Ўзбекистон | 23:13 / 08.11.2017
23049
2 дақиқада ўқилади

KPMG Ўзбекистондаги расмий фаолиятини бошлайди

Фото: Reuters

Дунёдаги энг йирик профессионал хизматлар кўрсатувчи тармоқлардан бири ҳисобланган KPMG компанияси тез кунларда Ўзбекистондаги фаолиятини бошлайди. Бу ҳақида KUN.UZ мухбири компания вакили Алексей Назаровнинг халқаро давра суҳбатидаги сўзларига асосланиб, хабар берди. 

Назаров Ўзбекистонда инвестицион муҳитни яхшилаш учун амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотларга доир қатор фикрларини баён этди. Жумладан, кераксиз назоратни қисқартириш, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, фойдаланиш ҳуқуқини назорат қилиш, инвестиция инфратузилмасини ўзгартириш, жойларда тадбиркорликни қўллаш, экспортни қўллаб-қувватлаш, молиявий чоралар, Эксим-банк фаолиятини йўлга қўйиш, сертификатлаш ва таълим кабиларга эътибор қаратди. 

Таъкидлаш жоизки, KPMG — профессионал хизматларни тақдим этувчи дунёнинг энг йирик тармоқларидан бири, шунингдек Deloitte, Ernst & Young ва PwC билан бир қаторда Катта тўртликнинг аудитор компанияларидан бири ҳисобланади. Тузилманинг халқаро штаб-квартираси Амстелвенда (Нидерландия) жойлашган. 

Компания аудиторлик, солиқ ва консультацион хизматлар кўрсатади. Россия, Озарбойжон, Арманистон,  Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина каби мамлакатларда KPMG'нинг бўлимлари фаолият юритади. 

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев жаҳон тан олган KPMG компанияси билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга умид билдирди. 

Мавзуга оид