Жаҳон | 07:20 / 18.12.2017
3340
1 дақиқада ўқилади

Нигерияда БМТ гуманитар карвонига ҳужум қилинди – ОАВ

Фото: AP Photo / Sunday Alamba

Нигерияда БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури карвонига ҳужум қилиниши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Daily Post Nigeria нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг маълум қилишича, БМТнинг озиқ-овқат юкланган юк машиналарига 16 декабрда Борно штатида ҳужум қилинган. Ҳужум оқибатида 4 ҳайдовчи ҳалок бўлган, яна 3 киши ўғирлаб кетилган. Бундан ташқари, битта юк машинаси ёқиб юборилган.

Таъкидланишича, ҳужумни “Боко Ҳаром” экстремистик гуруҳи жангарилари амалга оширган.

БМТ вакили карвонга ҳужум қилинганини тасдиқлаган. Хабарда ўлдирилган ҳайдовчилар БМТ ходимлари бўлган-бўлмагани маълум қилинмаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид