Ўзбекистон | 09:09 / 20.01.2018
11742
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий бюджет нималарга сарфланади? Ҳокимият аҳоли билан очиқ мулоқотда

Фото: Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шерзод Кутбиев/Kun.uz

Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шерзод Кутбиев аҳолини Facebook ижтимоий тармоғидаги очиқ мулоқотларда фаол иштирок этишга чақирмоқда. Ҳоким "Давлат ва жамият бошқарувида фуқаролар иштирокини таъминлашнинг устувор вазифалари: илғор ғоялар, инновация ва технологиялар" халқаро анжуманидаги нутқида эндиликда маҳаллий бюджетни тўғри тақсимлаш учун халқнинг ўзи бу жараёнда бевосита иштирок этишини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради. 

Ҳоким Мирзо Улуғбек туманининг 2018 йилдаги маҳаллий бюджетининг параметрларини қайд этиб ўтди. Унга кўра, даромадлар қиймати - 142,6 миллиард сўм, харажатлар қиймати эса 142,6 миллиард сўмни ташкил этади. 

2017 йилнинг 4-чорагида маҳаллий бюджет даромадларининг прогноз кўрсаткичларининг (эркин қолдиқ шаклида) бажарилган қисми 5,8 миллиард сўмни ташкил этди. Ҳокимият бу маблағни қуйидаги мақсадларга йўналтиришни режалаштирган:

– туман ободонлаштириш бошқармасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш (1,7 млрд. сўм);
– Қорасу-6 даҳасидаги маҳаллий йўлларни капитал таъмирлаш (1,1 млрд. сўм);
– Ҳамид Олимжон майдони ҳудудини ободонлаштириш (0,4 млрд. сўм);
– Мактаб, мактабгача таълим муассасалари, халқ таълими бўлими ва мактабгача таълим муассасалари бўлимларини таъмирлаш ҳамда моддий-техника билан таъминлаш (0,5 млрд. сўм);
– Касалхоналарни моддий-техник таъминлаш (0,3 млрд. сўм);
– аҳолининг ҳимояга муҳтож қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлаш (0,3 млрд. сўм);
– бошқа харажатлар (0,5 млрд. сўм).

Юқоридаги харажатларни амалга оширгандан сўнг, ҳокимият ҳисобида яна 1,0 млрд. сўмгача маблағ қолади. Шу сабабли, ҳокимият сўровнома ўтказиб, аҳолининг фикрини ўрганиб чиқмоқда.

Феруза Авазова
Тайёрлаган Феруза Авазова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид