Жамият | 22:48 / 21.12.2017
56486
5 дақиқада ўқилади

Эски деҳқон бозорининг бузилиши бўйича ҳокимлик изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

KUN.UZ сайти таҳририятга ҳудудлардан келган мурожаатларни ўрганиш ва жойлардаги мавжуд муаммоларни кенг жамоатчилик эътиборига етказиш борасида саъй-ҳаракатларни давом эттириб келмоқда. 

Таҳририят мухбирлари 19 декабрь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридан тушган мурожаатларни атрофлича ўрганиш мақсадида ушбу шаҳарга борди. Асосан маҳаллий тадбиркорлардан тушган мурожаат шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган бозорнинг кўчирилиши билан боғлиқ эди. 

Жойига чиқиб вазият билан танишганимизда, ҳақиқатдан ҳам шаҳарнинг темир йўл вокзали, бир томондан шаҳар ҳокимияти ва бошқа маъмурий бинолар яқинида 3 та йирик бозор фаолият юритганига гувоҳ бўлдик. Шу йилнинг январида бозорларнинг бири – деҳқон бозори Боёвут туманининг Гулистон шаҳри билан чегарадош ҳудудига кўчирилгани баъзи тадбиркорлар ва аҳоли орасида норозиликлар, тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. 

Бузилиши тўхтаб қолган, у ёқли ёки бу ёқли бўлишини кутаётган бозордаги санитар аҳволни тасвирлар сўзлаб турибди. Унга олиб борувчи йўллар ҳам ола-тасирда бузилиб ташлангани ҳолида. Лекин аҳолининг аксари шу бозорга кўниккани сабабли шаҳар четида янгидан барпо қилинган бозорга боришни унчалик ҳам маъқул кўраётганлари йўқ.

Ҳозирча, бузилмай қолган икки бозор, шу жумладан халқ тилида Қўқон бозор деб номланувчи, яқинда аланга домида қолган кийим кечак бозори фаолиятини ўз ўрнида давом эттирмоқда. Хўш, аҳоли ва тадбиркорларнинг норозиликлари нималардан иборат?

Уларнинг айтишича, бозорни кўчиришдан аввал халқ фикри ўрганилмаган, чунки аксарият шаҳар аҳолиси ушбу бозорга ўрганган, ишдан уйларига қайтиш чоғида ҳам савдо-сотиқ қилиш учун қулай бўлган. Тадбиркорлар эса, янги қурилган деҳқон бозорида жой танқислиги, савдо-сотиқ билан шуғулланишни истаганларнинг барчасига ҳам савдо расталаридан жой етмаганлиги, харидорларнинг барчаси ҳам янги бозорга бормаётганлиги учун тушум камлиги, қишда совуқлигидан нолишмоқда. Шу сабабли айримлари Қўқон бозорга туташ йўлнинг чеккаларида ҳам савдо қилишга мажбур бўлишмоқда. 

Бундан ташқари бузилиши режалаштирилаётган бозор айни вақтда ёпилган бўлса-да, ишлар тўхтаб қолган. Ҳужжатлари рисоладагидек бўлган тадбиркорларга компенсация тўловлари берилиши, янги бозордан ижарага жой тақдим этилишига ваъда берилган. Аммо, ҳозирча товон пулидан дарак йўқ дейишмоқда, тадбиркорлар. 

Эски деҳқон бозоридаги ҳолатни ўрганганимиздан сўнг янги қурилган бозордаги ҳақиқий вазият билан танишиш учун у ерга бордик. Янги бозорда кийим-кечак ва бошқа турдаги савдо амалиётлари билан шуғулланишлари учун тадбиркорларга иккита 3 та корпусдан иборат савдо павильонлари қуриб битказилган. Албатта, уларнинг аксарияти бўш. Бироқ 7 гектарлик ҳудудда барпо этилаётган бозорда қурилиш ишлари ҳали якунланмаган. Янгидан барпо қилиниб, фойдаланишга топширилган деҳқон бозори шарт-шароит, саранжом-саришталиги, расталарнинг батартиб жойлангани билан киши эътиборини тортади. 

Лекин бу ерда савдо қилишга қарор қилган тадбиркорлар харидорларнинг камлиги, бунинг оқибатида савдо ҳажмининг тушиб кетгани, бир неча ой мобайнида даромад ўрнига камомадга ҳам рози бўлиб ишлашга мажбур бўлаётганини айтишади. Уларнинг фикрича, эски деҳқон бозори батамом ёпилиб, аҳоли янги бозорга йўналтирилмас экан, аҳвол шу ҳолатда қолавериши, бу ерга кўчиб келган тадбиркорлар савдо камлигидан даромад ўрнига камомад кўриши ва алалоқибат касодга учраши эҳтимоли юқори. Бу эса, бевосита шаҳар бюджетига жиддий салбий таъсир кўрсатиши турган гап.

Биз мазкур муаммолар ечими бўйича изоҳ сўраб Гулистон шаҳар ҳокими Шерзод Исматуллаев билан учрашдик. Унинг сўзларига кўра, эски бозор ҳудудида шаҳар аҳолиси учун кўп қаватли уйлар барпо этилади. Исматуллаевнинг таъкидлашича, айрим фуқароларнинг бозор қурилиши чўзилиб кетаётгани борасидаги эътирозлари ўринли, бу борада камчилик ва муаммолар етарли. Сабабларнинг бир учи моддий имкониятга ҳам бориб тақалади. Аммо бозорни кўчириш ишлари бир неча босқичда амалга оширилади. Ҳокимнинг ишонтиришича, товон пули масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Шу билан бирга, унинг тан олишича, ҳозирча, моддий масалада бирмунча қийинчиликлар бор, имкон бўлди дегунча, ҳар бир тадбиркорга белгиланган пуллар берилади. 

YouTube

Tas-IX

Мавзуга оид