Жамият | 16:19 / 08.12.2017
126958
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир бизни тарк этди

Руҳ ва тана. Ажойиб уйғунлик. Бир-бирига жипслашган, аммо қачондир бир-бирини тарк этадиган жуфтлик. Бу айрилиқ фонида она боласидан, бола отасидан, ака укасидан, хуллас, оғир жудоликларга учраган инсоният манзараси қолади...

Кўп бўлмади, жорий йилнинг 27 ноябрь куни KUN.UZ сайти орқали 2003 йилда туғилган, аммо оғир дард билан курашаётган Жаҳонгир ҳақида “Ҳали у бир йигит бўлсин, қадамидан чақмоқ чақнаган...”: саховатпеша инсонлар кўмагига муҳтож болажон ҳақида” деган мақола эълон қилинган эди. Гап нима ҳақида кетаётганини тушундингиз, бир бемор боланинг даволанишига оз бўлсада ўз ҳиссамизни қўшишга ундовчи хайрия мақоласи эди у. Аммо...

Жаҳонгир куни кеча оламдан ўтди... Инсон ҳар доимгидек Яратганнинг олдида ожиз қолди. У ўзи истаган пайтда, ўзи истаган ишни бажарди. Тақдири илоҳий...

Даволаниш даври давомида Жаҳонгир ижтимоий тармоқ орқали шундай деб ёзади: “Мана, бугунги кунимни ҳам бир амаллаб ўтказдим. Кўчага чиқиб кайфиятим кўтарилди. Мени бир нарса қийнаяпти: қайер яхши экан? Ҳиндистонга боришга имконимиз йўқ. Бу ерда даволаниш эса (Россияда – таҳр) бир қараса яхши, бир қараса ёмонга ўхшаяпти. Оллоҳим, ўзинг тўғри йўлни кўрсат: Ҳиндистон яхшимикан ёки бу ер?..”.

Унинг мана бу сўзларига эътибор беринг: “...Орзуларимдан бири президент бўлиш ва халққа кўмаклашиш. Беморларнинг саломатлиги тикланиши учун барча ёрдамни бериш ва юртимни янада ривожлантириш...”

Жаҳонгирнинг ёзганларини ўқир экансиз, кўзингиздан беихтиёр ёш қуйилади. Ҳар икки гапининг бирида ота-онасини ўйлаётган, улар учун ғам чекаётган бола Аллоҳга нола қилади, уларнинг мушкилини осон қилишини сўрайди.

Жаҳонгирнинг отаси бизга билдиришига кўра, яқин вақтлар ичида ушбу хайрия акциясида йиғилган барча пулларни беморларга тарқатиб беришимизда кўмаклашади.

KUN.UZ таҳририяти номидан ушбу хайрия акциясига қатнашиб, ўз ёрдамини аямаган барчадан миннатдормиз. Барчаси, албатта, яхшиликка. Бирор жон йўқ-ки, Аллоҳ ҳузурига йўл олмаган. Жаҳонгирнинг ота-онасига сабру жамил, Жаҳонгирга холис ёрдам қўлини чўзганларга катта миннатдорлик билдириб қоламиз.

Мавзуга оид