Ўзбекистон | 14:57 / 16.12.2017
18111
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёнинг бой тарихини намоён этувчи китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги

Сурхондарё вилояти Маънавият ва маърифат Кенгаши ҳамда Сурхондарё вилоят Маънавият ва маърифат бўлими томонидан вилоятнинг ўтмиши, муқаддас қадамжолари, воҳанинг шонли тарихидан дарак бериб турувчи тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари, бугунги кундаги тараққиёт одимлари, такрори йўқ, беназир сўлим табиати, маданияти, урф-одатлари, қадрият ва анъаналарини ўзида акс эттирган бир сўз билан айтганда қадим ва енгилмас маънавиятини намоён этувчи “Сурхондарё: буюк ўтмишдан, ёрқин келажак сари” номли китоб-альбомининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати Kun.uz'га хабар қилган.

Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги
Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги

Тақдимотда олимлар, зиёлилар, маънавиятчилар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, ёшлар, ОАВ вакиллари ҳамда китоб-альбомни чоп этган “Маънавият” нашриёти раҳбари - Суннат Аҳмедович Аҳмедов, дизайнер – Соҳибов Шуҳрат Шамсиддинович ҳамда Ишчи гуруҳи аъзолари, муаллифлар иштирок этишди.

Китоб яратилиши жараёнида ҳар бир туманнинг ўзига хос табиати, муқаддас ва тарихий қадамжолари, урф-одатлари, фасллар алмашинуви, ҳунармандчилик намуналарига, кийиниш маданияти, машғулоти умуман олганда Сурхон воҳаси аҳолисининг ўзига хос характерини кўрсатиб беришга алоҳида эътибор қаратилди.  

Мазкур китобни тайёрлаш жараёни 3 босқичда амалга оширилди. Дастлаб мутахассис-олимлардан ташкил топган Ишчи гуруҳ томонидан китобдан жой олиши лозим бўлган объектлар рўйхати шакллантирилиб, улар ҳақида тўлиқ маълумотлар базаси яратилди.

Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги
Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги
Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги

Иккинчи босқичда мазкур рўйхат асосида юқори тажрибага эга бўлган фотографлар жалб этилиб, объектларни суратга олиш ишлари олиб борилди. Китоб-альбомнинг яратилишидаги ҳал қилувчи учинчи босқичда тўпланган маълумотлар ва фотосуратларни умумлаштириш ва таҳрир қилиш ишлари олиб борилиб, яхлит асар ҳолига келтирилди.

Ушбу ишларни амалга оширишда вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси Эркинжон Турдимов бошчилигидаги тузувчи муаллифлар ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари Р.Қўчқоров, Ш.Пидаев, С.Аҳмедов, Ф.Шарипов, Ф.Эргашев, Б.Турғунов, Е.Рябова, С.Турсунов, З.Алимардонова, Ш.Соҳибовлар китоб-альбомга киритилган ҳар бир фотосурат ва маълумотларнинг жойлашиши, дизайни устида иш олиб борди. 

Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги
Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур китоб 2000 нусхада, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган бўлиб, айни кунларда вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши раисининг ташаббуси билан ушбу китобнинг айрим ўзгартиришлар киритилган ҳолдаги қўшимча ўзбек, инглиз ва япон тилида 1000 нусхада чоп этишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Умуман олганда вилоятнинг тарихи, бугуни ва келажагини, унинг бетакрор табиатини акс эттирувчи бу каби китобларнинг кўплаб яратилиши, айниқса чет тилларда чоп этилиши воҳада туризмнинг ривожланишига, ҳудуд иқтисодиётининг ўсишига пировардида эса мамлакатнинг тараққий этишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид