Ўзбекистон | 20:40 / 20.12.2017
41033
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири: Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори-дармон учун ажратилган 47 миллиард сўмни ишлатмаган

Молия вазири Жамшид Қўчқоров. Фото: KUN.UZ

20 декабрь куни иш бошлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIII ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров бир нечта вазирлик ва идоралар давлат бюджетдан режа асосида ажратилган маблағларни тўлиқ ўзлаштирмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

«Жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги — 60 миллиард сўм; Халқ таълими вазирлиги — 40 миллиард сўм; Маданият вазирлиги 8 миллиард сўм маблағни ишлатолмай қолган. Бунга турли даражадаги молия тизими мутасаддилари, қолаверса, маблағни ўзлаштириши зарур бўлган вазирлик вакиллари томонида йўл қўйилган камчиликлар сабаб бўлди», деб таъкидлаган Жамшид Қўчқоров.

Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган маблағларнинг 47 миллиард сўм қийматидаги пуллар дори-дармон воситаларини сотиб олишга ажратилганди. Нега Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат бюджетида кўрсатилган маблағни ўз вақтида ўзлаштира олмади?

Мазкур саволга жавоб берган Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг айтишича, вазирлик дори-дармонларни қимматлиги учун сотиб олмагани, текширувлар ўтказилганида, дори-дармонларнинг ўртача нархи 4 баробардан 8 баробаргача оширилгани ошкор бўлган.

«Айрим дорилар 4та давлат орқали 8та даллолнинг қўлидан ўтиб, уларнинг нархлари оширилгани маълум бўлмоқда. Шу туфайли, тузилган шартномаларни тўхтатишга қарор қилдик. Тез орада дори-дармон ва асбоб-ускуналарни оптимал нархларда сотиб олиш ишлари охирига етказилиб, харид қилинган дорилар ўз эгаларига топширилади», дейди вазир.

Шу ўринда Молия вазири «бюджетдан ажратилган маблағлар йил якунида «​куйиб»​ кетмаслигини олдини олиш мақсадида, дори-дармон учун ажратилган 47 миллиард сўм декабрь ойининг охирги кунларида махсус ҳисоб рақамга, вазирлик номига ўтказиб берилишини билдирди.

Мавзуга оид