Ўзбекистон | 11:27 / 23.12.2017
14666
4 дақиқада ўқилади
Реклама

«Hamkorbank» ЕТТБ билан 30 миллион доллар қийматидаги шартнома имзолади

Фото: Hamkorbank

21 декабрь куни Тошкентдаги Radisson Blu меҳмонхонасида «Hamkorbank» ҳамда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) ўртасида кичик бизнесни кредитлаш ва савдони молиялаштириш йўналишларида икки томонлама шартномаларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ЕТТБ вакиллари, «Hamkorbank» АТБ Кенгаш раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Имзолаш маросими доирасида 2 та йирик шартнома: кичик бизнесни молиялаштириш (умумий миқдори 20,0 млн. АҚШ долларига тенг) ҳамда савдони ривожлантириш учун (10,0 млн. АҚШ доллари) тегишли келишувлар имзоланди.

Назиржон Қодиров, «Hamkorbank» АТБ бошқарув раиси: 

“Биз ЕТТБ билан ҳамкорликда муҳим бир шартномаларни имзоладик. Мазкур келишув узоқ муддатли дўстона алоқаларимизнинг тегишли давоми, деб ҳисоблаймиз. Икки банк ўртасидаги келишув орқали ажратилувчи 30 млн. АҚШ долларига тенг маблағлар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳисса қўшаётган кичик бизнес субъектларига кредит ажратиш ҳамда уларнинг ташқи савдо алоқаларини янада кучайтиришга хизмат қилади”. 

Фото: Hamkorbank

Маълум бўлишича, савдони молиялаштириш дастури банкга замонавий инструментларни қўллаган ҳолда мижозларнинг ташқи савдо амалиётларини янада фаол молиялаштириш имкониятини беради. Шунингдек, банк томонидан мижозларга тақдим этилаётган маҳсулотлар жозибадорлигини оширишига ҳисса қўшади.

Фото: Hamkorbank

«Hamkorbank» бутун республика бўйлаб 33 та филиал ва 158 та хизмат кўрсатиш шахобчаларига эга бўлиб, бу эса Ўзбекистоннинг барча ерида ва айниқса қишлоқ ҳудудларида ҳам кичик ва микро бизнес субъектларини молиялаштиришда катта хизмат қилади.

Фото: Hamkorbank

Ушбу келишувларни имзолашдан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали минглаб янги иш ўринларини яратиш, экспорт-импорт билан шуғилланувчи бизнес субъектларининг ташқи савдо алоқаларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Фото: Hamkorbank
Фото: Hamkorbank

Ник Тессиман, EТТБ молия ташкилотлари сектори бўйича директор:

“ЕТТБ Савдо дастури «Hamkorbank» жамоасини бугунги шартномалар билан табриклайди. Дастур Ўзбекистондаги маҳаллий хусусий тадбиркорлар учун самарали савдони молиялаштириш ва тажрибалар ўтказиш қобилиятини мустаҳкамлайди. ЕТТБ томонидан ажратилган шартнома «Hamkorbank»нинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятини оширишга ва савдо битимларини амалга оширишда малакани кенгайтиришга имкон беради".

Маълумот ўрнида: «Hamkorbank» АТБ ва ЕТТБ ўртасида ўзаро ҳамкорлик тарихи 2001 йилдан бошланган. Микро ва кичик корхоналарни молиялаштириш йўналишида жами 13,0 млн АҚШ долларига тенг бўлган тўртта кредит келишуви имзоланган. Шунингдек, савдони молиялаштириш соҳасида учта келишув имзоланган. Микро ва кичик корхоналарни молиялаштириш йўналишида кредит линияларини ўзлаштириш давомида ЕТТБ томонидан банкка доимий техник кўмак кўрсатиш дастурлари ҳам амалга оширилган. Техник кўмак доирасида мижозларни кредитлаш жараёнлари, кредитга лаёқатлиги таҳлили модели ҳамда кредит мутахассисларини рағбатлантириш тизимлари ишлаб чиқилган.

Фото: Hamkorbank

«Hamkorbank» АТБ ва ЕТТБ ўртасидаги ушбу келишув ўзаро ҳамкорликни янада янги босқичга кўтариш имконияти беради.

Реклама ҳуқуқи асосида

Феруза Авазова
Тайёрлаган Феруза Авазова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид