Жаҳон | 09:39 / 09.12.2017
48592
2 дақиқада ўқилади

Сирлар очилмоқда. Муаммар Қаззофийнинг собиқ маслаҳатчиси баёнот берди

Фото: Башир Салоҳ Башир

Ливиянинг 2011 йилда ўлдирилган етакчиси Муаммар Қаззофийнинг собиқ маслаҳатчиси Башир Салоҳ Башир RT’га берган интервьюсида собиқ давлат раҳбарига қарши фитна сабаблари ва ташкилотчилари ҳақида айтиб ўтди.

Суҳбат давомида унинг таъкидлашича, Қаззофий инқилоб сабаб ҳокимиятдан ағдарилмаган ва ўлдирилмаган, балки аввалдан режалаштирилган фитна қурбонига айланган.

«Бу инқилоб эмасди. Бу Қаззофий ва бошқа кўплаб давлатлар етакчиларига қарши фитна эди. Қаззофий ва бошқа президентларни ҳокимиятдан ағдариш бўйича жиддий режалаштирилган ҳамда ўта нозиклик билан амалга оширилган режа – Миср, Тунисда ҳам шу бўлди», - дея айтиб ўтди Башир.

Фитнадан мақсад, унинг сўзларига кўра, исломни диндан маданий ҳодисага айлантириш керак бўлганидадир.

«Бизга оламга Умар Хайём ва замонавий цивилизация ривожига ҳисса қўшган бошқа олимларни берган ислом керак», - дея Башир АҚШ собиқ президенти Ричард Никсондан иқтибос келтирди.

Хулоса ўрнида унинг тахмин қилишича, Қаззофийга қарши фитна Қўшма Штатлар томонидан ташкиллаштирилган.

«Улар (АҚШ) Қаззофийни ғарб маданияти ва ғарбий ҳаёт тарзига қарши инсон деб билишган. Уни жаҳон тартибини йўққа чиқаришга уринаётган одам сифатида кўришган. Ҳамда улар унга қарши фитна уюштиришди. Кейин эса 40 давлат саккиз ой давомида Ливияга қарши уруш олиб борди», - дея аниқлик киритди у.

Эслатиб ўтамиз, Ливия собиқ етакчиси Муаммар Қаззофий 2011 йилнинг 20 октябрь куни НАТО томонидан қўллаб-қувватланган исёнчилар томонидан ўлдирилди. Унинг ўлимидан сўнг мамлакат бир неча ҳудудлардан бўлиниб кетди, улар турли гуруҳлар томонидан назорат қилинмоқда.

Мавзуга оид