Ўзбекистон | 14:36 / 09.12.2017
41881
2 дақиқада ўқилади

Президент аҳолини картошка билан тўла таъминлаш масаласи ҳақида гапирди

Фото: ЎзА

Бугун Ўзбекистонда давлат раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланмоқда.  “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ушбу санага бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тантанали маросимда президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев тадбирда аҳолини картошка билан таъминлаш масаласи ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Халқимизни энг кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулот турларидан бири бўлган картошка билан тўла таъминлаш учун йилига ўртача 50 минг тонна сифатли картошка уруғини етиштиришимиз талаб этилади. Бунинг учун Голландия, Польша, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликда замонавий лаборатория ускуналарига эга бўлган маҳаллий уруғчилик маркази ва махсус корхоналар ташкил этишимиз керак”, - деди президент.

Шунингдек, давлат раҳбарининг таъкидлашича, 2018 йилда мамлакатда етиштирилаётган 1 миллион 200 минг тонна пахта толасини Ўзбекистонда тўлиқ қайта ишлаб, хорижга фақат тайёр маҳсулотлар экспорт қилишни йўлга қўйиш зарур.

Таъкидланишича, сув ресурслари чекланган минтақада деҳқончилик қилиш, мўл ва сифатли ҳосил олиш мақсадида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берилиб, бугунги кунда қарийб 240 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар, жумладан, 28 минг гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди.

2017 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан байрам арафасида аграр соҳада улкан ютуқларни қўлга киритган, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган, бу борада ўзига хос мактаб яратган фидоий фуқаролардан 167 киши ватаннинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Мавзуга оид