Сайёҳлар учун Тошкентдаги мўъжаз ва кўҳна маскан
Юртимизга ҳар мавсумда минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Уларнинг асосий саёҳати пойтахтимиз Тошкентдан бошланиши барчамизга сир эмас. Шундай вақтлар бўладики хориждан ташриф буюрган меҳмонларимизни қайси манзилга олиб боришни билмай қоламиз.
Одатда, сайёҳларни замонавий иншоотлар, янги мажмуалар эмас, балки шу мамлакатнинг тарихини, маданиятини акс эттирувчи музейлар, миллий бозорлар ва беқиёс ҳунармандчилик намуналари кўпроқ қизиқтиради.
Шундай экан, бугун сизларни Тошкент шаҳрида жойлашган муҳташам ва узоқ йиллик тарихга эга Ўзбекистон амалий санъат музейи билан яқиндан таништирамиз.
Мазкур музейга нафақат чет эллик сайёҳлар, балки юртдошларимиз, мактаб ўқувчилари, талабалар ҳам экскурсия уюштириб, саёҳат қилишлари мумкин.
Музей тарихига назар
Ўзбекистон амалий санъат музейи тарихи 1927 йилга бориб тақалади. Музейга Тошкентда “Ўзбекистон халқ усталарининг сара асарлари кўргазмаси” ташкил этилганида асос солинган. Кейинчалик мазкур кўргазма “Ўзбекистон халқ хўжалиги кўргазмаси” номи остида доимий тарзда ташкиллаштирилиб борилган.
1937 йил 7 июлда “Ҳунармандчилик музейи” сифатида фаолият кўрсата бошлади.
Қачон қурилган?
Музей биноси 1870 йилда қурилган бўлиб, 1896-1904 йиллари бу бинонинг бадиий безаш ишларида Тошкент ва фарғоналик кулоллар, ёғоч ва ганч ўймакорлиги усталари қатнашди. Таъмирлаш ишларида Тошкентлик усталар Шералихўжа Хасанов, Арслонқул Назаров, Олимжон Қосимжонов, Қўқонлик уста Норқўзи Нурматов, Риштонлик уста Абдулло ва марғилонлик уста Умурзоқ Аҳмедов жалб қилинган.
1960 йилдан музей номи “Амалий санъатнинг доимий фаолиятдаги кўргазмаси” тарзида ўзгартирилди. 1970 йилда музейнинг экспозициялар майдонини кенгайтириш мақсадида эски бино ҳовлиси янги иморатлар билан тўлдирилди.
Маҳобатли бинонинг бетакрор дизайни
Музейнинг марказий зали (меҳмонхона) архитектура жиҳатидан жуда ҳам серҳашам қилиб безатилган. Унинг деворлари ўймакор ганч бўлиб устидан темпера бўёқлар берилган. Залнинг нақшкор шифтини тўрт томондан моҳирона безатилган гулдор ва ўймакор устунлар ушлаб туради.
Шифтнинг қоқ ўртасида ва бурчакларида умумий композицияга мос тушадиган ховзаклар бор. Уларнинг атрофидан ўтказилган (планка) мураккаб геометрик чизиқли ховзак ичидаги гулларга қўшилиб кетади.
Залнинг шифти “кундал” услубида нақшдор қилиб ишланган бўлиб, унда юпқа олтин зарҳал қоғозлар жуда усталик билан ёпиштирилган.
Меҳмонхонанинг тўрида ва этагида иккитадан токча, бошқа бир томонида меҳроб бор. Токча нақшдор ганч панжара билан тўсилган.
Залнинг тўрида ва шимол томонида бир хилда, ўймакорлик билан ишланган иккита катта эшик бор. Уларни ўзбек амалий санъатининг энг яхши намуналаридан бири дейиш мумкин. Бу эшикларни кўздан кечирган ҳар бир киши устанинг санъатига, нафосатига қойил қолади.
