Фан-техника | 18:14 / 18.12.2017
6793
2 дақиқада ўқилади

Alphabet X'нинг янги технологияси миллионлаб ҳиндистонликларни интернетга улайди 

Фото: East News

Alphabet компаниясининг тажриба бўлими ҳисобланган Alphabet X Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штати ҳукуматига Free Space Optical Communications (FSOC) технологиясини сотиш ҳақида эълон қилди. FSOC - мамлакатнинг қишлоқ ҳудудлари аҳолисига интернетга уланиш имконини берувчи эркин алоқа оптикаси.

Alphabet компанияси ҳинд штатига Project Loon ташаббуси доирасида ишлаб чиқилган 2 минг FSOC қурилмасини тақдим этади. Бу йирик нуқталар -  мобил алоқа миноралари ва Wi-Fi зоналарига уланувчи кичик қутичалар. Улар бир-биридан бир неча километр нарида, томлар ёки устунларда жойлашган бўлиб, ёруғлик нурлари воситасида хабарлашади ҳамда яқин орадаги минтақаларни тезкор интернет билан таъминлайди. 

Бугунга келиб, Андхра-Прадеш аҳолисининг 20 фоизи тармоққа кириш имконига эга. Штат ҳукумати мақсади — 2019 йилга бориб, 12 миллион уй хўжалиги ва корхоналарни интернет билан таъминлаш. Режадаги тезлик фуқаролар учун - 15-20 Мбит/с ва ташкилотлар ҳамда хусусий компаниялар учун - 1 Гбит/с.

FSOC технологияси биринчи марта Project Loon аэростатини ишлаб чиқишга доир лойиҳада Google X томонидан қўлланган. Ҳаво шарлари стратосферага кўтарилиб, сайёра аҳолисини 4G LTE симсиз алоқа стандарти билан таъминлаши керак эди. Кузда компания уни "Мария" довули асоратларини бартараф этишда ёрдам бериш учун  Пуэрто-Рико узра ишга туширди.

Alphabet компанияси FSOC жиҳозларини Loon лойиҳасининг "янгича ёндашуви" деб атади. Alphabet X муҳандисларидан иборат жамоа технологияни татбиқ этишга кўмаклашиш учун Ҳиндистонга йўл олади. 

Мавзуга оид