Жамият | 14:00 / 05.11.2017
6085
2 дақиқада ўқилади

Хитойда таркибида олтингугурт кўп бўлган дизель ёқилғиси тақиқланди

Фото: Reuters

Таркибида олтингугурт миқдори юқори бўлган дизель ёқилғиси асосан мотор қайиқлар, кемалар, шу билан бирга турли қишлоқ хўжалик техникаси учун қўлланилади. Энди бундай ёқилғиси қолиб кетган Хитой компаниялари уларни мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб, хорижда сотишига тўғри келади. Reuters шу ҳақида хабар берди. 

Хитойда таркибида олтингугурт кўп бўлган дизель ёқилғисидан фойдаланиш тақиқланди. Бундай ёқилғи арзонлиги сабаб ундан асосан кема ва тракторлар учун фойдаланишади. Хитой ҳукумати атроф-муҳитнинг ифлослик даражаси барча мавжуд нормалардан ошиб кетгани сабаб шундай қатъий чора қўллашга қарор қилди. Бу масала айниқса иситиш мавсуми бошланишидан аввал долзарбдир. 

Давлатнинг асосий вазифаси - ёқилғи қуйиш шохобчаларида янги қонун ижросини назорат қилиш. Инспекторлар бундай ёқилғининг сотилишига йўл қўймаслик учун рейд ва экспертизалар ўтказишади. Шундай бўлса-да, асосан олтингугуртли ёқилғида ҳаракатланувчи кичик балиқчилар қайиқларини назорат қилиш қийинроқ бўлади.

Умуман олганда, Хитой экологик тоза транспорт бўйича мутлақ етакчилик сари ҳаракатланишда давом этмоқда. 2017 йилнинг илк 9 ойида мамлакатда 398 минг электромобиль харид қилинди, маҳаллий заводларда 424 минг электрокар  ишлаб чиқарилди, яъни хитойликлар ўзларида ишлаб чиқарилаётган электротранспортнинг деярли барчасини сотиб олишган.

Мавзуга оид