисқартириладиган бўлса, ҳамма ўйинлар тўғридан-тўғри намойиш этилиб, турлар ўртасида турли таҳлилий кўрсатувлар кўпайиб, трансляциялар билан боғлиқ зўр шартномалар тузилиб, клубларимиз бренд даражасига чиқиб кетар экан ва вилоятларда ҳам «Бунёдкор»нинг фанатлари пайдо бўлиб қолар экан.

Очиғи, бу боғлиқликни умуман тушуна олмадим - хўш, тўғридан-тўғри трансляцияларнинг ёки ТВ трансляциялардан даромадларнинг йўқлигига 1 турда 6 эмас, 8 ўйин бўлаётгани тўсиқ бўлиб турибди холосми? Наҳотки, мана шундай ижобий ўзгаришларни 16талик тизимда амалга оширишнинг иложи бўлмаса? Айтайлик, Россия ва Испанияда ҳар бир ўйин кетма-кет бўлиб ўтади, ТВ шартномалар шунақа тузилган, аммо Германия ва Англияда бошқачароқ, айрим ўйинлар бир вақтга ташкил этилади. Бу ҳолат шунчаки, бир-биридан фарқли формат холос, бирини иккинчисидан афзал деб, аксиома яратиб бўлмайди. 

Яна муаллифнинг айтишича, жамоаларга мухлислик қилишнинг туман ёки вилоят билан чекланмаслиги, бошқа жойларда ҳам клублар брендини яратишга замин яратади ва масалан Самарқандда «Пахтакор» мухлислари гуруҳи пайдо бўлиши мумкин экан. Умуман олганда, «Локомотив», «Пахтакор» каби гранд жамоаларимизнинг вилоятларда ўз мухлисларига эга бўлишга ҳаракат қилишлари учун Олий лигадаги жамоалар сони зинҳор тўсиқ эмас. Зеро шундоқ ҳам Қорақалпоғистон, Хоразм, Сирдарё, Сурхондарё, Андижон каби вилоятлардан ҳозир Олий лигада жамоалар йўқ, хўш, у ерда «Бунёдкор»нинг ёки умуман олий лигамизнинг ашаддий мухлислари пайдо бўляптими? Йўқ, албатта. 

Шуҳрат Шокиржоновнинг 12-14талик, яъни қисқа жамоалардан иборат форматни танлаган бир қатор давлатларни санаб ўтгани қизиқ, чунки, ушбу лигаларнинг бирортасига ҳавас қилиш мумкин эмас. Санаб ўтилган давлатларнинг бирортасида, мана шу ўзгариш туфайли бирор ижобий таъсир бўлганини айтиш мушкул. Ҳатто мисол қилинган Жанубий Кореяни ҳам. Шахсан мен, клуб миқёсда ҳам, терма жамоа миқёсда ҳам, ўз даражасидан паст натижаларни кўрсатмоқда, деб ўйлайман. Аксинча, бутун дунё томоша қиладиган ва сотиб оладиган, энг аҳамиятлиси, топ-ўйинларнинг сонини ошишидан манфаатдор бўлган Англияда форматни ўзгартириш билан боғлиқ ҳаракатлар умуман кузатилмаяпти. Испания «класико»ни бир йилда олти марта қилайлик, деб бош қотирмаяпти.   

Жамоалар сонининг қисқариши натижасида ўртамиёналарнинг йўқолиши, очколар қадрининг ошиши, ўткинчи ва келишилган ўйинларнинг камайишига олиб келар экан. Биласизми, бу ерда нозик бир жиҳатга эътибор қаратиш керак.

Ҳар қандай Лиганинг келишилган ва ўткинчи ўйинларга қарши формат орқали курашиши абсурддир. Бу билан Лига ўзини ўзи шарманда қилаётган, клубларнинг Лига ўйинларига бўлган муносабатининг етарли эмаслигини тан олган бўлади. Келишилган ўйинлар билан суриштирув ва тергов ҳаракатлари орқали курашилади, форматни ўзгартириш орқали эмас. Клубларга олтинчи ёки ўн биринчи ўринни эгаллашлари қизиқ эмас экан, ўз мухлисларини ҳурмат қилмас экан, бу ҳам форматнинг эмас, муносабатнинг оқибатидир. 

Клубларнинг лига ўйинларига бўлган муносабати, келишилган ва ўткинчи ўйинларнинг борлигига форматнинг алоқаси йўқ. Масалан, клубларнинг кўплиги 6-10 ўриндаги жамоалар тепадаги ёки пастдаги рақибларга ўйинни сотиш имкониятини ошириб юбораётганини айтилади. Эҳ, клубларга бўлган бундай муносабат билан, умуман биз футбол ўйинларини ташкил қилишдан нима наф? 

Қаранг, таклиф қилинаётган «интрига»га эътибор беринг - 12 жамоа икки давра иштирок этади ва учинчи босқичда дастлабки 6 ўринни олган жамоа чемпионлик учун, кейинги 6 жамоа лигадан тушиб кетмаслик учун кураш олиб боришар экан. Шу орқали биз клубларимизга мотивация бериб, ўткинчи ўйинларни йўқотар эканмиз.

