Light | 10:52 / 09.12.2017
31478
3 дақиқада ўқилади

Машинани двигатель билан тўхтатишда ёқилғи тежаш усуллари

Фото: Autofocus.ca

Баъзан айрим ҳайдовчилар ёқилғини тежаш илинжида маълум бир тезликка эришганидан сўнг машина трансмиссиясини нейтрал ҳолатга туширишига кўпчилик гувоҳ бўлган. Бироқ бу билан ёқилғи тежалишига умид қилмаса ҳам бўлади. 

Аммо кўплаб автоҳаваскорлар имкон топди дегунча, бу усулдан фойдаланишга уринади. Улар шу йўл билан ёқилғини тежайман, деб ўйлашади. Айниқса, тепаликдан пастга тушишда ҳаракатланиш инерциясидан қандай фойдаланмаслик мумкин, ахир? Лекин бу биринчидан хавфли амалиёт бўлса, иккинчидан ёқилғини тежашни йўққа чиқарадиган ишдир. Lifehacker.ru сайтида эълон қилинган мақола шу ҳақда. 

Бир қарашда муаммо нимада эканини тушуниш қийин. Мантиқан баҳолаганда барчаси ишлаши керак: нейтрал узатмада двигатель ортиқча зўриқмасдан ишлайди ва шунга кўра ёнилғи сарфи камаяди. Узатма бошқа бўлганида ёқилғи цилиндрга сепилади ва бекорга сарфланади. Аслида барчаси аксинча бўлади. 

Сиз газ педалини қўйиб юборганда ёқилғини цилиндрга сепиш шундоқ ҳам тўхтайди. Ҳатто эски карбюраторли автомобилларда ҳам шундай бўлади. Нейтрал узатмада эса, мотор паст айланмада ишлашда давом этади, бунда бир соатда мотор ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2 литргача ёки ундан кўпроқ бензин сарфланиши мумкин. 

Нейтрал узатмада машина двигатели ўчиб қолмаслиги учун мотор айланиши дақиқасига 1 000 айланмада ушлаб турилади. Двигатель билан тормозлашда бу ғилдираклар ҳисобига амалга ошади ва ёқилғи сарфланмайди. 

Шундай қилиб, ёқилғи тежаш илинжида, биз ёқилғини сарфлаётганимиз ойдинлашади. Бундан ташқари ўзимизни хавф остига қўйганимиз ортиқча. Тепаликдан пастга нейтрал узатмада тушаётганда ғилдиракларнинг йўл билан ишқаланишини ёмонлашади, шунга кўра, машинани бошқариш ҳам қийинлашади. Бундан ташқари, тормоздан кўпроқ фойдаланишга тўғри келади, бу эса, тормоз колодкалари қизишига ҳамда тормоз тизимининг ишдан чиқишига олиб келиши мумкин. 

Умуман олганда, автомактабларда тепаликдан пастга ҳаракатланаётганда двигатель билан тормозлаш қоидаси ўргатилади, нейтрал узатмага олиш тақиқланишидан огоҳ этишади. Шундай экан, бу маслаҳатларга амал қилган мақсадга мувофиқ. Бу қоидани бузиб, сиз фойда кўрмайсиз, аксинча янада қийин вазиятга тушиб қолишингиз мумкин. 

Сафарингиз доимо бехатар бўлсин!

Мавзуга оид