Дунёнинг энг ноёб 10 меҳмонхонаси (фотожамланма)
Бу меҳмонхоналар шу қадар ажойибки, дарҳол ўша ерда пайдо бўлиб қолгингиз келади. Қаерга йўл олиш ҳақида ўйлаб, танловни амалга оширинг - "Лайфхакер" дунёнинг энг ноёб 10 меҳмонхонаси ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.
1. Сув ости номерли меҳмонхона, Танзания
Manta Resort меҳмонхонаси Занзибарда жойлашган. Унинг яқинида уч бўлимдан иборат ноёб мажмуа мавжуд. Меҳмонлар хонаси ва ҳаммомли биринчи бўлим - денгиз сатҳи миқёсида. Иккинчиси дам олиш майдони бўлиб, у ерда кундузи тобланиш, тунда эса юлдузли осмонни томоша қилиб, завқланиш мумкин. Энг қизиқарлиси - учинчи бўлим. У сув остида жойлашган. Бу ётоқхона бўлиб, у ерда телевизор ўрнига - манзарали деразалар, уларнинг ортида эса - маржонлар, экзотик балиқлар ва бошқа денгиз жониворларини кўриш мумкин.
2. Телеминора-меҳмонхона, Нидерландия
Euromast меҳмонхонаси собиқ телевизион марказ - таниқли "Евроматч" биносида жойлашган. Унинг ҳашаматли номерлари Роттердам шоппинг-тумани узра қад кўтарган. Апартамент деразаларидан ажойиб манзара намоён бўлади. Бироқ махсус айланувчи кабинкада 185 метрлик кузатув майдонига кўтарилаётганингизда мисли кўрилмаган гўзаллик гувоҳи бўласиз.
3. Дарахтдаги меҳмонхона, Швеция
Лулео шаҳарчаси яқинида, Харадс ўрмонларида замонавий мебель ва бепул Wi-Fi'га эга меҳмонхона мавжуд. Бунинг нимаси ажабланарли дерсиз? Номерлар дарахтларда осиғлиқ! Treehotel мажмуи 5 мавзуий уйчани ўз ичига олган: "НУЖ", "Қуш уяси", "Кўзгули куб", "Кўк конус" ва "Ҳужра". Меҳмонлар Treehotel дизайни ва табиат билан уйғунлик ҳиссидан завқ олишади.
4. Ғордаги меҳмонхона, Италия
Sant’Angelo Luxury Resort меҳмонхонасининг ўзига хос жиҳати — бетакрор архитектура ва муҳит. У Матера шаҳрининг тарихий даҳасида жойлашган. Меҳмонхона номерлари қоялар ичида қурилган, уларнинг деразасидан эса ибодатхона ва Базиликат тоғларининг ажиб гўзаллиги намоён бўлади. Туф-ғорлар (туф - тоғ жинси)да яшаш жуда қулай: номерларда замонавий мебель, ҳаммом, душ, интернет, мини-бар бор. Бу меҳмонхонанинг энг бюджет номерларида яшаш аввалгисидан анча арзонроқ.
5. Эскимос-уйли меҳмонхона, Финляндия
Kakslauttanen туристик комплекси қутб доираси атрофида жойлашган. Меҳмонларга таклиф қилинадиган асосий хизматлардан бири — ойнали томга эга хоналарда яшаш, у ерда иссиқ ўринда ётиб, шимолий ёғдудан баҳраманд бўлиш. Камалаксимон чизиқларни август охиридан апрелгача кўриш имкони юқори. Мўъжизани кутиб эса, итларга боғланган чаналарда учиш, музли сув ҳавзаларида чўмилиш ёки саунага бориш мумкин.
6. Поезд-меҳмонхона, Буюк Британия
The Old Railway Station — йўл романтикасига ошуфта кўнгиллар учун айни муддао. XIX асрда бу ерда вокзал бўлган. Ҳозирда бу бепул Wi-Fi'га эга ажойиб меҳмонхона. Кутиш зали энди меҳмонлар зали сифатида хизмат қилмоқда. Ундан ёзда меҳмонларга нонушта бериладиган платформага чиқиш ва номерларга ўтиш мумкин. Номерлар қирол Эдуарднинг қайта жиҳозланган Пульман вагонларида жойлашган.
7. Воҳа-меҳмонхона, Бирлашган Араб Амирликлари
Нафақат денгиз қирғоғида, балки саҳро ўртасида ҳам тўлақонли дам олиш мумкин. Al Maha A Luxury Collection Desert Resort And Spa меҳмонхонаси бунинг энг яхши тасдиғидир. Дубай қумларида сузиш ҳавзалари ва қадимий мебелли қулай меҳмонхона биноси туради. Шунингдек, соғломлаштириш маркази, сауна, бир неча ресторан ва саҳро бўйлаб туяларда экскурсия қилиш меҳмонлар хизматига шай.
8. Қамоқ-меҳмонхона, Германия
Кайзерслаутерн шаҳри марказида, Япон боғи яқинида, собиқ қамоқ биносида Alcatraz меҳмонхонаси жойлашган. Унда меҳмонлар ўзларини "маҳбуслардек" ҳис қилишлари мумкин, агар исташса, албатта. Одатий апартаментлар билан бир қаторда панжарали камера-номерлар бор. Хоҳласангиз, нонуштангизни ҳам темир эшик дарчасидан узатишади. Истаган вақтингизда бундай хонани тарк этиб, оддий номерга ўтишингиз мумкин.
9. Футуристик меҳмонхона, Польша
Blow Up Hall 5050 меҳмонхонаси — гиклар учун айни муддао. Ўта замонавий дизайн ва сўнгги технологиялар ўзингизни келажакка тушиб қолгандек ҳис қилиш имконини беради. Меҳмонларга одатий карта-калитлар ўрнига iPhone берилади. Смартфон нафақат эшикларни очади, балки Познанда яшаш вақтида доим алоқада бўлишга ёрдам беради.
10. Эльбрусдаги капсула-меҳмонхона, Россия
Тоғ-чанғисини яхши кўрадиганлар учун мукаммал маскан. LeapRus меҳмонхонаси мағрур Эльбрус қоясида, деярли 4 минг метр баландликда қуёш чиқиши ва ботишидек бетакрор манзаралардан баҳраманд бўлиш имконини беради. Номерлар у қадар катта бўлмаса-да, жуда қулай: ётоқхоналар, иссиқ пол, бепул интернет ва гўзал манзара.
Мавзуга оид
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
23:10 / 24.10.2024
2024 йилда чет элга саёҳатга борган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди
11:00 / 09.10.2024
Америкалик аёл бор мулкини сотиб, орзусидаги саёҳатга чипта олганди. Аммо унга кемага чиқиш тақиқланди
16:26 / 08.10.2024