Спорт | 16:54 / 17.01.2018
19423
10 дақиқада ўқилади

Санчес ва Мессининг улкан маошлари ҳақида

Фото: Marca

«Арсенал» ҳужумчиси Алексис Санчеснинг «Манчестер Юнайтед»га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар билан бирга, чилилик футболчининг у ерда ҳафтаси 350 ёки 400 минг фунт маош олиши ҳақида ҳам маълумот бериляпти. Бу рақам Санчесни АПЛдаги энг кўп маош олувчи футболчига айлантиради.

Санчеснинг Англия чемпионатида энг яхши ўйинчими ёки йўқми, бу жуда мавҳум масала. Аммо бу хабарлар кўпчиликни «Манчестер Юнайтед» футболчи учун ҳаддан зиёд маош тўлаётганига ишонтирмоқда. Зеро, ёзда Санчесга «Манчестер Сити» 290 минг фунт маош таклиф қилган, Санчес бу таклифга рози бўлган. Нега «Юнайтед» кўп ойлик тўлаяпти? Санчеснинг оқибатда «МЮ»ни танлаши унинг пулга қизиқишиданми? «МЮ» ҳар бир футболчига аслидан кўпроқ пул тўлаб ўзига оғдириб оладиган «қоп»ми?

Бундай фикрлар футбол жамоатчилигида жуда кўп айланаётган бўлса-да, аслини олганда, жуда саёз қарашлардир. Вазиятни чуқурроқ ўрганиш, бизга бутунлай бошқа хулосаларни тақдим қилиши шубҳасиз. 

Трансфер қиймати ва маошлар қандай шаклланади?
Аввало, клублар футболчининг трансфер қиймати ва маошига бутунлай бошқача томондан қарашини эътиборга олиш жуда муҳим. Клуб томонидан бир футболчига қилинган харажат алоҳида трансфер қиймати ёки маош шаклида таҳлил қилиниши нотўғри. Аслида бир футболчи учун қилинган барча харажатлар ўша футболчининг шартнома муддатига тенг тақсимланган ҳолда, харажатлар балансида акс эттирилади.

Мисол учун, бир футболчи 40 миллион фунтга трансфер қилинда ва унга йиллик 10 миллион маош билан 4 йиллик шартнома имзоланди. (40+10х4)/4 = 20 миллион фунт – бу клуб томонидан ўша футболчига қилинган бир йиллик харажатдир. Биринчи йил 20 миллион фунт, иккинчи йил яна 20 миллион фунт, шу тариқа харажатлар ҳисоб-китоб қилиб борилади ва клубнинг молиявий фаолиятини қайд этилади. Молиявий «фэйр-плей» текширувларида ҳам худди шу шаклда йиллик харажатлар инобатга олинади, маълум трансфер бозорида қилинган трансферлар қиймати эмас. Ҳатто баъзи клублар трансфер тўловини худди шу шаклда, йилма йил тўлаб бориш бўйича ҳам келишишга муваффақ бўлганликларини ҳам кўрамиз. 

«Сити» кўпроқ тўлайдими ёки «Юнайтед»?
Энди Алексис Санчес масаласига қайтамиз. Хўш, футболчи учун «Манчестер Сити»нинг ёздаги таклифи билан «Юнайтед»нинг январь ойидаги кутилаётган трансфери ўртасидаги фарқ қанақа? Ҳа, Санчеснинг маоши сезиларли ошгани тайин, аммо клублар томонидан қараганда, ким кўпроқ харажат қилиши кўзда тутилганди?

«Манчестер Сити» ёзда Санчес учун «Арсенал»га 60 миллион фунт тўлашга рози бўлган. Футболчи учун белгиланган маош йилига 15 миллион фунт. Шартнома 4 йилга мўлжалланганди.

Демак, «Манчестер Сити» Алексиснинг 4 йили учун 60+15х4=120 миллион фунт харажат қилиши кўзда тутилганди. Бир йилга 30 миллион фунтдан тўғри келмоқда.

