Жаҳон | 14:40 / 21.11.2017
14253
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистон БМТда Қозоғистондан шикоят қилди

Фото: haqqin.az

БМТ Бош Ассамблеясида 116та аъзо давлат «бир давлатнинг иккинчисига нисбатан бир томонлама иқтисодий чораларни қўллаш мумкин эмас»лигини ёқлаб чиқди. Қирғизистон делегацияси ушбу резолюция Қозоғистон билан чегарадаги вазиятни юмшатишига умидвор бўлмоқда.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, БМТ Бош Ассамблеяси Иккинчи қўмита ўз ишчи кунида иқтисодий, экологик ва молиявий масалаларга оид бир нечта резолюциялар тўпламини кўриб чиқди.

БМТдаги Қирғизистон Республикаси вакили Миргул Молдоисаеванинг айтишича, Қозоғистон жорий йилнинг 10 октябрь кунидан бошлаб чегарада сунъий тирбандликни ҳосил қилиб, маҳаллий иқтисодиётга зиён келтирмоқда.

«Давлатлар томонидан сиёсий ва иқтисодий мажбурият юзасидан бир томонлама иқтисодий чораларни кўриш ривожланаётган давлатлар учун мақбул ҳаракат эмас», дейди вакил.

Резолюцияни қабул қилишга АҚШ ва Исроил вакиллари қарши чиқиб, 49та давлат бетараф қолган.

Мавзуга оид