Келинг, мен ҳам уларнинг мантиғи билан ҳаракат қиламан ва таклиф қилинаётган форматда ҳам ўткинчи ўйинларга шароит каттароқ эканини исботлаб бераман. Хўш, бундай форматда икки йўл бор - ё иккинчи босқич бошланаётганда, жамоаларнинг аввалги 2 даврадаги очколари сақланиб қолади, ёки ҳаммаси нолдан бошланади. Таҳлил қиламиз:
Агар очколар сақланса: Тасаввур қилинг, икки даврадан кейин 1-ўриндаги  «Локомотив»да 35 очко, олтинчи ўриндаги «Бухоро»да 21 очко бўлади. «Бухоро»да чемпионлик учун имконият борми? Йўқ. Ундан кўра ўша тепадаги «Локомотив» ёки «Пахтакор»га ўйинларни сотмайдими? Худди шу шаклда, 7-ўрин билан пастки гуруҳда қолган жамоани ҳам тушуниш мумкин. 

Агар нолдан бошланса: Ҳа, қизиқ, учинчи даврада «Локомотив» ҳам, «Бухоро» ҳам 0 очкодан бошлашади, иккаласида ҳам чемпионлик учун тенг имконият. Зўр. Аммо иккинчи давра қандай ўтган бўлади, деб ўйлайсиз? Очколари етарли бўлиб, кучли олтиликка кириши аввалдан аниқ бўлиб улгурган «Локомотив» пастдагиларга ўйинларни сотмайдими? Ёки бу ўйинларга ўткинчи муносабатда бўлмайдими?

Кўраяпсизми, агар Лиганинг, жамоаларнинг ўйинларга бўлган муносабатини ўзгартирмас эканмиз, формат ҳеч нарса қилиб бера олмайди. 

Энди қизиқарли ўйинлар ҳақида

«Қизиқарли ўйинлар» атамаси ҳам бироз баҳсли. Биз нега мундиалга чиқишни истаяпмиз? Чунки Ўзбекистоннинг у ерда Аргентина билан ўйинини кўриш биз учун қизиқроқ. Аргентина - Германия ўйинидан ҳам кўра қизиқроқ, биз учун тўғрими? Худди шу шаклда, фарғоналик мухлис учун «Нефтчи» - «Пахтакор» ўйинини кўриш «Локомотив» - «Пахтакор»дан кўра қизиқарлироқ бўлади. Муаллифнинг айтишича эса, йўқ, «Тошкент дербиси» бутун республика учун қизиқроқ экан. Бу фикрга қўшилмайман. 

Бундан ташқари, ўйин шиддати ва қизиқлиги жиҳатидан айнан кучли жамоаларнинг ўйинини алоҳида эътиборга олинишининг сабаби, бу ўйиндаги тикилган очколарнинг қийматидир. Тошкент дербисида ғолиб чиққан жамоа чемпионлик учун имкониятини оширади, шу томондан қизиқ. Лекин бу ўйин йилда икки эмас, тўрт марта бўлса, ҳар бири шу қадар эътиборли бўладими? Йўқ, чунки энди, жамоалар учун имконият бир эмас, тўртта бўлади. Ҳар қандай Чемпионлар Лигаси финалини 2 ўйиндан иборат қилиб қўйинг, охиргиси қизиқроқ бўлади ва ўша ўйин ҳам бугунги бир марталик финаллардан қизиқ бўлмайди, ишонаверинг. Шахсан ўзим, қайсидир йили бир ойда уч марта «Эл Класико» бўлганида, улардан бирини кўрмаган эдим. 

Биринчи лига чиндан ҳам кучаядими?

Агар ростан ҳам бизда қизиқроқ, томошабопроқ 1-лига бўлганида, балки олий лига жамоаларини камайтириш орқали, у ердаги кучли жамоалар сонини оширишимиз ва аслида 2та кучли, томошабоп лигага эга бўлишимиз мумкин эди. 

Йўқ, ҳозирда бизда атиги битта лига бор, у ҳам бўлса, олий лигадир. Биринчи лигамиз ўз ҳолича давом этяпти ва фақат олий лигамиздаги сўнгги ўринларда бироз интрига яратиб туриш учунгина мавжуд холос. У ердаги жамоалар юқорига чиқишни исташмайди ва ишонаманки, ҳозир олий лигада 10-14 ўринда турган жамоаларни ҳам у ерга тушириб юборсак, улар ҳам йўқ бўлиб, ҳозирги биринчи лигадаги жамоаларга ўхшаб қолади холос. 

Футбол географияси нима бўлади?

