Қирғизистонда янги можаро: Бишкекда Бабановга тегишли телеканални эгаллаб олишга уринишди (Видео)
Қирғизистон пойтахти Бишкекда депутат, айни дамда мамлакат ташқарисида бўлиб турган Омурбек Бабановга тегишли бўлган НТС телеканалини эгаллаб олишга уринишди. Бу ҳақда 24.kg'га таҳририят журналистлари хабар беришган.
Уларнинг сўзларига кўра, кеча номаълум шахслар милиция ҳамроҳлигида бинога бостириб кириб, ўзларини суд ижрочилари сифатида таништиришган ва бош директорни талаб қилишган. «Улар суд қарорига кўра, бинони ичидаги техникалар билан бирга муҳрлаб қўйиш ҳамда эфирни тўхтатиш ҳақида топшириқ берилганини маълум қилишди. Бизнинг юристлар улар билан музокаралар олиб борди. Телеканал раҳбари Жайнак Усен ўғли сафарда», - дея таъкидлаб ўтган журналистлар.
Бишкек ИИББ маълумотларига кўра, телеканалга пойтахтнинг Туманлараро суди суд ижрочилари келишган.
НТС телеканали бугун эфирга чиқишни тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда компания раҳбарлари махсус матбуот анжуманида хабар беришди.
Уларнинг сўзларига кўра, Бишкек шаҳри Туманлараро судининг суд ижрочилари НТС топ-менежментига 20 декабрь куни соат 11.00га қадар муҳлат беришган.
Телеканал раҳбарияти рўй берган ҳодисани рейдерлик уриниши деб баҳолади ва эфир давом этиши учун барча нарсани қилишга ваъда берди. НТС манфаатларини ҳимоя қилаётган юристларнинг таъкидлашича, канал техникаси ҳамда мол-мулкини хатловга олиш тўғрисидаги қарорга шикоят беришади.
Қайд этилишича, кеча кечқурун телекомпания офисига суд ижрочилари милиция ва Grexton Capital Ltd. компанияси вакили Елена Демидович ҳамроҳлигида келишган.
Маълум бўлишича, юқоридаги компания офшор зонасида рўйхатдан ўтган ҳамда баъзи маълумотларга кўра, ҳокимиятдан четлатилган президент Курманбек Бакиевнинг ўғли Максимга тегишли компаниялар гуруҳига киради.
Елена Демидовнанинг сўзларига кўра ва Туманлараро судга мувофиқ, НТС телеканали техникаси рўйхатга олиниши, мол-мулки хатлов қилиниши, бино эса суд қарори чиқарилгунига қадар муҳрлаб қўйилиши лозим.
Grexton Capital Ltd. бир неча компания, юридик ва жисмоний шахсларни судга берган. «Иш бўйича жавобгар сифатида «Трастмеди» ҳамда «Аян», учинчи шахслар бўлиб эса – НТС ва Аламудун тумани давлат регистри бор», - дея аниқлик киритди телеканал директори Жайнак Усен ўғли.
Эслатиб ўтамиз, Омурбек Бабанов «Республика — Ата Журт» парламент фракцияси раҳбарлигидан кетди. Унга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди – конституциявий тузумни ўзгартиришга чақириқ ва миллатлараро нифоқни келтириб чиқариш. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терговни олиб бормоқда.
Мавзуга оид
12:17 / 29.11.2024
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бўлимида ходимлар учун намозхона очилди
13:40 / 24.11.2024
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланади
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024