McLaren афсонавий пойгачи Айртон Сенна шарафига спорткар яратди
Британиянинг McLaren автоконцерни бразилиялик афсонавий пойгачи, фожиали равишда ҳалок бўлган Айртон Сенна шарафига номланган Senna спорткарини тақдим қилди.
Таъкидланишича, Senna Англиянинг Уокинг шаҳридаги заводда йиғилади. Машинадан 500 дона чиқариш режалаштирилган. Унинг нархи 750 минг фунт стерлингни ташкил қилади.
Ҳар бир сотилган машинадан Сенна томонидан асос солинган Senna Foundation хайрия ташкилотига маълум маблағ ўтказилади. Машиналар аввалдан ўз эгаларини топиб бўлдилар.
Машина анча ноодатий дизайнга эга. Муҳандислар кузовнинг аэродинамик қаршилигини турли усуллар билан камайтиришга ва шу билан бирга совитиш тизимини яхшилашга ҳаракат қилишган. Бу суперкар аэродинамик қувурда беҳисоб соатлар давомида ўтказилган синовлар натижаси ҳисобланади. Машинанинг диффузорлари ва аксқанотлари, карбон-керамик тормозлари ўзига жалб қилади, Pirelli P-Zero Trofeo R шиналари эса пойга болиди каби трасса билан илашиш даражасини беради.
Салон углерод толадан ишланган бўлиб, орқа кўриниш камераси, ахборот-кўнгилочар тизим билан жиҳозланган. Машинанинг ён ойналари икки қисмдан иборат бўлиб, унинг юқори қисми силжимайдиган, пастки қисми очиладиган қилиб ишланган.
Машинада 4 литрли, 800 от кучига эга, 8 цилиндрли двигатель ўрнатилган. Машинанинг оғирлиги 1198 кг ни ташкил қилади. Машинанинг қолган кўрсаткичлари ошкор қилинмаган, бироқ улар ҳам ҳайратлантириши аниқ.
Шуни айтиш керакки, машинанинг яратилишида марҳум пойгачининг жияни, автопойгачи Бруно Сенна ҳам иштирок этди.
Машина Женева автосалонида тақдим қилингандан кейин, 2018 йил 3-чорагидан бошлаб ишлаб чиқарилади.
Айртон Сенна 3 карра “Формула-1” чемпиони, 1994 йил Сан-Марино Гран-приси вақтида фожиали тарзда ҳалок бўлган.