Light | 14:15 / 19.11.2017
81651
4 дақиқада ўқилади

Дунёнинг сиз эшитмаган ва кўрмаган 7 мўъжизаси

Дунёнинг Ангкор-Ват, Мачу-Пикчу, Чичен-Ица, Петра каби қадимги ёдгорликларни кўпчилик эшитган. Аммо шунга ўхшаш, лекин камдан-кам кишилар кўрган тарихий обидаларни томоша қилиш қанчалик тассурот қолдиришини тасаввур қилинг-а!

Изланувчан сайёҳлик компанияларининг саъй-ҳаракатлари ва инфратузилмаларнинг ривожлантирилиши туфайли жаҳоннинг айрим узоқ ва ажойиб ёдгорликлари сайёҳлар учун ўз эшикларини оча бошлади. Яқин орада бу ерлар сайёҳлар билан тўлиб-тошиши натижасида сирли муҳитдан асар ҳам қолмаслиги аниқ. Демак дунёнинг янгидан кашф қилинган тарихий етти мўъжизаси ҳақида. 

Ҳиндистон қироллик империяси вайроналари

Империя вайроналари майдони 265 км2 ни ташкил этади. Ҳудуд бўйлаб сирли қумлоқ тошлар ва осори-атиқалар сочилиб ётади. 7-асрдаги Вирупакши ибодатхонаси империядаги энг қадимги бинолардан бири ҳисобланади. Яхшироқ сақланиб қолган Суле бозори, Малика ҳаммоми ва филлар сақланадиган филхона ўрта асрлар Ҳиндистони қандай бўлгани ҳақида тасаввур уйғотади. 

Гватемала майяларининг қадимги пойтахти

Big Five Tours & Expeditions президенти Ашиш Сангхрайкнинг сўзларига кўра, Эль-Мирадор майя қабиласининг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган ва минглаб сайёҳлар ташриф буюрувчи Тикаладан 5 марта катта ҳудудни эгаллаган. Эль-Мирадорни Италияда Помпейнинг очилиши билан таққослаш мумкин. Олимлар бу шаҳарни бир вақтлар майя давлати пойтахти бўлган деб ҳисоблашади. 

Португалиядаги Рим саройлари вайроналари

Ушбу Рим саройлари эрамиздан аввалги 2-асрда император Август ҳукмронлиги вақтида барпо этилган. Кейинчалик улар вайроналарга айланди. Аниқланганидан 100 йил ўтиб эса, Конимбриги сайёҳларни қабул қилишга шай. 

Суданнинг қадимги эҳромлари 

Айтиш жоизки, Суданда Мисрдагидан эҳромлар кўп. Аммо кўпчилик бу мамлакатни жаҳон харитасида топишга қийналиши мумкин. Узоқ давом этган фуқаролик урушидан сўнг, 2011 йил Жанубий Судан ажралиб чиққач, бу ерда сайёҳлик инфратузилмалари ривожлантирила бошланди. Хусусан, Explorations Company бой-бадавлат кишиларга маҳаллий маданий мерос иншоотларига келишда кўмаклашади. 6  кунлик саёҳат давомида Мероэ эҳроми ва Солеб ибодатхонаси қолдиқлари томоша қилинади. 

Марокашнинг қадимги пойтахти

Мавритания империясининг пойтахти жуда ҳам чиройли жойда, Мекнес яқинидаги Марокаш тоғларида жойлашган. Бироқ сайёҳлик қўлланмаларида бу шаҳар деярли қайд этилмаган. Айни вақтда вазият ўзгармоқда. Intrepid Travel каби туроператорлар Волюбилис шаҳрини Марракеш ва Шавен каби бошқа қадамжойлар рўйхати билан бир қаторга қўймоқда. Унинг вайронлари эрамиздан аввалги 3-асрга тегишли бўлиб, унда римликлар, насронийлар, мусулмонлар ва берберлар ўз юришларининг изини қолдирган. 

Колумбиянинг ғойиб бўлган шаҳри

Колумбиянинг Сьерра-Невадасидаги минг йиллик вайроналар Мачу-Пикчудан 650 йилга қадимийдир.Шаҳар Тайрон қабиласи томонидан тоғ чўққисида барпо қилинган бўлиб, пальмалар билан ўраб олган. Шаҳарда фаровонлик ҳукм сурган вақтда 10 мингга яқин инсон истиқомат қилгани тахмин қилинади. Кейинчалик чангалзорлар шаҳарни маҳв этган. Бу ерда маҳаллий ҳиндуларнинг томошаларига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. 

Шри-Ланкадаги Шер тоғи

Ўтган минг йилнинг 5-асрида Цейлон оролида ҳукмронлик қилган подшоҳ Кассап оролнинг қоқ марказидаги 180 метрлик гранитли баландликда қалъа барпо этишга қарор қилган. Даставвал қалъа улкан минора шаклида қуришга қарор қилинган. Ишчилар нафақат тош зинапоялар йўнишган, балки улкан шер шаклини ўйиб ясашган. 

Мавзуга оид