Спорт | 18:40 / 09.02.2018
24528
2 дақиқада ўқилади

Фото: Россиялик спортчилар қишки Олимпиадада Россия байроғисиз

9 февраль куни Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида қишки Олимпиаданинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда россиялик спортчилар Халқаро олимпия қўмитаси қарорига кўра, Россия байроғи остида чиқиш қилишмади.

Россиялик спортчиларнинг олимпиадада қатнашишга рухсат берилган қисми маросимда Олимпия байроғи остида чиқиш қилиб, стадионни бир қур айланишди. Уларнинг устида кулранг пальто, бошида оқ шарф ва шапкалар бўлди.

Россия термаси «Россиялик олимпия спортчилари» номи остида турнирда қатнашади. Бундай вазият 1992 ҳам кузатилган, ўшанда собиқ СССР вакиллари «Бирлашган жамоалар» номи билан олимпия байроғи остида чиқиш қилганди.

Бу сафар Олимпиадада Россия мадҳияси янграмайди, унинг ўрнида олимпия мусиқаси эшиттирилади.

Олимпиадада иштирок этишга ҳақли деб топилган россиялик спортчилар алоҳида комиссия текширувидан ўтди. Улар шу вақтга қадар допинг билан боғлиқ масала шубҳасида кўрилмаган бўлиши керак эди. Олимпиада олдидан бу спортчилар ХОҚ талаби билан тест топширишган.

Россия Олимпия Қўмитасининг ХОҚдаги аъзолиги вақтинча тўхтатилган. Ташкилот Пёнгчангдаги Олимпиаданинг ёпилиш маросими олдидангина аъзоликка қайтарилиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид