«Барселона» кимни сотиб олди? Танишинг: Йерри Мина
Самуэл Умтитининг кутилмаганда сафдан чиқиши ва Хавьер Маскеранонинг январда жамоани тарк этиши мумкинлиги, ҳозирда майдонга тушаётган Томас Вермаленнинг исталган пайтда жароҳатланиб қолиш одати «Барселона»ни январь ойидаёқ марказий ҳимоячи сотиб олишга ундади.
Асосий номзодлар сифатида Ла Лигада ёки Европада етарли тажрибага эга бўлган Иньиго Мартинес, Кулибали ва Де Лигт тилга олинган бўлишига қарамасдан, клуб «Палмейрас»нинг 22 ёшли колумбиялик ҳимоячиси Йерри Минани сотиб олди. Каталонияликлар футболчи учун 12 миллион евро атрофида пул тўлашди ва футболчи 2023 йилгача клуб билан шартномага имзо чекди. Минанинг товон пули 100 миллион евро деб қайд этилди. Кўп мухлислар ушбу трансфер ҳақидаги расмий хабардан кейингина Мина номини илк бор эшитишган бўлса-да, «Барселона» мухлислари учун бу ном янгилик эмас. Бразилия А Сериясида эса, Мина ҳақиқий юлдуз ва сўнгги мавсумнинг энг яхши ҳимоячиси ҳисобланади.
ЧЎЗИЛИБ КЕТГАН ТРАНСФЕР
Йерри Мина номи «Барселона» мухлисларига таниш деб бекорга айтилмади. Ушбу трансфер гўёки шошилинчдек туюлаётган бўлса-да, аслида Мина ва «Барселона»нинг йўллари кесишиши икки йилга чўзилди.
«Барселона» футболчи билан у Колумбиянинг «Санта-Фе» жамоасида тўп суриб юрган пайтидаёқ қизиққанди. 2016 йилнинг қишки трансфер даричасида Мина «Барселона» билан музокаралар ўтказган. Режага кўра, Мина «Барса Б» таркибига қўшилиб, ўша ерда фаолиятини давом эттириши лозим бўлган. Аммо орага «Палмейрас» қўшилгач, «Барселона»нинг режалари ўзгарди – Колумбия чемпионатидан анча кучли бўлган Бразилия А Серияси Йеррининг ўсиши учун жуда мақбул эди. «Барселона» ва «Палмейрас» ўзаро келишиб олишди – Йерри «Палмейрас» билан шартнома имзолайди, «Барселона» эса, футболчини сотиб олиш учун дастлабки ҳуқуқга эга бўлади.
Минанинг «Барселона»га трансфери ҳақида ўтган ёзнинг бошида музокаралар бошланди. Футболчининг трансфери деярли аниқ бўлиб улгурган, фақат у Либертадорес кубогида ўз жамоасига ёрдам беришни истаётганди. «Палмейрас» ушбу турнирни тарк этиши ҳамоно Минанинг «Барселона» сафидан жой олиши келишиб олинганди. Аммо...
Август ойида бошқа бир «Барселона» бу ишга халақит берди, Эквадорнинг шу номли клубига қарши жавоб ўйинининг 39-дақиқасида Йерри Мина жиддий жароҳат олди ва 3 ойга сафдан чиққани маълум бўлди. Айнан шу жароҳат футболчининг Барселонага кўчиб ўтишига тўсқинлик қилди. Йерри кейинги тўлиқ ўйинини ноябрнинг ўрталарига келибгина ўтказишга муваффақ бўлди. Жароҳатдан сўнг ҳам аста секинлик билан юксак спорт формасига кириб бораётган Мина «Барселона» назаридан қочмади ва ниҳоят, бироз кеч бўлса-да, у ўз орзусига эришди.
СОБИҚ ДАРВОЗАБОН
«У техник томондан жуда яхши шаклланганди, жуда ақлли, майдонни ва вазиятни жуда тўғри ҳис қиларди. Йерри келганида дарвозабон эди, аммо биз марказий ҳимоячига эҳтиёж сезаётганимиз учун, унга ҳимояни бошқаришни тўлиқ топширдим» – деб эслайди Мина ўйнаган «Депортиво Пасто» ёшлар жамоаси мураббийи Фернандо Фигероа.
Мина нафақат ҳимояда, ҳужумда ҳам жуда фойдали ҳаракат қила олади. Тўрт йиллик профессионал фаолиятида у 21 гол уришга улгурди. Колумбия терма жамоаси сафида ҳам атиги 9 ўйинда майдонга тушганига қарамасдан, 3 гол ва 1 голли пас муаллифига айланди. Минанинг бўйи 195 см, шу билан бирга унинг тўп билан яхши муомала қилиши, стандарт вазиятлардаги беназир ўйини «Барселона» ҳимоясини мустаҳкамлабгина қолмай, ҳужумда ҳам хавфли жамоага айлантиради.
«Депортиво» мураббийларидан бири Диего Дульсе Минани қўйидагича таърифлайди:
«У ўз имкониятларини ва устунликларини жуда тўғри фахмлай олади ва бундан фойдаланишни билади. Мина ташқи кўринишидан жуда камтар бўлишига қарамай, ўз олдига юқори мақсадлар қўярди. Ўз ҳолатидан қониқмас, юқори мақсадлар учун ҳаракат қиларди. Бугун унинг «Барселона»да экани ҳам айнан ўша характери туфайли».
