Ўзбекистон | 01:04 / 06.02.2018
21727
3 дақиқада ўқилади

Балиқчилик соҳаси ривожлантирилади — ТошДАУда балиқчилик йўналиши бўйича сиртқи бўлим очилади

Фото: Jizzax.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018 йилда балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3505 сонли қарори имзоланди.

Сўнги йилларда Ўзбекистоннинг ички бозорини сифатли ва арзон балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш, маҳсулотнинг талабгир турларига нархларни бир маромда ушлаб туриш бўйича қатор ишлар амалга оширилиб келмоқда. Жумладан, мамлакат миёқсида 3 мингдан зиёд балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.

Энди Президент қарорига кўра, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда балиқ етиштириш ҳажмини ошириш учун чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, балиқчиликни илмий асосда ташкиллаштириш, Ўзбекистонда балиқ етиштириш ҳажмини инновацион технологияларни кенг жалб этиш йўли билан ошириш, балиқчилик соҳасида озуқа базасини кенгайтириш, балиқни овлаб тутишни ташкиллаштириш, балиқчилик хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун уларни айланма маблағлар билан таъминлаш сингари соҳани ривожлантириш учун устувор вазифалар белгилаб олинмоқда.

Республика бўйича 2018 йилда сунъий сув ҳавзаларида 103,4 млн, табиий ҳавзалар ва сув омборларида 29,8 млн, тўрҳалқа қурилмаларида 15,3 млн, сунъий қурилмаларда 17,2 млн, ёпиқ циклли сув таъминотига эга қурилмаларда 4,8 млн ва шолизорларда 35,1  млн — жами 205,6 млн дона балиқ кўпайтирилади.

2018 йилда балиқ етиштиришнинг прогноз параметрларига кўра республикада 150 минг тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда. Бундан сунъий сув ҳавзаларида 74.785 т, табиий ҳавзалар ва сув омборларида 33.815 т, тўрҳалқа қурилмаларида 13.290 т, сунъий қурилмаларда 7.900 т, ёпиқ циклли сув таъминотига эга қурилмаларда 4.800 т ва шолизорларда 15.410 т етиштириш назарда тутилган.

Энг кўп балиқ Тошкент вилоятида — 20.125 т, Қорақалпоғистон Республикасида — 20.000 т, Айдар-Арнасой кўллар тизимида — 18.845 т, Сирдарё вилоятида — 13.645 т  ва Навоий вилоятида — 10 минг тонна етиштирилади.

Республика бўйича 2018 йилда балиқчилик хўжаликларига 186.266 т омихта ем, 26.100 т минерал ўғитлар етказиб бериш назарда тутилмоқда.

Қарорга кўра, балиқчилик саноатини ривожлантириш учун Хитой, Вьетнам, Индонезия ва бошқа давлатлардан тажрибали хорижий мутахассислар жалб қилинади.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва унинг Нукус филиалида балиқчилик таълим йўналиши бўйича сиртқи бўлим ҳам очилади.

 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид