COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
Иқлимга мос туризм биринчи марта БМТ мақсадларидан бирига айланди. Меҳмонхона бизнеси вакиллари сув ва электр энергияси истеъмоли ҳажми тўғрисидаги маълумотларни қайд қилади.
Озарбойжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида иштирок этаётган 50 дан ортиқ давлат иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижрочи директори Зорица Уросевич 20 ноябр, чоршанба куни журналистлар билан суҳбатда бу қарорни «тарихий босқич» деб атади.
У иқлимга мос туризм биринчи марта БМТнинг иқлимни муҳофаза қилиш мақсадларидан бирига айланганини таъкидлади. Усоревичнинг сўзларига кўра, туризм бизнеси жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 3 фоизини ташкил қилади, шу билан бирга, бу сектор дунёдаги парник газларининг 9 фоизини ишлаб чиқаради.
Қайд этилишича, Бокуда тегишли келишувни имзолаган давлатлар иқлим муҳофазасини туризм соҳасида муҳимроқ омилга айлантирмоқчи. Шу билан бирга, аниқ мақсадларга эришиш режалаштирилган.
World Sustainable Hospitality Alliance меҳмонхона бизнеси бирлашмаси ўз фаолияти давомида парник газлари ташламалари, сув ва энергия истеъмоли каби маълумотларни ёзиб олиши ва ҳисобот беришини эълон қилди. Ассоциация раҳбари Гленн Мадзиукнинг айтишича, бу маълумотлар туризм саноати вакиллари ва саёҳатчиларга ўз ҳаракатлари оқибатларини тушунишга ёрдам беради. «Биз ҳар бир сайёҳлик йўналишини ҳимоя қилишдан манфаатдор бўлган сектормиз», деди у Бокудаги форум чоғида.
World Sustainable Hospitality Alliance бирлашмаси жами 7 миллион хонага эга 55 минг меҳмонхона манфаатларини ифодалайди. Ташкилот аъзолари орасида Accor, Hilton ва Marriott каби меҳмонхона тармоқлари ҳам бор.
Мавзуга оид
15:29
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл ва скутер кабиларнинг ҳаракати чекланди
18:12 / 28.11.2024
Энди Арктика яқинроқ. Гренландияда янги халқаро аэропорт очилади
17:27 / 26.11.2024
Қозоғистон паспорти Марказий Осиёда энг кучли деб топилди
21:30 / 23.11.2024