Фан-техника | 22:20 / 28.11.2017
6024
3 дақиқада ўқилади

Хитой 5G интернет бозорида етакчилик қилиши айтилмоқда

Фото: EAST NEWS

Хитойнинг 5G мобиль тармоқларини яратиш бўйича етакчи бўлишга интилиши мамлакатни кейинги 5 йил ичида OTT  (интернет орқали видеохизматлар кўрсатиш) бозорида етакчига айлантириши мумкин. Бироқ Пекиннинг ижодий контентни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кучли назорат қилиши бунда асосий тўсиқ бўлади, деб ёзмоқда Variety нашри.

5G тармоқларда маълумотларни узатиш тезлиги 4G’никидан ўнлаб марта тезроқ бўлиши кутилмоқда. Баъзи баҳолашларга кўра, бундай тармоқ орқали HD-сифатдаги 2 соатлик фильмни кўчириб олиш учун бор-йўғи 12 сония кифоя қилади. Бундай тезлик интернет орқали видеоларни узатиш учун мўлжалланган OTT (over-the-top) технологиясини кенгроқ қўллаш имконини беради. Нашрнинг фикрича, янги тармоқлар эвазига видеоконтент бозори Хитойда анча кенгаяди. Таҳлилчилар Хитойда 5G абонентлари сони 2020 йилгача ярим миллиардга етиши, бу эса дунёдаги абонентларнинг ярмини ташкил қилишини прогноз қилмоқдалар.

Хитойнинг технологиялар, оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникациялар департаменти PwC раҳбари Уилсон Чоунинг айтишича, Хитойда 5G 2020 йилдан жорий қилинади. “HD-видео узатиш тезлиги ва барқарорлигини оширувчи 5G тармоқлар фойдаланувчиларнинг ишини анча яхшилайди ва шу тариқа, Хитойда ОТТ саноати ривожига ёрдам беради”, деб айтмоқда Чоу.

Нашрнинг фикрича, Хитой ҳукумати томондан контент ва интернет устидан қаттиқ назорат мамлакатда ОТТ технологияларни ривожлантиришда катта тўсиқ бўлади. Жорий ёзда Хитой киберҳудуд соҳасида янги қонунларни қабул қилди, бу эса хорижий фильмларни сотишга жиддий зарба бўлди.

Бироқ Чоунинг айтишича, кейинги 5 йилда Хитойда бепул телевидениедан пуллик видеохизматлар томон катта қадам ташлаш юз беради. Бу ўз навбатида цензуранинг қатъийлигига қарамасдан, тармоқнинг барқарор ўсишига олиб келади. “Биз ОТТ бозори кейинги 5 йил ичида 20 фоизга ошишини, яъни 2021 йилда 4,5 млрд долларга етишини кутмоқдамиз”, деб айтган Чоу. 

iPhone’нинг янги версияларини яратиш устида ишлаётган муҳандислар 5G технологиясини ривожлантириш учун Intel билан ҳамкорлик қилмоқдалар. Шу билан бирга Apple’нинг янги авлоддаги модемларни етказиб беришда етакчи бўлган Qualcomm билан ҳамкорлиги тугатилиши мумкин.

Мавзуга оид