Калонхона эшигининг пештоқига – китоба ўрнатилган бўлиб, араб ёзувида шарқ ҳикматли рубоийи форсий тилда битилган. Калонхона деворлари ганч ўймакорлиги билан ишланиб, тўқ ранглар ва зарҳал билан сайқалланган. Калонхона шипи ҳам ёғочдан ишланиб, алоҳида бўлакларга бўлиниб пардозланган. Шифт марказига хаузак ишланиб, кейинчалик у ерга ганч қандил осилган.
Калонхона деворларида 1985-1991 йиллар давомида Ўзбекистон ҳалқ рассоми Чингиз Ахмаровнинг шарқ миниатюраси асосида ишланган “Афсона”, “Наврўз”, “Сўзана”, “Кулол”, “Олимлар” номли асарлари холстга темпер бўёқлар билан чизилган.
Амалий санъатнинг нодир дурдоналари
Мустақиллик даврига келиб музей мажмуаси ноёб амалий санъат буюмлари билан тўлдирила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 18 августдаги 405-сон қарори билан “Амалий санъатнинг доимий фаолиятдаги кўргазмаси”га “Ўзбекистон амалий санъат музейи” номи берилиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилди.
Айни пайтда, Ўзбекистон амалий санъат музейи ўзбек халқининг бадиий ва декоратив санъати коллекциялари тўпланган “хазина”га айланган. Унинг фондида 7500 тадан зиёд экспонатлар мавжуд бўлиб, улардан 1000 га яқини экспозицияда ўрин олган.
Музей фондида ёғоч ўймакорлиги, ганч ўймакорлиги, бадиий кулолчилик, мисгарлик, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, лак миниатюраси, газламачиликнинг турли хиллари (читгарлик, атлас, адрас, беқасам, кимхоб, бахмал ва бошқалар) каби нодир буюмлар тўпламлари сақланмоқда. Бу бадиий асарлар ичида машҳур халқ усталари-хоразмлик ёғоч ўймакор устаси Ота Полвонов, бухоролик ганчкор уста Усто Ширин Муродов, самарқандлик уста Болта Жўраев, Умарқул Жўрақулов, қўқонлик уста Қодиржон Ҳайдаров, Лутфулла Фозилов, Тошкентлик уста Муҳиддин Рахимов, уста Усмон Зуфаров ва яна юзлаб ўзбек усталарининг ишлари ўзбек бадиий ҳунармандчилигини жаҳонга танитган асарлари сақланиб келинмоқда.
Миллий санъат жилоси
2017 йилнинг август-ноябрь ойлари давомида Ўзбекистон Амалий санъат музейи Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан ҳамкорликда Ўзбекистон халқларининг маданий-тарихий меросини,
урф-одатларини оммавийлаштириш мақсадида чет эллик сайёҳларга фольклор жамоалар томонидан миллий ўйинлар, анъанавий йўналишдаги созанда ва раққосаларнинг мусиқий дастурлари, шунингдек, миллий либослар намойиши ҳавола этила бошланди.
Миллий либослар намойиши
Фолклор жамоаларининг мусиқий дастурлар
2017 йил июль-ноябрь ойлари Ўзбекистон Амалий санъат музейи туристлар ва маҳаллий аҳолини жалб қилиш орқали 5 ой мобайнида жами 196,2 млн.сўмлик хизмат кўрсатди.
Музейда пуллик хизмат кўрсатиш
2017 йилнинг январь-ноябрь ойида музей томонидан пуллик хизмат кўрсатиш даражаси 2016 йилга нисбатан 80 % га ошди.
Музейда 3 тилда экскурсия ташкил этилади:
•ўзбек тили
•рус тили
• инглиз тили
Ўзбекистон амалий санъат музейи ўз фондида сақланиб келаётган ноёб, нодир экспонатларни, юртимиз тарихи, маданияти ва санъати дурдоналарини томоша қилишга ҳамда маданий ҳордиқ чиқаришга чорлаб қолади.
Манзил: Тошкент шаҳар, 100031, Ракатбоши-15.
Мўлжал: Космоновтлар метро бекати.
Маълумот учун телефонлар: 256-40-42, 256-28-58.
Музейнинг ишлаш вақти: 9.00-18.00 га қадар.
Музей дам олиш кунларисиз ишлайди.
Реклама ҳуқуқи асосида
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024