Иқтисодиёт | 18:00 / 15.11.2017
28141
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда эркин валюта конвертациясига ўтиш учун қандай тайёргарлик чоралари кўрилганди?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида сентябрь ойидан бошлаб валюта курсини шакллантиришнинг бозор механизмини жорий этиш орқали ички валюта бозорини либераллаштиришга киришилди.

Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Тимур Ишметовнинг айтишича, иқтисодиётдаги мавжуд шароитлар ҳамда либераллаштириш жараёнидаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, бир йил давом этган тайёрлов босқичида қуйидаги жиҳатларга алоҳида диққат берилган.

Биринчидан, инфляцион босимни пасайтириш ва валюта бозорида спекулятив талабнинг ўсиш эҳтимолини бартараф этиш чоралари кўрилди. Мазкур мақсадга қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, яъни қайта молиялаш ставкасини 9 фоиздан 14 фоизгача ошириш орқали эришилган.

Иккинчидан, банк тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги чоралар амалга оширилди:
- банкларнинг устав капиталлари давлат қуйилмалари ҳисобига (670 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий валютада) кўпайтирилди. Натижада банк тизимининг ялпи капитали 40 фоиздан ортиқ ўсди;
- Марказий банкнинг тижорат банкларини ликвидлик билан таъминлаш механизмлари фаоллаштирилди;
- курс сиёсатининг янги шароитларига бардошлигини аниқлаш мақсадида банклар стресс-тестдан ўтказилди, банкларни пруденциал назорат қилиш чоралари кучайтирилди;
- йил якунига 20 фоиз даражасигача етказиш шарти билан бир лаҳзали ликвидлик коэффициенти бўйича минимал талаблар жорий этилди.

Учинчидан, йирик ва стратегик корхоналарнинг молиявий ҳолати ва хорижий валютадаги мавжуд қарздорликлари ҳисобга олиниб, иқтисодиётнинг базавий тармоқларига ажратилган кредитлар реструктуризация қилинди ҳамда алоҳида корхоналарга, уларнинг молиявий ҳолатига миллий валюта девальвациясининг салбий таъсирини бартараф этиш учун солиқ имтиёзлари берилди.

Тўртинчидан, ҳукуматнинг манзилли чораларидан келиб чиқиб, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Бешинчидан, ички бозорни ижтимоий зарур товарлар билан тўлдириш, товарлар импортида божхона ва бошқа тўловлар ҳисобига нархларнинг кескин ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт ставкалари қайта кўриб чиқилди.

Шунингдек, миллий валютага нисбатан ишончни мустаҳкамлаш учун ички бозорда барча ҳисоб-китоб ва тўловлар фақат сўмда амалга оширилиши бўйича меъёрлар ўрнатилди.

Ушбу барча тайёргарлик чоралари банк тизимида ҳамда бутун иқтисодиётда жиддий ларзасиз эркин курси шакллантириш тизимига «осон» ўтиш имконини берди.

Бугунги кунда сўмнинг айирбошлаш курси валюта биржасининг кунлик банклараро савдоларида шаклланмоқда. Марказий банкнинг банклараро савдолардаги иштироки минималлаштирилди.

Мавзуга оид