Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат бюджетини шаффоф тақсимловчи янги тизим йўлга қўйилади

Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба давлат бюджетларини шаффоф тақсимлашда янги механизмдан фойдаланилади. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шерзод Кудбиев «Давлат ва жамият бошқарувида фуқаролар иштирокини таъминлашнинг устувор вазифалари: илғор ғоялар, инновация ва технологиялар» мавзуида халқаро анжуман вақтида маълум қилди.
Ҳокимнинг қайд этишича, 2018 йилда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти илк маротаба «Обод уй» тизимини йўлга қўяди. Мазкур тизим информацион технологиялар асосида ишловчи Мирзо Улуғбек тумани фуқаросининг электрон картаси бўлиб, у шаффоф жараённи таъминлашда ёрдам беради.
«Давлат бюджетида қанча маблағ тўпланади? Улар қаерга йўналтирилади? Маблағ қаердан йиғилади? Қандай пудратчилар аҳолининг масалаларини ҳал этишга сафарбар этилади? Нима учун бир хонадон яшаш шароитидан мамнун, иккинчиси эса норози? Биз давлат идораси сифатида мана шу асосий саволларга очиқ ва аниқ жавоб беришимиз зарур. Янги тизим мана шу механизмларнинг амалга оширилиш жараёни шаффофлигини таъминлашга ёрдам беради», дейди ҳоким.
Қайд этиш лозимки, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали аҳоли билан бевосита мулоқотни жорий қилган бўлиб, у ерда янги ташаббуслар, ғоялар муҳокамага қўйилади.
«Биз Facebook'даги саҳифамиз орқали бир нарсага амин бўлдик: ҳокимият кўпроқ аҳамият қаратаётган айрим масалалар фуқаролар учун биз ўйлаганимиздек муҳим эмас экан. Уларни мутлақо бошқа муаммолар қийнашини тушундик. Биз янги тизимни янада мукаммаллаштирамиз. Барчани ижтимоий тармоқдаги сўровномаларда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз», дея қўшимча қилди Шерзод Кудбиев.
Мавзуга оид
17:46 / 17.02.2025
Давлатга қарашли бир қатор йирик компаниялар январда солиқ тўлашни қисқартирди
12:11 / 08.01.2025
2024 йилда солиқ тушумлари қарийб 200 трлн сўмга етди
13:45 / 07.01.2025
Амалдорларга хизмат автомобиллари, мебел ва офис жиҳозлари харидини камайтириш буюрилди
15:30 / 01.09.2024