Жаҳон | 10:56 / 18.01.2018
32731
2 дақиқада ўқилади

Америкалик сенаторлар Алишер Усмоновни санкциялар ҳақидаги маърузага киритишни таклиф қилишди

Фото: Reuters

Америкалик сенаторлар гуруҳи 17 январда АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг номига “Америка душманларига санкциялар ёрдамида курашиш тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш доирасида махсус маърузани тайёрлашда Россия бош прокурори Юрий Чайка ва тадбиркор Алишер Усмоновга эътибор қаратиш таклифи билдирилган мактуб йўллашган.

“Биз Россия президенти Владимир Путинга яқин одамлар қаторидан бўлган, Россия ва дунё матбуотидаги хабарларга ҳамда коррупцияга қарши терговлар олиб борувчилар баёнотларига кўра, кўплаб коррупция ҳолатларига аралашган шахсларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Улар тузган баъзи битимлар АҚШ фуқаролари ва компанияларига таъсир қилган, бу эса хорижий коррупцияга қарши қонуннинг бузилиши мумкинлигидан дарак беради”, дейилган мактубда.  

Ушбу мактубни сенаторлар Марко Рубио, Линдси Грэм, Рожер Уикер ва Кори Гарднер имзолашган. Мактуб матни Уикер сайтида жойлаштирилган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Чайка ва Усмонов Россия раҳбарияти билан боғланган ва шу сабабли номлари давлат департаменти тайёрлаётган санкциялар ҳақидаги маърузага киритилиши керак.

“Сиз Россия расмий шахслари ва олигархлари томондан амалга оширилаётган коррупция ҳолатлари ҳақидаги барча хабарларни синчков ўрганасиз, деб ишонамиз”, деб айтилган мактубда. 

АҚШ конгресси 2017 йилда “Америка душманларига санкциялар ёрдамида курашиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилган. Қонунга кўра, АҚШ давлат котиби, молия вазири ва миллий разведка директори 2018 йил январи охиригача конгрессга Россия раҳбарияти билан яқин алоқаларга эга шахслар рўйхатини тақдим қилишлари ва бу шахсларга санкциялар киритиш мумкинлигига баҳо беришлари керак. 

Мавзуга оид