«Манчестер Юнайтед»нинг Санчес трансфери агентларга бериладиган пулни ҳам қўшсак, 40 миллион фунтга баҳоланмоқда. 350 минг фунт ҳафталик ойлик бир йилга 18,5 миллион фунт бўлади. Ярим йил ўтганини эътиборга олсак, 3.5 йиллик шартнома «МЮ»га 40+18.5х3.5=104,8 миллион фунт. Ҳар бир йил учун бу ерда ҳам 30 миллион фунтдан тўғри келмоқда.

Қишга келиб, «Манчестер Сити» ёздаги таклифидан воз кечгани ва таклифни пасайтиргани («Сити» футболчи учун энди 20 млн фунт, 290 минг фунт ҳафталик маош таклиф қилган) табиий. Жамоа Сане ва Стерлинг мисолида Санчес тўлдириши керак бўлган кемтикни ёпиб бўлди ва унинг Санчесга муҳтожлиги «МЮ» каби эмас. Бундай қарашлар табиий, масалан, ҳозир қайсидир клубда супердарвозабон чиқса-ю, ҳамма клублар уни сотиб олишни истаса, «Сити» «МЮ»дан кўра, кўпроқ пул таклиф қилиши табиий ҳол. Бу ерда жамоалардан бири пулни кўп сарфлайди, бошқаси кам деб алоҳида ажратиш нотўғри.

Трансфер қиймати маошни оширади ёки камайтирадими?
Футболчининг трансфер қиймати қанчалик камайган сари, унинг маоши шу қадар ортиб боради. Чунки яхши футболчи учун қилинадиган йиллик сарф ўртача миқдорда деярли ўзгармай қолаверади – клублар трансфер учун қанча кам тўласалар, маош белгилашда шунчалик сахий бўла олишади. Агар Алексис Санчес эркин агент сифатида текинга ўтганида, бемалол 400-500 минг фунт ҳам маош талаб қилиши мумкин бўлар, клуб ҳам албатта, бунга рози бўларди. Чунки у ҳолда трансфер учун 40 миллион фунт сарфламаган «МЮ» ўша пулнинг ярмини Санчеснинг маошига қўшиши, якунда бугунги сарфдан ҳам камроқ харажат билан чиқиши мумкин бўларди.

Шу ўринда бир қатор саволлар туғилади.
Хўш, Санчес ёзгача «Арсенал»да қолиб, ёзда эркин агентга айланиб, янада каттароқ маошга эга бўлса бўлмасмиди?

Йўқ, бунга икки сабаб бор. 
Биринчидан, ёзда ҳар қандай клуб учун Санчесдан бошқа вариантлар ҳам бўлади. Санчеснинг бу қадар қиммат баҳоланаётганига сабаблардан бири, унинг ЕЧЛда ўйнамаганлигидир. Яъни «МЮ» уни бемалол ЕЧЛ плей-офф ўйинларига тушириши мумкин. Мана шундай имконият берадиган юқори малакали юлдузлар кўпми? Унча кўп эмас. Ёзда эса, мавсум ҳали бошланмаган бўлади ва ҳар қандай юлдуз футболчи Санчес билан бир хил ҳолатда бўлиб қолади. Санчеснинг бугунги йиллик нархини 30 миллион деб баҳолаётган бўлсак, ёзда бу рақам пасайиши мумкин.

Иккинчидан, футболчининг ўзи спорт формасини йўқотиши ёки жароҳат олиши мумкин. Натижада, унга бўлган бугунги талаб пасайиши табиий. Бу ҳам ўзига яраша таҳликадир. Ҳар қандай футболчи энг мақбул пайтда савдонинг амалга ошишини ва яхши маошга эга бўлишини истайди.

Жамоадаги бошқа футболчиларга Санчеснинг ҳаммадан кўп олиши таъсир қилмайдими?  
Йўқ. Юқорида айтилганидек, клуб томонидан футболчи учун қилинган харажатларнинг акс этишида маошни алоҳида ажратиш муҳим эмас. Санчеснинг Погбадан кўпроқ маош олиши замирида унинг «Арсенал» билан янги шартнома имзоламай, трансфер қийматини туширгани ётганини ҳамма билиб туради. Погбага 90 миллион фунт трансфер қиймати тўлаган «МЮ» унга берилаётган маош билан бирга йилига 38 миллион фунт сарф қилаётганини, Санчес эса, нисбатан арзон тушаётганини ҳисоблаш қийин эмас. Футболчилар бу жиҳатлар ҳақида етарлича маълумотга эгалар ва жамоадошларининг маоши қайси омиллар ва ҳисоб-китоблар ҳақида юзага келаётганини фаҳмлай оладилар. Шунчаки, бир жамоадаги икки футболчининг маошини тўғридан-тўғри солиштириш тўғри хулосани тақдим этмайди барибир.
 
«Манчестер Юнайтед» бир қоп пулми?
Нафақат «МЮ», балки бошқа барча топ клубларда маошлар анча юқори бўлса-да, уларнинг шаклланиши томонидан бутунлай бошқача картинани кўриш мумкин.

Юқоридаги жадвалда инглиз клубларининг маош харажатлари умумий айланмага нисбатан фоизда акс эттирилган. Кўриб турганингиздек, АПЛнинг барча топ-клублари бу жадвалда пастки ўринларни банд этишади. Аксинча, кам даромад қиладиган клублар учун маошларнинг юки янада оғирроқ эканини кўриш мумкин.

Уэйн Руни, Бастиан Швайштайгер, Златан Ибраҳимович (қисман) каби катта маош оладиган футболчилардан қутулган «МЮ»нинг бу йўналишда ўзини бемалол ҳис қила олишини тушуниш мумкин. 

Мессининг янги шартномаси ҳақида
«Барселона» футболчиси Лео Мессини шунчаки, сарлавҳага, одам жалб этиш учун қўшмадик. Аргентиналик футболчининг янги шартномаси ҳақида ҳам жуда кўп гап бўлаётгани, унга таклиф қилинаётган 100 миллион евро ақлдан озган кишиларнинг қарори экани ҳақида ҳам фикрлар оз эмас.

Айтиш керакки, Месси «Барселона» футболчиси ҳисобланади ва у билан янги шартнома тузилишини ҳам гўёки бир трансфер сифатида қараш ҳам мумкин. Шу томондан қараганда, клубнинг бу маошни тўлашга рози бўлиши мантиқан у қадар хато иш эмаслигини кўриш мумкин. (Аслида йиллик маош 70 миллион евро, қолган қисмини эса, Мессининг клубда қолиши учун тўланадиган мукофот ва бадал пуллари ташкил қилади).

Келинг, оддий арифметика билан шуғулланиб кўрамиз. Тасаввур қилинг, клуб Месси билан янги шартнома тузишга рози бўлмади ва футболчи ёзда жамоани тарк этди. «Барселона» Мессига янги ўринбосар топишга тўғри келади. Хўш, Месси даражасидаги футболчилар неча пул? Бошқа Месси йўқ, лекин Неймарнинг 222 миллион евро, Коутиньонинг 160 миллион евро бўлганини, ёзда нархлар яна ошишини эътиборга олсак, 250 миллион евро Месси каби футболчи учун нормал нарх. «Барселона» ўша шартли «Янги Месси» учун 250 миллион евро трансфер нархини тўлайди. «Ҳақиқий Месси» шу пайтгача 40 миллион евро маош олиб келганини ҳам эътиборга оламиз. «Янги Месси»га ҳам шу маошни тўласак, у учун бир йиллик харажат (250+40х4)/4 = 102.5 миллион еврони ташкил қиляпти. 

Яъни «янги Месси»ни қидириб топиш, унинг клуби билан музокараларни ўтказиш, уни «Барселона»да худди эски Мессидек ўйнаб кетишини таъминлашдан кўра, Мессини олиб қолиш клубга фойдалироқ ёки арзонроққа тушмайдими?   

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид