Ўзбекистон | 23:05 / 15.01.2018
64972
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кафе ва ресторанлар 24 соат ишлаши мумкин

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда ресторанлар ва кафелар махсус сертификат билан кунига 24 соат хизмат кўрсатиши йўлга қўйилади. Бу ҳақда 15 январь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган «Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти» мавзусидаги матбуот анжуманида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Матбуот анжуманида журналистлардан бири Ўзбекистонда ресторан ва қаҳвахоналар кечки соат 23:00гача ишлаши, бу эса сайёҳлар учун ҳам ноқулайликлар туғдириши айтилиб, бу борада ўзгаришларни кутиш мумкинлиги сўралди.

«Ҳақиқатдан ҳам бизнинг Call Center маълумот марказимизга туристлар томонидан ҳам, ресторанлар вакиллари томонидан ушбу чеклов бўйича эътирозлар келиб тушмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов

Биз бу масала устида ишламоқдамиз. Таклифимиз шундай бўлдики, 24 соат ишлашни истайдиган кафе ва ресторанлар хавфсизлик талабларини юқори даражага кўтариши керак. Бу масала ихтиёрий сертификатлаш усулида ечилади. Хусусан, хизмат кўрсатиш муассасаси tourist-friendly тизими талабларига жавоб бериши керак. Бу тизим кўп давлатларда мавжуд. Унга кўра хизмат кўрсатиш муассасида «огоҳлантирувчи тугма» бўлади, у орқали сайёҳ тўғридан-тўғри ИИВ билан боғланиши мумкин. Ресторан ёки кафеда инглиз тилида хизмат кўрсатувчи ходимлар бўлиши, инглиз тилидаги менюлар бўлиши керак. 

Қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақида сизлар билан ҳамкорликда тадбиркорларимизни бу тизим ҳақида таништирамиз. Яқин вақтлар ичида 24 соат давомида ишлайдиган жамоат тановул муассасалари пайдо бўлади, деб ўйлайман», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Мавзуга оид