Жамият | 12:42 / 01.02.2018
35320
3 дақиқада ўқилади

Ишга олиш “баҳоси”

Фото: KUN.UZ

Фуқаронинг аризаси бўйича ўтказилган тадбирда пора талаб қилиб олган мактабгача таълим муассасасининг раҳбари жиноят устида ушланди. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Мукаррамхон Абдимўминова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли, Қувасой шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларидан бирининг мудираси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган. Муқаддам судланмаган. Маълум бўлишича, у билан бир маҳаллада яшовчи аёл мудирага бошланғич таълим бўйича ўрта-махсус маълумотга эга қайнсинглисини боғчага тарбиячиликка ишга олишини илтимос қилади. “Ҳозир бўш иш жойи йўқ”, дея жавоб олганидан кейин ҳам бир неча марта учрайди. М.Абдимўминова эса “бир неча кундан кейин бир тарбиячи ҳомиладорлик таътилига чиқиб, иш ўрни бўшайди, қайнсинглингиз мен билан кўришсин”, дея тайинлайди.

Шундан сўнг фуқаро Ҳалимахон Саиджонова мудира билан ишхонасида гаплашади. М.Абдимўминова ишга кириш учун 400 АҚШ доллари бериши кераклигини “тушунтиради”. Ҳ.Саиджонова “ишсизлигим боис учма-уч яшаб турибмиз, бунча пул топишим амру-маҳол”, дегач, ишга қабул қилиш нархини икки баробар камайтиради. Ҳ.Саиджонова мудирани ишлаб туриб, “рози қилишга” кўндиради ва муассасада тарбиячи бўлиб иш бошлайди. 

Бир ой ўтар-ўтмас, мудира “қарзи”ни узиб қўйишни сўрайди. “Қарз”ни тўлаганидан кейин расман ишга қабул қилиниши ҳақида буйруқ чиқаришини айтади. Ноилож қолган Ҳ.Саиджонова 100 АҚШ доллари келтириб беради. Мудира “қолганини ҳам тўлаб қўйинг”, дея қисти-бастига олаверади. “Берсанг бердинг, бўлмаса, ўрнингга бошқа тарбиячини ишга оламан”, деганидан сўнг Ҳ.Саиджонова СВОЖЖДЛҚК департаментининг Қувасой шаҳар бўлимига мурожаат этади.

М.Абдимўминова айбига тўлиқ иқрор бўлди. Суд унга қилмишига яраша жазо тайинлади.

Мавзуга оид