Фан-техника | 14:40 / 28.01.2018
6846
2 дақиқада ўқилади

Ford ҳайдовчисиз полиция автомобилини патентлади

Фото: Ford

Ford янги бизнес-модель устида ишлаш учун икки компанияни қўлга киритгани ҳақида эълон қилди — Autonomic ва TransLoc. Ушбу бизнес-модель одамларни ташиш ва товарларни етказиш учун мўлжалланган автоном транспорт ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Digital Trends шу ҳақида маълум қилди.

Ҳайдовчисиз қурилмалар Ford'га турли сервислар учун қўллаш ва кейинчалик хизмат кўламини кенгайтириш мумкин бўлган қулай ва мобил транспорт инфратузилмасини яратишга ёрдам беради. TransLoc компаниясининг дастурий таъминоти янги транспорт тизимидаги асосий бўғин бўлади, зеро у автомобиллар учун оптимал йўналишларни белгилаш имконини беради. Компания шунингдек Transportation Mobility булут сервисини ишлаб чимоқчи, унинг ёрдамида транспорт ва шаҳар инфратузилма объектлари бир-бири билан осон ва қулай алоқада бўлади. 

Бундан ташқари, ҳайдовчисиз технологияларни полиция машиналарига нисбатан ҳам қўллашмоқчи. Ҳар ҳолда, Ford шундай патентга ариза берган. Автоном полиция машиналари ходимлар ҳаётига хавф солмай, қоидабузарларни кузатиш имконини беради. Янги дастурий таъминот ҳайдовчилик кўникмалари сабаб қўлга олиш қийин бўлган юқори тезликда ҳаракатланаётган қоидабузарлар йўналишини олдиндан ҳисоблаб чиқиши мумкин.

Сунъий интеллект ҳайдовчисиз полиция машиналарига қоидабузарларни яхшироқ кузатиш, уларга тезроқ етиб олиш имконини беради. Бу жараёнда полиция ходими ҳайдовчи креслосида ўтириши, лекин уни мустақил бошқармаслиги мумкин. 

Албатта, патентга ариза бериш 1-2 йилдан кейин шундай патруль машиналарининг йўлларда пайдо бўлишини кафолатламайди. Компания шунчаки рақибларда шундай ғоянинг пайдо бўлиш ҳолатларининг олдини олиб қўймоқчи. 

Узоқ вақт айнан Ford ҳайдовчисиз технологиялар бозорида етакчи ҳисобланган. Бироқ General Motors ўзининг дадил  режалари ва бизнес-стратегияси сабаб компанияни биринчи ўриндан сиқиб чиқарди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид