Ўзбекистон | 22:10 / 09.01.2018
15905
2 дақиқада ўқилади

2018 йилги давлат дастури лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига тақдим этилди. Ҳужжат билан «Тараққиёт стратегияси» Маркази томонидан махсус яратилган 2018.strategy.uz веб-сайтида танишиш ҳамда фикр ва таклифларни билдириш имкони мавжуд. Бу ҳақда «Тараққиёт стратегияси» маркази маълум қилди.

Скрин: «Тараққиёт стратегияси» маркази

Дастур лойиҳаси 237 банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган мурожаатномасида келтирилган асосий ғоя ва таклифлар, шунингдек 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Жамоатчилик муҳокамаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига кўра шу йилнинг 15 январига қадар ўтказилиши режалаштирилган.

Кенг жамоатчилик вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида бўлиб ўтадиган муҳокамалар доирасида турли анжуман ва давра суҳбатлари ташкил этилади. Шунингдек, муҳокамалар ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳам мунтазам ўтказиб борилади. Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамалари натижалари таҳлили ва келиб тушган таклифлар асосида янада такомиллаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ҳам жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилинган эди.

Мавзуга оид