Жаҳон | 23:23 / 01.11.2017
41719
2 дақиқада ўқилади

Усама бин Лодиннинг шахсий кундалиги эълон қилинди

Фото: AP

Марказий разведка бошқармаси (МРБ) сешанба куни 2011 йилда Покистонда ўлдирилган "Ал-Қоида" террорчи гуруҳи раҳбари Усама бин Лодиннинг кундалигини чоп этди. 

Идора сайтида тақдим этилган кундаликдаги ёзувларнинг барчаси қўлда араб тилида ёзилган.

Бундан аввал чоршанба куни МРБ Усама бин Лодинни йўқ қилишга доир операция чоғида олинган 470 минг ҳужжатни чоп этиши ҳақида маълум қилган эди. Ҳужжатлар матнли файллар, аудио ва видео, шунингдек дастурий таъминотнинг тизимли файлларини ўз ичига олган. 

"МРБ 2011 йилнинг май ойида Покистоннинг Абботтобод шаҳрида ўтказилган рейд пайтида қўлга киритилган компьютер файллари ва рақамли ҳужжатлардан ташқари, бин Лодиннинг ўлимига яқин ёзиб қолдирган кундалигини ҳам топган", - дейилади қўшимча ҳужжатда. 

Бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда "Ал-Қоида" томонидан турли мақсадларда тўпланган 18 мингдан зиёд ҳужжатли файллар, оммавий нутқларга тайёргарликни ўз ичига олган тахминан 79 минг аудио ва тасвир файллари, аудио ва тасвир форматидаги ёзишмалар чоп этилган. Шу билан бирга, 10 минг видеофайл ҳам тақдим этилган, уларнинг орасида террорчининг ёш ўғли Хамза бин Лодиннинг суратлари, "Ал-Қоида"нинг шахсий видеолари, Усама бин Лодиннинг баёнотлари тасвирланган видеоқораламалар ва жиҳод тарғиботига доир маълумотлар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган, дейилади МРБ баёнотида.

Таъкидлаш жоизки, "Ал-Қоида" раҳбари Усама бин Лодин 2011 йилнинг май ойида Абботтободда Америка ҳарбийлари томонидан йўқ қилинган. 

Мавзуга оид