Жаҳон | 18:15 / 03.11.2017
17966
6 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқлардаги қайси рекламалар Россия ташвиқоти экани аниқланди

Фото: AP

Америка Конгрессида Россиянинг АҚШдаги президентлик сайловларига аралашуви юзасидан иккинчи эшитувлар бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Facebook вакиллари Россия ҳукумати томонидан молиялаштирилгани эҳтимол бўлган реклама роликларини намойиш қилишди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Facebook ва Instagram тармоқларидаги минглаб аккаунтлар Америка сайловларига доир рекламаларни харид қилишган ҳамда шу йўл билан сайловга аралашган. 

TJ сайти тадқиқотчиларнинг фикрича, америкалик сайловчиларга таъсир этиши мумкин бўлган рекламалар рўйхатини тузиб чиқди. 

Қоратанлилар ҳуқуқи

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ушбу ижтимоий рекламада полициячилар билан отишмада ёки қамоқда сақланаётган вақтда ҳалок бўлган уч нафар қоратанлининг сурати акс этган. Уларнинг ўлими Black Lives Matter ташкилотининг оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди. 

Реклама 2015 йил июлида «Фейсбук»ка жойланган бўлиб, Жоржия, Мэриленд, Миссури ва Виржиния штатларида истиқомат қилувчи 18 ёшдан катталарга мўлжалланган. Реклама 200 мингдан ортиқ фойдаланувчи тасмасида пайдо бўлган, уни 12 мингга яқин фойдаланувчи ёқлаган. Рекламага 915 доллар сарфланган.

Полициячиларни ўлдириш

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Реклама суратида ҳалок бўлган ҳамкасбига ҳурмат бажо келтираётган полициячиларни кўриш мумкин. Унга берилган изоҳда шарқий Бостондаги отишма ёдга олинади. Ўшанда икки полициячи ва Black Lives Matter фаоли ҳалок бўлган эди. Реклама сўнгида Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтонга «полициячиларга қарши зўравонликлар тарафдори» деб баҳо берилади ва Дональд Трамп «полициячиларни террорчилардан муҳофаза қила оладиган ягона инсон» экани айтилади.

Реклама «Фейсбук»да 2016 йил октябрда пайдо бўлди. У 3362 кишининг тасмасида кўринган, унга 761 киши эътибор қаратган. Реклама қиймати 8,56 доллар.

Трампга қарши митинглар

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Трампнинг президентлик сайловида ғалабасидан кейин бир кун ўтгач жойлаштирилган эълон Нью-Йорк аҳолисини сайланган президентга қарши митингга чиқишга чорлайди. Реклама 2016 йил 10 ноябрда «Фейсбук»ка жойланган бўлиб, 18 ёшдан 65 ёшгача бўлганларга йўналтирилган. Реклама фақат Нью-Йоркда ёки унинг атрофида бўлганларга намойиш қилинган. У 188 кишининг тасмасида пайдо бўлган, 26 киши тугмачани босган. Харажати 2 доллардан сал камроқни ташкил этган. 

Ҳиллари Клинтоннинг коррупция фаолияти

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Эълонда Берни Сандерснинг Билл ва Ҳиллари Клинтонларнинг «Клинтон фонди» нотижорат ташкилотини танқид қилувчи баёноти келтирилади. Сиёсатчининг сўзларига кўра, бу жамғарма хорижий давлатлар, хусусан авторитар раҳбарлардан маблағлар олган бўлиши мумкин. Реклама пости якунида «Шундай экан, нима учун шунча одам унинг учун овоз беришга бормоқда?», — дейилади. 

Мазкур реклама 2016 йил июнда ижтимоий тармоқда пайдо бўлган. У Берни Сандерсни қўллаб-қувватловчи 18-65 ёшдан катта бўлганларга қаратилган. Реклама 1938 фойдаланувчининг янгиликлар тасмасида пайдо бўлган. 222 киши тугмача босган. Қиймати 8,56 долларни ташкил этган.

Ўқотар қуроллар муаммоси

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Унда қуролланган катта киши ва ёш бола тасвирланган. Унинг пастки қисмида — «Биз фарзандларимизни айнан шундай вояга етказишимиз керак. Бу зўравонликка чақириқ эмас, балки ишонч ва ўзини ҳимоя қила олишининг намойишидир». Бу реклама Инстаграмда 2016 йил апрелда пайдо бўлган ва Дональд Трамп фаолиятига қизиқиш билдирган 13-65 ёш ва ундан катталарга мўлжалланган. Реклама 108 минг кишининг тасмасида намойиш этилган, унга 857 фойдаланувчи тугмача босган. Харажати 297 доллар.

Клинтон ва Трамп қарама-қаршилиги

Фото: Reuters

Бу реклама Ҳиллари Клинтонни «шайтон»га қиёслайди ва Дональд Трамп учун овоз беришга чақиради. «У авлиё эмас, аммо ҳеч бўлмаганда, мамлакати ҳақида қайғурадиган ростгўй одам», — дейилади матнда. 

Бир доллардан сал қимматроқ реклама 2016 йил октябрда 71 фойдаланувчининг тасмасида эълон қилинган. 

Техас штатининг АҚШ таркибидан чиқиши

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Эълон Техас штати аҳолисини «ўғри» элитани қатъий равишда инкор этишга чақиради. 

«Келинг, уларга Техас нимадан ташкил топганини эслатиб қўямиз, уларга ажралиб чиқишга тайёрлигимизни кўрсатиб қўямиз», — деб ёзилган реклама матнида.

2016 йил октябрида эълон қилинган реклама қиймати 55 доллар атрофида. У Heart of Texas (Техас юраги) саҳифасини ёқтирганлар тасмасида пайдо бўлган. Бу 16 минг фойдаланувчи демакдир. 

Америкалик аскарларнинг хориждаги урушларда ҳалок бўлиши 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Реклама суратида америкалик аскар тобути устида йиғлаётган аёл сурати акс эттирилган. Унинг «Нима фарқи бор» сарлавҳаси Ҳиллари Клинтоннинг 2012 йилда Бенғозидаги Америка элчихонасига ҳужум уюштирилгани бўйича ўтказилган эшитувларда айтган сўзидан олинган. 

«Ҳиллари Клинтон (бу ерда ҳам Killary деб қўлланилган) ҳеч қачон — она ватан учун севимли кишисини йўқотиш нима эканини англамайди?», — деб таъкидланган суратда.

У 18-65 ёш ва ундан катта бўлган ва Вьетнам, Афғонистон ва Ироқдаги урушлар фахрийларининг фаолиятига қизиққан барчага йўналтирилган. Реклама 17654 кишининг янгиликлар тасмасида пайдо бўлган, 53 долларлик рекламага 517 киши эътибор қаратган.  

Мавзуга оид