Жамият | 12:48 / 09.02.2018
60718
4 дақиқада ўқилади

​Қўқон бозорининг эгаси ким? Суд иши бошланди

Фото: Иллюстратив фото

7 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида Қўқондаги машҳур бозор – “Истиқлол” савдо комплекси юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёнлари бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Мазкур жиноят иши Раҳмат Сулаймонов ва Рустам Сулаймоновларга нисбатан тергов қилиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисм “а” ва “г” бандлари (туҳмат), 165-моддаси 3-қисм “а” банди (товламачилик) ҳамда 168-модда 3-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан айблов эълон қилинган.

Маълум бўлишича, Қўқон шаҳар Закий Валидий кўчаси 1-“А” уйда жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлар дастлаб Алишер Сулаймонов номига расмийлаштирилган. Бу жой болалар боғчаси сифатида фаолият юритиши назарда тутилганди, аммо Алишер ва унинг оиласи бу ҳудудда бозор ташкил этган.

Воқеанинг қисқача тафсилотлари қуйидаги сўзлар орқали Алишер Сулаймонов томонидан ҳикоя қилинади:

Алишер тадбиркорликнинг бошланишида амакиси Бахтиёр Сулаймоновнинг тавсияси асосида Раҳмат Ғаниев билан ҳамкорликни бошлайди. Раҳмат Ғаниев ёш ишбилармон йигитга қулай таклиф билдириб, мол-мулкнинг ярмини 200 минг АҚШ долларига харид қилиши, келгусида ҳамкорликда бозорни қайта қуриши ҳақида фикр билдиради. Алишер келишув ортидан Раҳмат Ғаниевдан 100 минг АҚШ доллари олганини баён қилди.

Алишернинг сўзларига кўра, кейинчалик қариндоши Раҳмат Сулаймонов ўзига тегишли корхонага Алишерни чақиртириб, бозор жойлашган ерни ўз номига ўтказиб беришини айтиб, босим ва таҳдидларни бошлайди ва бундай босим натижасида Алишер нотариус орқали бозорни қариндошининг номига ўтказиб беради.

Бундан хабар топган собиқ шерик Раҳмат Ғаниев эса Алишердан 100 минг АҚШ долларини қайтариб беришини талаб қилади.

Алишер Сулаймонов бу пулларни уни қўрқитиб, ерни ўз номига расмийлаштириб олган Раҳмат Сулаймоновнинг акаси Рустам Сулаймонов орқали бериб юборганини, аммо Рустам ака пулни етказмаганини иддао қилмоқда.

Юқорида тасвирланган барча ҳолатлар Алишер Сулаймоновнинг сўзларидан келиб чиққан. Аммо судланувчилар Раҳмат Сулаймонов ва Рустам Сулаймонов бу важларни рад қилиб, воқеа аксинча бўлгани ҳақида айтишмоқда.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Зироатхон Махсумова (Рустам ва Раҳматнинг синглиси) аслида Алишер уларнинг олдига мулкни сотиб олишларини сўраб, ўз оёғи билан келгани, гўёки қариндоши Аббосхон ва онасининг маслаҳатлашувидан сўнг, Ғаниев билан алоқани узиши ҳақида таъкидлаган. Зироатхоннинг айтишича, воқеа аслида бошқача бўлган: Ғаниев ва Алишер ўртасида ҳеч қандай 100 минг АҚШ доллари олди-берди бўлмаган. 

"Мулк Раҳмат акам номига ўтиши билан, Раҳмат Ғаниев Алишердан гўёки, ишларни бошлаш учун берган 100 минг АҚШ долларини талаб қилди. Аввал, Алишер буни туҳмат атаб, дастлабки барча судларда кўрсатма берди. Вазият шунчалар чигаллашиб кетдики, кейинчалик жияним Алишер Сулаймонов Раҳмат Ғаниев билан битта кемага чиқиб олишди", дейди у.

Маълумот учун, Қўқон шаҳридаги “Истиқлол” савдо комплекси айни пайтда судланувчи Раҳмат Сулаймоновга тегишли бўлиб, унда 500 дан ортиқ тадбиркор фаолият юритади.

Воқеанинг батафсил тафсилотлари ва асл ҳақиқат суд жараёнларида маълум бўлса ажаб эмас... . Бизни кузатишда давом этинг.

Мавзуга оид