ҲАҚИҚИЙ ЕТАКЧИ
Йерри Мина терма жамоа сафига қўшилганига у қадар кўп вақт бўлмаган, лекин шу қисқа вақтда у жамоанинг муҳим бўлагига айланиб улгурди. Буни оддий статистика билан ҳам исботлаш мумкин.
Мина Колумбия терма жамоаси сафида жаҳон чемпионати саралаш босқичида 9-турдан ҳаракат қила бошлади. У иштирок этган дастлабки 5 ўйиндан (9-13 турлар) 3тасида колумбияликлар ғалаба қозонишди, 2 ўйинда эса дуранг қайд этилди. Бу 5 ўйиндан 3тасида дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинди. Айниқса, Уругвай терма жамоасига қарши ўйинда ёш ҳимоячи ўз жамоасига қимматли очколарни олиб келганди. Ўйин тугашига 7 дақиқа қолганида колумбияликлар 1:2 ҳисобида ортда бораётган эди. Мина ҳимоядан туриб тўпни эгаллаган ҳолда, бир ўзи бутун майдон бўйлаб олиб борди ва қанотдаги шериги Куардадога етказиб берди. Мина бу ҳаракат билан тўхтаб қолмай, ўзи жарима майдонига кириб борди ва Куардадонинг узатмасини голга айлантирди.
Мина жароҳат олгач эса, Колумбия кейинги 5 ўйиндан 2тасини ютқазди ва фақат бир ўйинда ғалаба қозонди холос.
ОРЗУЛАР ЙЎЛИДА
Йерри Мина 1994 йилнинг сентябрида, Колумбиянинг Гуачене штатидаги Каука қишлоғида туғилган. Болаликдаги дўстлари билан кўчадаги ўйинларданоқ бўлажак футболчи экани маълум бўлиб улгурган ўғлини Эулис Мина мана шу йўлни танлашга қизиқтирган ва «Америка Кали» машғулотларига олиб келганди. Минанинг ҳақиқий профессионал футболчи бўлиш орзуси 15 ёшида амалга ошмай қолди. Чунки жамоада қолиш учун ўрта мактабни ташлашга тўғри келарди.
Орадан бир неча йил ўтиб, Йерри нинг амакиси Жейр Мина «Депортиво Пасто» клубида тўп суриб юрган Мануэл Сапата билан алоқага чиқди ва жиянини тавсия қилди. Юқорида тилга олиб ўтилган мураббий Фернандо Фигероа ўсмирни ёшлар жамоасига қабул қилиш учун кўп ўйлаб ўтирмади. Бу шарт ҳам эмасди. Ёшлар жамоасида бир қатор ўйинларда майдонга тушгач, Мина тезда ўзини кўрсата олди ва асосий таркиб мураббийи Флабио Торрес ўшандаёқ ёш ҳимоячини ёрқин келажак кутиб турганини сезганди.
У Пасто марказидаги Обреро районида, ўзи каби 15 футболчи билан ётоқхонада истиқомат қиларди. «У жуда сокин ва ақлли эди. Обреро кўчаларида бир ўзи сайр қилишни ёқтирар ва доим келажакда энг чўққига чиқишни орзу қилиб юрарди» – деб эслайди ўша ёшлар жамоасида Мина билан бирга тўп сурган Жованни Руис.
«Пасто»нинг асосий таркибидаги бир мавсум бутун мамлакатнинг у ҳақида гапира бошлаши учун кифоя қилди. Колумбиянинг энг кучли клубларидан бири, пойтахтнинг «Санта Фе» клуби уни ўз сафида кўришни истади. Аллақачон ўзини юқори мақсадларга руҳан тайёрлаб бўлган Йерри Мина у ерда ҳам йўқолиб қолмади. Юқори қаватлардаги беназир ўйини, ишончли ҳаракатлари билан у янги клубининг мамлакат чемпиони ва Суперкубок соҳиби бўлишида муносиб ҳисса қўша олди. Уч йилда у «Санта Фе» таркибида 7 гол муаллифи бўлди ва 5 голга ассистентлик қилди. Марказий ҳимоячи учун бу жуда яхши кўрсаткич эди.
2016 йилда Бразилиянинг «Палмейрас» клуби билан шартнома имзолаган Йерри энди Колумбиянинг энг умидли ҳимоячиларидан бири бўлиб улгурган, аввалига олимпия, кейин эса, асосий терма жамоага номзод сифатида қарала бошлаганди.
Бразилия чемпионатида илк голини «Сантос» дарвозасига урган қаҳрамонимиз илк мавсумдаёқ 6 гол муаллифи бўлди, Бразилия чемпионига айланди. Чемпионатнинг энг яхши марказий ҳимоячиси сифатида эътироф этилди, машҳур El País журнали эса, уни ўтган мавсумда Жанубий Американинг рамзий терма жамоасига киритди.
Унинг «Барселона»га трансфери осмондан тушиб қолган омад эмас, Йеррининг фаолиятида мантиқий давом эди.
Қаҳрамон Асланов тайёрлади
Мавзуга оид
11:50 / 24.11.2024
«Сити» яна 4 та гол ўтказди, «Барса» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024