Спорт | 20:03 / 31.10.2017
4801
2 дақиқада ўқилади

Бразилия Миллий Олимпия қўмитасининг ҳуқуқлари тикланди

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) томондан вақтинчалик четлатилган Бразилия Миллий Олимпия қўмитасининг Миллий Олимпия қўмиталари уюшмасидаги ҳуқуқлари тикланди. Бу ҳақда ХОҚ матбуот хизмати маълум қилди.

ХОҚ  ижроия қўмитаси 6 октябрда Бразилия Миллий Олимпия қўмитасини вақтинчалик уюшмадан четлатишга қарор қилганди. Бундай қарор Бразилия МОҚ раиси ва 2016 йилги Олимпиада ташкилий қўмитаси раҳбари Артур Нузманнинг коррупцияда гумон билан ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган. Шу сабабли ХОҚ Бразилия МОҚга барча тўловларни музлатган ва 2016 йилги ўйинлар ташкилий қўмитаси билан барча алоқаларни тўхтатган.

Таъкидланишича, энди Бразилия МОҚ шу ҳафта Прагада ўтадиган Миллий Олимпия қўмиталари уюшмаси ва Панамерика спорт ташкилоти учрашувларида иштирок эта олади. Бироқ, Бразилия МОҚга нисбатан қўлланган барча санкциялар ўз кучида қолади.      

Нузман Рио-де-Жанейронинг 2016 йилги ўйинлар пойтахти сифатида танланиши учун 2,5 млн доллар пора берганлик гумони билан 5 октябрда ҳибсга олинган. Нузманнинг ҳибсга олиниши ҳақидаги қарор у ўз солиқ декларациясига 16 та олтин ёмбиси сотиб олгани ҳақидаги маълумотни киритмоқчи бўлгандан кейин қабул қилинган.

Мавзуга оид