Жаҳон | 20:00 / 03.12.2017
26768
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг илк биткоин миллиардерлари ҳақида маълум қилинди

Фото: Reuters

Марк Цукербергни Facebook ғоясини ўғирлаганликда айблаган эгизак ака-укалар Тайлер ва Кэмерон Уинклвосслар дунёнинг илк биткоин миллиардерлари дея эълон қилинди. The Telegraph шу ҳақида хабар берди. 

Уинклвосслар биткоинларни судда Цукербергдан ютиб олган пулларга сотиб олишган. 2008 йилда Цукерберг ака-укаларга тинчлик битими асосида 65 миллион доллар тўлаган, 2013 йилда, яъни бир биткоин 120 долларга баҳоланган пайтларда улар 11 миллион долларга криптовалюта сотиб олишган. Telegraph маълумотларига кўра, улар дунёдаги барча биткоинларнинг тахминан 1 фоизига эгалик қилишади. 

"Бу криптовалюта инвестицияларида ишлаб олинган биринчи миллиард ҳисобланади, баҳсли актив учун аҳамиятли жиҳат", - дейилади манбада. 

Уларнинг молиявий ҳолати тахминан 100 минг биткоинга баҳоланади. Ўтган ҳафта криптовалюта 10 минг доллар кўрсаткични қайд этди. Манбада таъкидланишича, эгизаклар биткоинлар хариди билангина чекланиб қолишмаган, улар ўзларининг онлайн-биржа ва венчур фондларини ҳам очишган. "Биз биткоинларни ҳеч қачон сотмаганмиз, узоқ йилларни кўзлаб, маблағ  киритганмиз", - деган Кэмерон Уинклвосс 2015 йилда.

Биткоинлардаги 1 миллиард доллардан ортиқ маблағнинг яна бир эгаси криптовалюта асосчиси, Сатоши Накамото тахаллуси остида яширин инсон ҳисобланади. 

Ака-ука Уинклвосслар Ҳарвардда Марк Цукерберг билан бирга ўқишган. 2002 йилда улар яна бир талаба Дивья Нарендра билан бирга ConnectU (яна бир номи -HarvardConnection) ижтимоий тармоғи устида ишлашни бошлашган. Бир вақтлар Цукерберг улар билан ҳамкорлик қилган, у ўзининг шахсий thefacebook.com ижтимоий тармоғини йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб юрган ва 2004 йилнинг февралида уни ишга туширган.

Мавзуга оид