Тан олавериш керак, бизда футбол ижтимоий ҳодиса. Демак, футбол географиясининг катта бўлиши унинг томошабинлари сонини ҳам орттиради. Агар Термизда футбол жамоаси бўлмаса, у Шокиржонов айтганидек, «Бунёдкор» брендига эмас, «Реал»га ёки «Челси»га мухлислик қилиб қўя қолади. АПЛ ёки Ла Лига ўз маҳсулотини қоғозга ўраб, футбол юлдузларини экранингиз ортига олиб келиб қўйган экан, қандай қилиб ПФЛ бу билан рақобат қилсин? Ва энг қизиғи, жамоаларимиз сонининг 12та бўлиши қандай қилиб бунга таъсир ўтказсин?

Албатта, спорт принциплари муҳим, ҳар бир вилоятдан олий лигада жамоа бўлиши керак деган йўналишда иш олиб бориш тўғри келмайди. Лекин 16талик тизимда бунга назарий имконият бор, шахсан мен, ҳар бир вилоятдан олий лигада жамоа бўлишини орзу қиламан. 12талик форматда эса, агар учта пойтахт жамоасини ҳам эътиборга олсак, камида 5-6 вилоят, балки республикамизнинг ярим аҳолиси катта футболсиз қолади.

Бу нафақат мухлислар фактори, балки айтайлик, ёш футболчиларнинг чиқишлари учун ҳам тўсиқдир. Шартли андижонлик иқтидорли футболчи бола, агар ўзи яшайдиган вилоятда яхши футбол жамоаси бўлмаса, у қандай қилиб ўзини намоён қилиши мумкин? 

Шунингдек, олий лига таркибига қарасак, маълум муаммолар гирдобида қолган «Обод»ни айтмаганда, бу ерда туришга лойиқ бўлмаган яққол аутсайдерлар йўқ, у қадар йирик ҳисобларнинг ҳам гувоҳи бўлмаяпмиз. Савия жиҳатидан 6-ўриндаги «Қўқон» билан 15-ўриндаги «Нефтчи» бир-биридан у қадар узоқ эмаски, уларнинг ўзаро ўйинини ғолиби олдиндан аниқ бўлган фойдасиз ўйинлар таркибига киритсак. 

Хулоса қилиб айтганда, муаллиф 16та чала профессионал клубдан, 12та тўлиқ профессионал клуб яхши демоқчи бўлганини тушунаман, тўғри айтган. Аммо 4та чала профессионал клубни йўқотиш, қолган 12 клубни тўлиқ профессионалга айлантиради, деб ўйлаш, мантиқан умуман нотўғри. Бундай давом этилса, келинг, олий лигамизда 12 эмас, биратўла 6 жамоа қолсин ва 8 давра курашсин. Ҳар турда, ҳар ўйин қизиқ, шундай эмасми?

Шуҳрат Шокиржоновнинг клубларнинг янада профессионаллашиши, олий лига ўйинларига бўлган муносабатнинг ўзгариши лозимлиги, ҳар бир ўйинлар тўғридан-тўғри олиб кўрсатилиши, турли таҳлилий кўрсатувлар орқали тарғиб қилиниши, ҳакамлар назорат қилиниши кераклиги ҳақидаги фикрларига қўшиламан. Ростан ҳам, бу йўналишларда иш олиб бормай туриб, олий лигамизни ривожлантира олмаймиз. Аммо бу ишларни амалга ошириш учун 12 жамоа бўлиши шарт эмас, 16 ёки 18талик форматда ҳам бемалол мана шундай ишларни қилса бўлади. Ҳатто агар мана шундай ишлар қилинса, юртимизда профессионал клублар кўпайиши ва ростан ҳам 16-18, балки 20дан ортиқ рақобатбардош жамоаларнинг пайдо бўлишига ишонса бўлади. Сон жиҳатидан уларни қисиб, бундай жамоаларни кўпайтиришнинг иложи йўқ. 

Масалан, Англия Премьер Лигаси айнан профессионаллашув йўналишида жуда катта қадамларни амалга оширди, натижада, ҳатто Чемпионшип ҳам ҳозирда Европада кучли ўнталикдан ўрин олган. Улар бу ишларни жамоалар сонини қисқартириб амалга оширмади, албатта. Эсингизда бўлса, 90-йилларда «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал» тўқнашувини Европа миқёсдаги топ ўйинлар сирасига киритардик. Кейин «Челси» пайдо бўлди. «Манчестер Сити» қўшилди. «Тоттенҳэм» кучайди. Ўз-ўзидан АПЛда топ ўйинларнинг сони кўпая бошлади, деярли ҳар турда биз мана шундай баҳс гувоҳи бўламиз. Қаранг, Англия лигадаги топ ўйинлар сонини ошишига «МЮ» ва «Арсенал»ни 4 марта ўйнатиш орқали эришмади, тўғрими?

Биз ҳам «Локомотив» ва «Насаф»ни тўрт марта ўйнатайлик демасдан, кучли жамоалар сонини оширишни кўпроқ ўйлашимиз керак эди, ана ўшанда «Динамо» - «Насаф» ҳам топ-ўйинлар сирасига кириб, лигамиздаги ана шундай мақомдаги ўйинларни ошираверарди.    

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид