Ўзбекистон | 11:10 / 20.12.2017
66739
3 дақиқада ўқилади

«Самарқандга сўконғич ҳоким ярашмайди»

Самарқандда маҳалла оқсоқоллари, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов ҳеч кимнинг қўл остида ишлаётганларга дўқ уришга, уларни бўлмағур сўзлар билан ҳақорат қилишига ҳақли эмаслигини эслатди.

Йиғилишда шаҳар ҳаётига оид қатор масалалар, жумладан, келаётган Янги йилга тайёргарлик, жиноятчиликка қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар, аҳолини газ ва электр энергияси билан таъминлашдаги аҳвол, коммунал тўловларни ундириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди.

Ҳар бир раҳбар ўзига юклатилган вазифани чин дилдан бажарса, ортиқча гапга, мажлис ва панду насиҳатга ҳожат қолмаслигини уқтириб, Фурқат Раҳимов шундай деди: «Самарқанд азалдан маданият ва маърифат ўчоғи бўлган. Бу ерга сўконғич раҳбар ярашмайди, бу эски маънавият ўчоғи қўпол сўзни кўтаролмайди».

У тўпланганларга мурожаат қилиб, шаҳар ҳокимлиги ҳар бир раҳбардан фақат унинг эгаллаб турган мансабидан келиб чиқадиган вазифаларнигина бажаришни талаб қилишини таъкидлади. «Шу сабабли ҳар бир киши ўз зиммасидаги юмушни вақтида бажарса, олам гулистон. Акс ҳолда, бундай раҳбар кимга керак? Сўкиш билан бундайларни тузатиб бўладими?» — деди шаҳар ҳокими.

Аслида, ҳеч кимнинг бировни ҳақорат қилиши, унинг қадр-қимматини ерга уриши, уни камситиши мумкин эмас. Давлатимиз Бош қомусининг 13-моддасида қуйидаги сўзлар муҳрлаб қўйилган: «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади». Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрда ўтказган селектор йиғилишида раҳбарларнинг муштумзўрлиги давлат сиёсатига зид эканлигини таъкидлаб, «бу бизга номаъқул нарса, бу иллатни йўқ қилиш керак», деган эди.

«Жамиятдаги адолатсизлик, ихтилоф ва низо-жанжалларнинг асосий сабаби шуки, ҳукмдорлар ўз давлатини идора қилиш сиёсатида адолатли қонунлардан тўғри фойдаланмасдан, уни бузиш орқали халққа хиёнаткорлик қиладилар». Ушбу сўзлар Абу Райҳон Берунийга тегишли.

Хожа Самандар Термизийн ўзининг 1695–1696 йилларда ёзган «Дастур ул-мулук» («Подшоҳларга қўлланма») китобида «подшоҳ ўз аъёнлари ва хизматчилари билан ҳамиша яхши муносабатда бўлиши лозим, ҳамкор, якдил дўстлар бошлаган иш ҳамиша олдинга силжийди», деб маслаҳат беради.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

журналист

Мавзуга оид