Сирдарё вилояти ҳокими газ ва ичимлик сувидаги муаммолар ҳақида гапирди
KUN.UZ таҳририяти Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев билан очиқ мулоқот ўтказди. Мирзаев суҳбат давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, табиий газ, кўмир ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича маълумот берди.
«Табиий газ, кўмир ва суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи бўйича кузда алоҳида дастур асосида ишладик. Бизда нафақат 100 фоиз аҳоли, балки халқ таълими соҳаси ҳам, бошқа соҳалар ҳам қаттиқ ёқилғида иситилади. Халқ таълими соҳаси учун жами 5473 тонна, шундан 3058 тоннаси кўмир ва 2415 тонна кўмир брикети - амалда 3628 тонна, шундан кўмир 3058 тонна, юз фоиз олинган, брикетни эса 64 фоизга қопладик. Вилоят аҳолисига 11 минг тонна кўмирни таъминлаб беришимиз керак эди, шуни биз 7 минг тонна кўмир, 4 минг тонна кўмир брикети маҳсулоти захираси билан таъминладик. Мактаблар бўйича… Бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Бир йилда ҳаммасини қила олмадик, лекин ишларни фаоллаштирамиз. Ҳозирда бир тадбиркоримиз Қозоғистон ва бошқа давлатлардан писта кўмирни тўғридан-тўғри олиб келяпти.
Ўтган йили газ таъминоти бўйича бор-йўғи 9 км газ қувури мукаммал таъмирланган, 18 км жорий таъмирланди, 1550 дона газ тақсимлаш нимстанцияларида тафтиш ўтказилди. Бизда газдан кўп жойларда ноқонуний равишда фойдаланишган. 6,5 – 7 миллиард сўмлик қарзга эгалар ҳам бор. Тадбиркорлар, республика касаба уюшмаси кам таъминланган оилаларга бу борада ёрдам бермоқда.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик яхши кўрилди, лекин баъзи муаммолар учраб турибди. Бундан ташқари, газнинг ҳамма қувурлари ернинг тагидан олиб ўтилган, бу ҳам Сирдарё шароитига тўғри келмас экан. Биринчидан, сизот сув яқин. Иккинчидан, шўр, шу сабабдан қувур тез коррозицияга учрайди. Кўп жойларда ернинг устига олиб чиқиш бўйича топшириқ бердик.
Тоза ичимлик суви бўйича ҳам ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Сабаби, биринчидан, ҳамма жойда ҳам сувларимиз сифат жиҳатидан талабга жавоб бермайди. Иккинчидан, сув бўйича чўл туманларимизда энг оғир вазият – Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод. Ховосдаги масалалар эса ечилмоқда, сувни ўша томондан олиб келмоқдамиз. Ўтган йили 7 километрга сув тармоқларини тортдик – бу фақат ички қишлоқларга. Агарда, шуни бу йил камида 3-4 баробарга кўтарсак, натижалар яхшиланади, деб ўйлайман. Бунга кўп харажат ҳам кетмайди – оддийгина бир минора ва бир насос. Сув таъминотини яна 20 фоизга яхшилаймиз», - деди Ғ.Мирзаев.
Мавзуга оид
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024
Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди
12:00 / 26.10.2024