Ўзбекистон | 11:00 / 10.11.2017
59231
3 дақиқада ўқилади

«Марказий Осиё мустақиллик йилларида бундан ҳам кўпроқ ривожланиши мумкин эди» - Шавкат Мирзиёев

Фото: KUN.UZ

10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» номли халқаро конференцияси ўз ишини бошлади. Тадбирни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кириш ва табрик сўзи билан бошлаб берди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказилаётган мазкур форум Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш масалаларига қаратилган. 

Анжуманда минтақа давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, таниқли экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жами 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

«Минтақанинг келажаги қандай барпо этилади? Ихтилоф ва зиддиятлар ичра ё мустаҳкам ҳамкорлик ва барқарор тинчлик биланми? Биз барчамиз Марказий Осиё келажаги учун масъулмиз. Ўзбекистон ҳар доим ўзаро англашув ва яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди. Бизнинг мақсадимиз минтақани иқтисодий ривожланган ва гуллаб-яшнаган маконга айлантиришдир», деди президент Шавкат Мирзиёев. 

Фото: KUN.UZ

Президент мамлакатнинг минтақада кўзлаган ташқи сиёсатини аниқ ифодалар экан, чегара, умумий сув захираларидан фойдаланиш, савдо соҳасидаги нуқсонларни санаб ўтди. 

Юқоридаги масалаларни конструктив ечимга эга эканлигини таъкидлаган президент, биринчидан, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик шароитини яхшилаш лозимлигини билдирди. «Биз бунинг учун «Минтақавий иқтисодий форум» ташкил этишни таклиф қиламиз. Шунингдек, маҳаллий ҳокимлар, тадбиркорлар доирасидан ташкил топган «Раҳбарлар ассоциацияси» тузилиши таклиф қилинди.

«Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллик йилларида бундан ҳам яхшироқ ривожланиши мумкин эди. Гап, тадбиркорлар ва расмий вакиллар иштирокида янги инвестицион, савдо-иқтисодий лойиҳаларни очиқ майдонда муҳокама этиш ҳақида кетмоқда. Турли даражадаги ишлаб чиқариш корхона раҳбарлари билан учрашувларимиз, яқиндан ҳамкорлик қилиш ўз натижасини берди. Йил бошидан бери Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан ўзаро товар айирбошлаши 20 фоизга ошди. Алоҳида давлатлар билан эса 70 фоизгача ошган. БМТ экспертларининг ҳисоботига кўра, мамлакатларимизнинг самарали ҳамкорлиги орқали сўнгги ўн йилда минтақадаги ЯИМ ҳажми икки баробарга ошиши мумкин эди», дейди президент.

Шавкат Мирзиёев бешта мамлакатнинг ўзаро англашуви ва иқтисодий ҳамкорлиги истиқболдагидан паст эканини таъкидлади.

Мавзуга оид