Сайловдаги кўзбўямачилик: кимга овоз берилиши олдиндан маълум!
Бугун, 24 декабрь куни Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари аъзоларини сайлаш жараёни ташкил этилди. Шу вақтгача пойтахт туманларининг аҳолиси бундай имкониятга эга эмасди. Конституцияга тегишли ўзгартиришлар киритилган. Эндиликда Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам ўзлари сайлаган вакиллари орқали туманларни бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.
Аммо, сайлов жараёни юқори савияда, шунингдек, ҳар томонлама шаффоф ташкил этилганига ишониш қийин. Гап шундаки, тартибга кўра, 11 туманнинг ҳар бирига 30 депутат сайланиши белгиланган. Шу боисдан, 330та сайлов округи ташкил этилган бўлиб, ҳар бир сайловчи конституциявий ҳуқуқидан эркин фойдаланиши, доимий рўйхатга олинган ҳудудига яқин жойда ташкил этилган сайлов участкасига ташриф буюриши ҳамда муносиб номзод овоз бериши мумкин.
Бироқ, Учтепа туманида жойлашган 26-оилавий поликлиника биносида ташкил этилган, 10-Заковат сайлов округига қарашли 24-сайлов участкасидаги мутасадди вакиллар миллий қонунчилигимиз талабларини очиқчасига бузилишига йўл қўймоқда. Яъни, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида шундай дейилади:
«Ҳар бир фуқаро - сайловчи бир овозга эга».
Аммо, ҳавола этилган манзарада сайловчилар яқин қариндошлари ёки дўстларининг номидан ҳам сайлов бюллетенини саватчага ташлашини, қўлида бир нечта фуқаролик паспорти билан кириб келаётганини кузатиш мумкин.
Қолаверса, сайлов участкасига кираверишда турган МФЙ вакили «2-номзод, Жамолов Ғофур»га овоз бериш кераклигини уқтирмоқда.
Ваҳоланки, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. У ҳолда, табиий савол пайдо бўлади: сайлов ким учун ва нега ташкил этилган?
Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи биносида ташкил этилган 3-Завқий сайлов округига қарашли участкада ҳам шундай вазият юз берган. Сайловчилардан бирининг Kun.uz'га маълум қилишича, сайлов жараёнини ўтказишга масъул этиб тайинланган шахслар «кимга овоз бериш зарурлигини тавсия қилишган».
Айни пайтда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов якунланди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда 1 миллион 188 минг 851 нафар сайловчи иштирок этган. Бу рўйхатга киритилган умумий сайловчиларнинг 76,2 фоизини ташкил этади. Аммо, бу рақамларга қанчалик ишонса бўлади?!
Мавзуга оид
19:45 / 30.11.2024
Хотинининг бармоғини синдирган шахсга оилавий зўравонлик айблови билан ҳукм ўқилди. У Қурилиш вазирлиги мутахассиси бўлган
11:59 / 29.11.2024
Кунлар совияпти: Тошкент шаҳрига ифлос ҳаво яна қайтадими?
21:35 / 28.11.2024
Тошкентда 5 та автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлди
07:32 / 28.11.2024